Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддаси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари ва Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан берилган ваколатлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда Марказга 1 минг 455 та мурожаат келиб тушган. 2023 йилда келиб тушган мурожаатлар сони эса 1 минг 430 тани ташкил этган.
Ўтган йил давомида Марказ қабулхонасида жами 600 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинди. Шундан 506 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари иш юритишга қабул қилиниб, яна 100 нафарга яқин фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.
Шунингдек, 1 минг 211 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган, шундан 203 та мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг 41 таси аноним мурожаатлар ҳисобланганлиги сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун 3,6 ва 29-моддаларига биноан кўрмасдан қолдирилган.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг:
· 506 таси (35,8%) фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида;
· 908 таси (64,2%) алоқа воситалари (асосан почта алоқа тармоғи орқали);
· 47 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Виртуал қабулхоналари орқали;
· 239 та мурожаат Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.
Мурожаат муаллифларининг жинси бўйича таҳлилга кўра, улар 690 нафар (65,7%) эркак ва 657 нафар (46,4%) аёл томонидан юборилган, 67 таси (0,04%) жамоавий келиб тушган. Мурожаатларнинг 1 минг 210 таси (85,5%) ариза, 199 таси (14%) шикоят ва 5 таси (0,03%) таклифлардир.
Ҳудудлар кесимида таққосланганда, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида яшовчи фуқаролардан келиб тушганлигини кўриш мумкин. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Андижон вилоятлари аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар сони камайган. Яъни, мурожаатларнинг:
· 419 таси (28,8%) Тошкент шаҳри;
· 244 таси (16,7%) Қашқадарё ;
· 241 таси (16,5%) Тошкент;
· 84 таси (0,06%) Самарқанд ;
· 72 таси (0,05%) Фарғона ва
· 65 таси ёки 0,04% Сурхондарё вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Мурожаатларнинг 686 таси (48,5%) ижтимоий-иқтисодий, 563 таси (39,8%) шахсий, 145 таси (10%) сиёсий ҳуқуқларга ва 20 таси маданий ҳуқуқларга оид мурожаатлардир. Шунингдек, мурожаатларнинг:
· 237 таси – фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига тааллуқли;
· 129 таси – суриштирув ва дастлабки тергов органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан, шунингдек, қарорларидан норозилик;
· 169 таси – маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларидан билан боғлиқ;
· 297 таси – бошқа давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ;
· 88 таси – муносиб турмуш кечиришга доир;
· 135 таси – давлат органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ;
· 224 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига доир;
· 57 таси – суд қарорлари ижроси билан боғлиқ мурожаатлардир.
Мониторинг натижасида, ўтган йиллардаги каби, таҳлил қилинаётган даврда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп келиб тушганлиги маълум бўлди.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2024 йил давомида юборилган 420 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида:
- 85 та мурожаат қаноатлантирилди, яъни фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди ва қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг рўёбга чиқарилишида амалий ёрдам берилди;
- 203 та ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Судларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кузатиш мақсадида жами 14 та суд жараёнида Марказ вакили иштирок этди.
Бундан ташқари, 2024 йил давомида телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 3 минг 650 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Миллий марказга оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу муносабат билан фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида Тошкент вилояти, Оҳангарон туманида учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Миллий марказ киритган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам тикланмоқда. Бу жараёнда мурожаат эгаларига моддий зарар ундириб берилиши таъминланган ҳолатлар анчагина. Хусусан:
· фуқаро Ф.Х.га – “Тоза ҳудуд” ДУКдан жами 3.034.955 сўм миқдоридаги иш ҳақи;
· фуқаро Б.У.га – қарздор М.Б.дан 2,9 млн. сўм алимент пули;
· пенсионер С.М.га 1,2 млн. сўм пенсия пули;
· фуқаро Х.Б.га – қарздор Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан 744,5 млн сўм компенсация пуллари;
· фуқаро И.Н.га – қарздор А.Ж.дан 2 млн сўм алимент пули ундириб берилган.
Миллий марказ тавсияси асосида ҳуқуқи тикланган ҳамда ҳуқуқлари рўёбга чиқарилган фуқаролардан миннатдорчилик хатлари келиб тушмоқда. Масалан, Марказ томонидан Тошкент вилоят ҳокимлигига киритилган тавсияга мувофиқ, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси А.А.га 1 хонали уй ажратилганлиги учун фуқаро Марказ раҳбариятига ўз “Миннатдорчилик хати”ни юборган.
Шунингдек, Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро С.Х.нинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига киритилган тавсия хатига биноан, С.Х. ўз лавозимига тикланган.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Муҳими, мамлакатимизда одил судлов Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши Жиноят-процессуал кодекси ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституциянинг 54-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир, деб белгиланган. Суд органлари ана шу мақсадни рўёбга чиқаришда асосий вазифани ўтайди ва бузилган ҳуқуқларни тиклашни кафолатлайди.
Конституциянинг 55-моддасида “ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади” дейилган. Шунингдек, Конституцияда “ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли”, деб белгиланган.
Конституциянинг 133-моддасига “Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли” деган янги норма киритилган. Бу ҳам, шубҳасиз, судда жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларида яна бир муҳим имконият яратди.
Эндиликда фуқаролар ва юридик шахслар судда ҳимояланишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлгач, бевосита Конституциявий судга унга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида шикоят қилишга ҳақли.
Чунки “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга кўра, Конституциявий суднинг асосий ваколатларидан бири қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш ҳисобланади. Яъни, бу ҳолатда Конституциявий суд аниқ бир инсон ёки юридик шахснинг важларини инобатга олган ҳолда тегишли қонун нормасининг Конституцияга мувофиқлигига баҳо бериши лозим бўлади.
Шунингдек, 2021 йил 28 апрелда қонуний кучга кирган янги таҳрирдаги Конституциявий қонунга кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳам Конституциявий судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Миллий марказга берилган ушбу ваколатлар доирасида 2024 йил 19 июнь куни фуқаро К.Э.нинг мурожаатини ўрганиб чиқиш натижасига кўра “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига расмий шарҳ бериш тўғрисида мурожаат киритилди.
Конституциявий суднинг тегишли қарори билан айни мурожаат қаноатлантирилди. Шу негизда Конституциявий суд томонидан қонунчилик нормасига шарҳ бериш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази қонунчилик ҳужжатларида белгилаб берилган ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилишининг олдини олишда мунтазам асосда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Отабек Норбоев,
Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 10.01.2025
- Кўришлар: 650
- Чоп этиш