“Туркистон” санъат саройида “Ватан манзумаси” маданий-маърифий кечаси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Маданият вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, давлат ва жамоат ташкилотлар ҳамда Куч тузилмалари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Мудофаа вазириниг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Қаршиев иштирок этди.
Ёш авлодни она Ватанга, ўз миллатига содиқ, ватанпарвар, эртанги кун учун масъулиятни теран англайдиган инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида ўтказилган ушбу кеча шеърият, куй ва наво, саҳна асарларининг уйғунлигида ташкил этилгани билан ўзгача шукуҳ бағишлади.
Ўзбек шерияти намоёндалари – Эркин Воҳидов, Саъдулла Ҳаким, Ҳалима Худойбердиева, Маҳмуд Тоир ижодига мансуб Ватан ҳақидаги шеърлар Гулжамол Асқарова, Муҳаммадали Ғаффоров, Ситорабону Шомуродова, Нозима Ҳабибуллаева томонидан маромига етказиб ўқилди.
Тадбирда она Ватан, тинч ва осуда ҳаётимизни ўз жонидан азиз билган мард ҳарбийларнинг табаррук хотираси йодга олинди.
Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ашула ва рақс ансамблларининг чиқишлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Бадиий-мусиқий дастур Ўзбекистонимизни кўз асрашга, тинч ва осойишта, тўкин, фаровон кунларнинг қадрига етишга даъват этгани билан аҳамиятли бўлди. Бу каби тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этади.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
- Қўшилди: 14.03.2024
- Кўришлар: 2928
- Чоп этиш