БМТ Қўмитасининг бола ҳуқуқлари бўйича тавсиялари амалиётга жорий қилинмоқда

21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш натижалари бўйича якуний тавсияларини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилди. Қўшма қарор матни мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда тайёрланди.

Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан “БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бешинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалга ошириш бўйича 2024–2027 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси” ҳам тасдиқланди.

Миллий ҳаракатлар режаси 100 та банддан иборат. Унда илғор хорижий тажрибани ўрганиш, мавжуд ҳолатни таҳлил қилиш ва социологик тадқиқотлар ўтказиш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, тегишли институтларни ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини кучайтириш, ходимларнинг малакасини ошириш, аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича чора-тадбирлар қамраб олинган.

Шунингдек, Миллий ҳаракатлар режасида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг ҳар бир тавсиясини бажариш бўйича механизмлар, бажариш учун масъуллар ва ижро муддатлари аниқ белгиланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech