Ғулом МИРЗО – 1964 йилда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Унинг “Ойпараст дил”, “Таайюн рақамлари”, “Отамнинг боғи”, “Қалб томчилари”, “Офтобга қайтаман”, “Унутилган ҳур”, “Яхшиям сиз борсиз” шеърий китоблари, шунингдек, “Эй, дарвеш” қиссаси ҳамда ўндан ортиқ публицистик ва таржима китоблари нашр этилган.
Муножот
Тупроқ бўлиб, йўлга сочилсам –
қиёматда йўлдан тиклайсен.
Сувдек сингсам, гулдек очилсам –
томир, барг ва гулдан тиклайсен.
Қочсам – қувган ва етган Ўзинг,
уммон бўлсам – қалқитган Ўзинг,
қотсам муздек – эритган Ўзинг,
ёнсам – мени кулдан тиклайсен.
Нималарга сочмай ўзимни,
йўқота олмайман изимни.
Юлдуздан ясайсен кўзимни,
яноғимни гилдан тиклайсен.
Адирлардан ўриб келгайсен,
сатрлардан ўқиб келгайсен,
фақирлардан кўриб келгайсен,
ҳақирлардан уқиб келгайсен,
менинг борча гуноҳ-савобим,
мангу ҳузур ёки азобим;
агар ёлғон бўлса жавобим –
қалб, қўл, оёқ, тилдан тиклайсен.
Пулсиротдан қўйиб юборсанг,
кўзларимни ўйиб, юборсанг…
Магар қилдек қирқ минг бор ёрсанг –
сўнг қирқ мингта қилдан тиклайсен.
Ўзинг Қодир, Ўзинг Ғани Сен!
Ғуломингни қўлла қани, Сен!..
Манзардаги бир жуфт қушга бағишлов
Мени кутиб яшагай мудом,
иродаси – пўлатдан маҳкам.
Куни туғгай, кўринса Ғулом;
куни ўтгай кўринмасам ҳам.
Ишим жадал, лек суст хотирам;
қарамайман кўп-да ойнага.
Деразадан икки моҳпорам –
қушлар пойлагани-пойлаган.
Қор ёғгай ва аёзлар қисгай,
музхонага дўнгай қуш-уя;
шундай кезлар мендай “маҳбус”га
ҳурриятни эслатиб қўяр –
Деразамни чертади тиқ-тиқ,
кўзларида ўтинчмас, даъват.
Дерлар: “Ўғлон, ташқарига чиқ;
дунё тўла эрк, парвоз, шафқат”.
Мени кутиб яшагай мудом…
29 феврал
Сўнг бор бошим силади,
ғамимни еди яна.
Камроқ қайғу тилади,
мени ўйлади, онам:
Тўрт йилда бир келади
онам жон берган сана…
Тупроқ ҳақида эски фалсафа
Эгалари сингари
уйлар ўтар оламдан.
Тупроқда одам қарир,
тупроқ қарир одамда.
Отам жони узилди,
қурган уйи бузилди.
Тупроқдан яралган, боқ –
барибир, бўлди тупроқ.
Кўзига чанг кирганда,
хархаша қилар банда.
Илло, фурсат етган дам
тупроққа кирар кўз ҳам.
Беҳуда сув ва ҳаммом,
танинг тозармас тамом;
ишқалайсан – лой чиққай,
чунки аслинг балчиқ, ҳей!
Лойдан яралган инсон,
лойдан ирганар, нодон.
Лой емасанг-емабсан,
лой сени егай, инон.
Тупроқда одам қарир,
тупроқ қарир одамда…
Алпомишнинг айтганлари
Достонни тинглаб
Қора ботир, дўстсан – азиз,
хоримни сенга бермасман.
Менга заҳрин сочган тиз-тиз –
моримни сенга бермасман.
Сени қадрлайман доим,
сенга – уй тўридан жойим.
Қўпганда қиёмат-қойим,
зоримни сенга бермасман.
Олгин, сенга кўм-кўк яйлов;
сойлар тўла сув ҳам сийлов.
Лек панд есам, ўтга қалов –
қоримни сенга бермасман.
Бир ўқ отдим рақибимга;
икки ўқ от, берай сенга.
Эй, дўст, кўнглим қўнар симга –
торимни сенга бермасман.
Ғанимлар тутди-ку, нетай;
зиндонбанд этди-ку, нетай?
Эркин ул, садағанг кетай, соримни сенга бермасман.
Қоражон, кўзларни ёшладинг,
зиндонга узун ип ташладинг.
Билмадим, не хўрлик бошладинг – оримни сенга бермасман.
Арқонни кесгайман, кечир;
зиндонда тўзгайман, кечир.
Дўстликни бузгайман, кечир –
боримни сенга бермасман.
Оримни сенга бермасман…
* * *
Кўксимда кўзим бор –
кўр, мана.
Кўзимда юзим бор –
зўр, мана.
Юзкўрарга келган
эй, зорим,
қарашларинг менбоп
кўрмана.
* * *
Дилингни ғамлардан узоқ қил,
қабул эт ишқ бўйли гулимни.
Лабларинг тилимга тузоқ қил,
сайд айла шу эрка дилимни.
Дудоқдан – тирноққа қадарлик
эй, қийғос гуллаган гултаним.
Сен – севги мисоли хатарлик,
ёқимли ёқасан, гулханим.
Кўринмас сайроқи қушдайсан,
фироқлар ичида ушлайсан.
Мен Сендан оғушлар сўрасам,
тилимнинг учидан тишлайсан.
Умрим ҳам оқмоқда сойлардай,
Ой каби ниҳонсан қайларда?
Васлингдан туядиган ҳузурим
тобакай излайман майлардан?..
Эй, қийғос гуллаган гултаним…
***
Аввалбошда қошларингни учирдинг,
кипригинг-ла шамолларни кўчирдинг,
лабларингдан бода-ю бол ичирдинг.
Сўнг – Сен тайрон бўлдинг,
мен ҳайрон бўлдим.
Кўзларингни суздинг – жоним сузилди,
тақдиримни туздинг – умрим бузилди,
нечук кўнгил уздинг – кўнглим эзилди.
Сўнг – Сен камон бўлдинг,
мен қурбон бўлдим.
Карашма айладинг – санъатми дедим,
муаттар бўйларинг – жаннатми дедим,
жонга ишқ жойладинг – бидъатми дедим.
Сўнг – Сен жайрон бўлдинг,
мен сарсон бўлдим.
Сенсиз дунёларда фусун кўрмадим,
фасллар алмашар – ҳусн кўрмадим,
фироқингдек ғамнок ҳузн кўрмадим.
Сўнг – Сен армон бўлдинг,
мен сомон бўлдим.
Бахтсизлик – қисматда бори экан-да,
Худо ҳам бахтлининг ёри экан-да,
дилда алам ўсди – севги экканда.
Сўнг – Сен фиғон бўлдинг,
мен нолон бўлдим.
Узоқдан маломат айладинг нечук?
Яна кўзларимни бойладинг нечук?
Нечук қисматларга шайладинг… Нечук?
Сўнг – Сен хоқон бўлдинг,
мен зиндон бўлдим.
Сўнг – Сен cайрон бўлдинг,
мен вайрон бўлдим…
Изҳори дил
Келсанг – учиб кетмаслик учун,
ўзимни курсига боғлайман.
Билсанг, чўчиб кетмаслигинг-чун –
юзимни кулгуга чоғлайман.
Собитликда сокин тоғ эдим,
кўкламни жим кутган боғ эдим.
Қайдан ҳам учратдим, воҳ, энди –
бунчалар учмоқни хоҳлайман.
Васлингга шунчалик хуморман, –
Сен кетган онданоқ беморман;
(Беорман, эҳ, бунча беорман!)
келсанг ҳамки, на бир соғдайман.
Фаришталар ила баҳс этган,
юрагимга ишқни нақш этган
ва руҳимга қанот бахш этган
париваш, Сени ардоқлайман!…
* * *
Сени кўрсам, жодуланиб қоламан.
Яна хурсанд, ёғдуланиб қоламан.
Кўзинг булоғидан
ишқ ичсам, оҳу,
сайёдману –
оҳуланиб қоламан…
Ўқ манзумаси
Камондан нишонга учди ўқ,
макондан маконга учди ўқ.
Боргунча оқаргай сочлари –
замондан замонга учди ўқ.
Тинч турган эди-ку садоқда,
нечук бу суронга учди ўқ.
Ёй ипи жим қолди титроқда,
сернаво давронга учди ўқ.
Камалакка кетди ранг истаб,
бўй излаб райҳонга учди ўқ.
Бахилнинг боғидан буриқсаб –
гуллаган бўстонга учди ўқ.
Думли юлдуз сингари – олов,
самодан инсонга учди ўқ.
Ўқ танҳо, қурбони мўл, аммо;
борутли дўконга учди ўқ.
Ўлмоқ – тез, туғилмоқ – тўққиз ой;
наҳотки осонга учди ўқ?
Балиқлар, балиқчи, уйғон, ҳой!
Бехабар уммонга учди ўқ.
Вовайло, қазога турдик шай;
яшашдек имконга учди ўқ.
Томирларга тегса – занглагай,
минг йиллик пок қонга учди ўқ.
Кўзга – кўз, ўққа – ўқ, демакки
камондан камонга учди ўқ.
Қасоскор ўқлардан еб дакки,
халоскор қалқонга учди ўқ.
Ким – сайду ким – сайёд, айтинг, ҳай!
Нодондан нодонга учди ўқ.
Дийдорга у елгай, не билгай –
айролиқ томонга учди ўқ.
Ким отса, забунликка отган
(ўйларки, осмонга учди ўқ).
Ўқ отган – кўп нарса йўқотган!
Чунки руҳ ва жонга учди ўқ.
Қалб-чи, қалб – ўн саккиз минг олам;
билмас ул, қаёнга учди ўқ.
Қилкўприк узилмас, воҳ алам –
бузгали, ризвонга учди ўқ.
Қобилдан Ҳобилга тегиб санг,
сўнг Иқлимахонга учди ўқ.
Ноумид шайтондир ва билсанг:
умиддек, шайтонга учди ўқ.
Сўздек талх, қарғишдек заҳар ҳам –
забондан забонга учди ўқ.
Қуш каби жон бергай патқалам,
қачонки достонга учди ўқ.
Аҳли Ер, дунёни асрайлик!
Жаҳлдан ирфонга учди ўқ.
Йўл аро йитсин, сўнг айтайлик:
“Игнадек, сомонга учди ўқ…”
* * *
Ҳадемай
кун чиқар қинидан –
қиличдек ярқираб.
Ҳалитдан
оқариб бормоқда
Ер юзи…
- Қўшилди: 09.09.2024
- Кўришлар: 752
- Чоп этиш