Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси даврий нашри – “Iste’mol madaniyati” газетасининг 2025 йил 27 март сонида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош юрисконсульти Рустам Атовуллоевнинг мақоласи чоп этилди. Ушбу мақола “Исломофобия – ирқчилик каби иллат” деб номланган.
Муаллиф таърифлаганидек, исломофобия – ислом дини ва мусулмонларга нисбатан асоссиз қўрқув, нафрат, камситишни англатадиган иллат бўлиб, баъзида қўрқитиш ёки таъқиб қилиш шаклида ҳам намоён бўлади. Сўнгги йилларда унинг тобора кенг тарқалаётгани аянчлидир.
Мақолада, шунингдек, турли дин ва маданият вакиллари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро мулоқотни ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Бунда Ғарб давлатлари ва мусулмон мамлакатлари ўртасида маданий мулоқотни кучайтириш, жамиятда турли дин ва фикрларга ҳурмат билан ёндашиш руҳини сингдириш, диндор одамларни радикаллар билан адаштирмасликни тарғиб қилиш муҳим ўрин тутади. Шу маънода, 2024 йил 15 март куни БМТ Бош Ассамблеясининг исломофобияга қарши курашиш чораларни ўз ичига олган резолюцияси қабул қилингани ушбу йўналишда катта қадам бўлди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда виждон эркинлигини ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган бир қатор ислоҳотлар ҳамда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур қонун билан диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби соддалаштирилди, диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгиланди.
Ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг давоми сифатида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни келтириш мумкин. Концепциянинг 8-бандида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратишдан, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашишдан, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашдан, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.
Мақола муаллифининг фикрича, бугунги кунда исломофобия жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг йирик муаммолардан биридир. Унинг таҳдиди фақат мусулмонлар билан чекланиб қолмай, балки бутун жамиятлар, ҳаттоки давлатларга ҳам зарар етказади. У сабабли турли миллат ва динга мансуб одамлар бир-биридан узоқлашади, жамиятда нафрат кучаяди, тинчлик бузилади.
Ўз навбатида, ислом дини ва мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурлардан халос бўлиш учун таълим тизимини янада ривожлантириш керак. Мактаб ва университетларда ислом маданияти ва цивилизацияси, ислом динининг ҳақиқий моҳияти ҳақида холис маълумот беришни йўлга қўйиш зарур. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.03.2025
- Кўришлар: 285
- Чоп этиш