Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2023 йил 6 февралдаги резолюциясига асосан бутун дунёда 17 февраль – Умумжаҳон барқарор туризм куни сифатида нишонланади. Албатта, туризм ижтимоий муносабатлар ва давлатлараро алоқалар равнақ топган бугунги глобаллашув даврида ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг энг сердаромад йўналишларидан бири саналади.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2023 йилда хизматлар кўрсатиш соҳасида 5,8 млрд доллар даромад олинган бўлса, шундан 41,4 фоизи туризм ҳиссасига тўғри келади.
Бугунги кунда мамлакатимизда туризмнинг кўплаб турлари, шу жумладан зиёрат туризми жадал ривожланмоқда. Айниқса, Умра ва Ҳаж зиёратини амалга оширишда кенг имкониятлар яратилган. 2023 йилда юртдошларимизнинг 15 минг 150 нафари Ҳаж, 43 мингдан ортиғи эса Умра зиёратини бажариш бахтига муяссар бўлгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Биринчи тавсия: холис ният ва ихлос билан зиёратга ҳозирланинг!
Ҳадисда айтилганидек, “Амаллар ниятга боғлиқдир”. Энг аввало, тўғри ният қилинг: сиз саёҳатга ва ўйин-кулгига эмас, Аллоҳ буюргани учун зиёратга кетяпсиз. Шундай экан, муайян диний билимларга эга бўлинг, билмаганларингизни китоблардан ўқиб, илм аҳлидан сўраб ўрганишга интилинг. Илмингиз қанчалар бой бўлса, зиёрат амалларини ҳам шунчалар бекаму кўст бажара олишингиз мумкин.
Иккинчи тавсия: сайёҳлик идорасини танлашда зийраклик билан ёндашинг!
Сайёҳлик идораси (халқ тилида “туристик фирма”) танлашда шошма-шошарликка йўл қўйманг. Сайёҳлик идорасига бориб, масъул ходим билан юзма-юз суҳбатлашинг. Унга қуйидаги саволларни беришдан тортинманг:
Идоранинг лицензияси борми?
Қайси авиакомпания самолётида училади?
Меҳмонхоналарда шароит қандай?
Меҳмонхоналар Мадина шаҳрида Масжид ун-набавияга, Макка шаҳрида Масжид ул-Ҳарамга яқинми?
Транспорт-логистика масаласи (аэропортдан меҳмонхонагача, Мадинадан Маккагача, Маккадан яна аэропортгача) қандай?
Элликбоши ким ва у ҳақида батафсил маълумот берсангиз?
Ҳар бир саволга тўлиқ жавоб олишга ҳаракат қилинг. Айниқса, меҳмонхоналар Мадина шаҳрида Масжид ун-набавияга, Макка шаҳрида Масжид ул-Ҳарамга яқин бўлиши тавсия этилади. Бу зиёратчиларга катта қулайлик яратади. Элликбошининг (зиёратчилар гуруҳи етакчиси) олий маълумотли, Умра ва Ҳажда тажрибага эга бўлиши мақсадга мувофиқ.
Барча саволларингизга сизни қониқтирадиган жавоб олсангиз, сайёҳлик идорасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига обуна бўлинг ва сиздан олдин сафарга чиққан зиёратчилар ҳақида маълумот олиб боринг.
Тўловни, албатта, шартнома асосида амалга оширинг. Шартномада тўлов миқдори сўмда кўрсатилганига эътибор қаратинг. Тўлаган маблағингиз учун чек олишни унутманг.
Учинчи тавсия: сафар учун фақат зарур буюмларни олинг!
Жомадонингизда сизга бирламчи зарур кийимлар, дори-дармонлар ва озроқ егулик бўлса кифоя. Кийимларни танлашда Мадина ва Макка шаҳарларидаги об-ҳавога эътибор қаратинг.
Тўртинчи тавсия: меҳмонхона ва унинг атрофини ўрганинг!
Мадина ва Макка шаҳарларига боргач, энг аввало, атрофни ўрганинг. Меҳмонхонани мустақил топиб кела оладиган бўлинг. Сайёҳлик идораси томонидан сизга берилган буюмларни (кўпинча бейжик, камзул ва сумка берилади) ёнингизда сақланг. Агар адашиб қолсангиз, ушбу буюмлар сизга меҳмонхонани топишга ёрдам беради.
Одатда, меҳмонхоналарда Wi-Fi бўлади. Албатта, унга уланиб олинг. Саудия Арабистонидан сим-карта сотиб олиш ҳам фойдадан холи эмас.
Бешинчи тавсия: амалларни тўлиқ бажаришга ҳаракат қилинг!
Кучингиз етганича, саломатлигингизни асраган ҳолда, Умра ва Ҳаж амалларини тўлиқ бажаришга интилинг. Унутманг, бу муқаддас шаҳарлардаги ибодатнинг ажру мукофоти юксакдир.
Олтинчи тавсия: яқинларга совға олишда тежамкор бўлинг!
Мадинадан хурмо, Маккадан эса зам-зам суви олсангиз кифоя. Қўшимча совғалар олиш ҳам мумкин, албатта. Фақат юкингиз самолётда белгиланган меъёрдан ошиб кетмаслигига аҳамият беринг.
Еттинчи тавсия: зиёратдан қайтгач ўтказиладиган тадбирларда исрофдан сақланинг!
Зиёратдан қайтгач, эҳсон оши бериш ёки бошқа тадбирларни ўтказиш мажбурий талаб эмас, аслида. Агар имкониятингиз етса ва уларни амалга оширишни ният қилган бўлсангиз, имкон қадар исрофдан сақланинг, ихчамроқ қилинг.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
журналист
- Қўшилди: 19.02.2024
- Кўришлар: 2464
- Чоп этиш