Қибрайда қийноққа қарши кураш бўйича ўқув машғулотлари якунланди

30 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган 2-сон Тошкент академик лицейида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланди.

Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Тошкент вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 50 нафар ходим тингловчи сифатида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўқув курси очилиши муносабати билан иштирокчиларни қутлади.

Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.

Машғулотлар аввалида БМТга тенг ҳуқуқли аъзо ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди. Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.

Аслида, тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топган.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда. Жумладан, 2023 йили 10 та вилоятда ўтказилган ўқув курслари натижасида ички ишлар ва прокуратура тизимида фаолият юритувчи 590 нафар ходим билим ва тажрибасини бойитди.

Бу галги машғулотлар қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш соҳасида тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг халқаро амалиёт ва миллий тажриба асосидаги амалий кўникмаларини оширишга қаратилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев бу ҳақда батафсил маълумот берди.

Асосий машғулотлар Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Матчанов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси “Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” кафедраси ўқитувчиси Насиба Норова, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Олимжон Субанов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ докторанти Холмуҳаммад Абдурасулов томонидан олиб борилди.

Шунингдек, мазкур ўқув курсининг иккинчи кунидаги машғулотларда халқаро эксперт Азамат Шамбилов онлайн иштирок этди. У тингловчилар эътиборига “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусидаги тақдимотини намойиш қилди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида 60 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.

Машғулотлар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech