АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинлик ҳолатини ижобий баҳолади – Диний қўмита

Давлат департаменти диний эркинликларнинг жиддий бузилишига йўл қўйган мамлакатлар рўйхатига Ўзбекистонни киритмагани ижобий ҳол сифатида баҳоланди. 

АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик борасида ижобий ўзгариш қилмаган «Махсус кузатувдаги мамлакатлар» рўйхатига киритмади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Дин ишлари бўйича қўмитаси маълум қилди. 

Қайд қилинишича, АҚШ давлат департаменти Конгресс томонидан 1998 йилда қабул қилинган «Халқаро диний эркинлик» тўғрисидаги қонунга дунё мамлакатларининг қай даражада амал қилиб бораётганини мониторинг қилади. Диний эркинлик борасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилмаган мамлакатлар «Махсус кузатувдаги мамлакатлар» рўйхатига киритилади. 

Диний қўмитанинг таъкидлашича, Ўзбекистон мазкур рўйхатдан 2020 йилда чиқарилган. Шунингдек, 2023 йилги рўйхатга киритилмаган. 

«4 январ куни АҚШ Давлат департаменти 2023 йил натижаларига кўра эълон қилган расмий баёнотида Ўзбекистоннинг «Махсус кузатувдаги мамлакатлар» рўйхатига киритилмагани ижобий ҳол, албатта», дейилади қўмита баёнотида. 

Давлат департаментининг 2023 йилги ҳисоботида Мянма, Хитой, Куба, КХДР, Эритрея, Эрон, Никарагуа, Покистон, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Туркманистон «диний эркинликнинг ўта жиддий бузилишига йўл қўйгани» учун «алоҳида ташвишли давлатлар» сифатида баҳоланган. 

Бундан ташқари, Жазоир, Озарбойжон, Марказий Африка Республикаси, Қамар ороллари ва Виетнам диний эркинликларнинг жиддий бузилишида иштирок этаётгани учун «махсус кузатув рўйхатига» киритилган. 

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech