Халқаро ҳамжамият дуч келаётган замонавий хатарлар глобал мулоқот форматларини янгилашни тақозо этмоқда. Парламент дипломатияси қонун чиқарувчи органларнинг ташқи сиёсатга, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, барқарор институтларни ривожлантиришга таъсир кўрсатишининг ўзига хос механизми сифатида олдинги ўринга чиқмоқда.
Шу нуқтаи назардан, 2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси нафақат юбилей тадбири, балки парламент дипломатиясини мустаҳкамлашда муҳим босқич ва институционал халқаро парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. У Ўзбекистон учун ҳам, бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам йилнинг энг йирик парламент воқеаси ва тарихий лаҳзага айланди.
Парламентлараро Иттифоқ ва унинг Тошкентда ўтказилган 150-Ассамблеяси
Парламентлараро Иттифоқ энг қадимги ва йирик халқаро парламент ташкилоти бўлиб, 1889 йилда Фредерик Пасси (Франция) ва Уилям Рендалл Креймер (Буюк Британия) ташаббуси билан ташкил этилган. Дастлаб, Иттифоқ халқаро низоларни арбитраж йўли билан ҳал этиш ва давлатлараро мулоқотнинг доимий шаклларини яратишга кўмаклашишни мақсад қилган. Вақт ўтиши билан ташкилот миллий парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланишни ривожлантириш учун универсал платформага айланди.
Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқ 182 та миллий парламент ва 15 та уюшган аъзони ўзида бирлаштирган ҳолда, 6 миллиарддан ортиқ инсон манфаатларини ифодалайди. Ташкилот БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорлик қилиб, асосий глобал масалалар бўйича қонунчилик кун тартибини илгари суриб келмоқда.
Тошкентда ўтказилган 150-Ассамблея мисолида Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси парламент аъзолари нафақат кузатувчи, балки глобал жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб бораётганини яна бир бор амалда яққол намойиш этди. Ушбу анжуман бўлиб ўтган кунлари Ўзбекистон пойтахти илк бор турли сиёсий тизим ва қарашларга эга давлатлар очиқ ва конструктив мулоқот олиб борадиган глобал парламент майдони вазифасини бажарди. Тошкент Ассамблеяси парламент дипломатиясининг амалдаги – маданиятлар, манфаатлар ва минтақалар кесишмасидаги ёрқин намунаси бўлди.
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясини ўтказиш жойи сифатида Тошкентнинг танланиши Ўзбекистоннинг халқаро сиёсатдаги роли ортиб бораётгани, кўп томонламалик ва очиқлик принципларига содиқлигининг эътирофи бўлди. Ўзбекистон парламент дипломатияси сиёсатини фаол амалга ошириб, хорижий парламентлар ва халқаро институтлар билан алоқаларни тобора мустаҳкамламоқда.
Тошкент Форумида 140 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан, 100 дан зиёд спикер ва вице-спикерлар, 750 нафар депутат, 25 та халқаро ва парламентлараро ташкилот раҳбарлари, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари глобал хавфсизликдан иқлим ўзгаришигача, рақамли трансформациядан тенглик ва инклюзиягача бўлган – давримизнинг энг долзарб муаммоларини муҳокама қилишда иштирок этди. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг ўзига хослиги нафақат унинг кўлами, балки муҳокамаларнинг чуқурлиги, позицияларнинг очиқлиги ва ялпи ечимлар топишга астойдил интилишида ҳам намоён бўлди.
Тошкент декларатив, яъни юзаки мулоқотлар эмас, балки конструктив – том маънода ишчан ва амалий парламент ҳамкорлиги майдонига айланди. Бу фикримизни пандемиядан кейинги тикланишнинг устувор йўналишлари, тенгсизликка қарши кураш ва глобал ўзгаришлар шароитида аҳолининг демократик иштирокини таъминлаш заруратини акс эттирувчи “Ижтимоий ривожланиш ва адолат соҳасидаги парламент ҳаракатлари” чорлови Парламентлараро Иттифоқ 150-Ассамблеясининг мавзусини сифатида танлангани яққол тасдиқлайди.
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси кун тартибидан, хусусан:
- Ассамблеянинг бош мавзуси бўйича умумий мунозаралар;
- Парламентлараро Иттифоқнинг тинчлик, барқарор ривожланиш, демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича доимий қўмиталари мажлислари;
- ўзининг 40 йиллигини нишонлаган Парламентарий-аёллар форуми;
- ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этишга бағишланган Ёшлар парламент форуми;
- иқлим соҳасидаги саъй-ҳаракатлар, парламент дипломатияси ва аёллар саломатлигига таъсир қилувчи ижтимоий меъёрлар, рақамли трансформация ва сунъий интеллект этикаси, парламентларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жалб қилиш масалалари бўйича давра суҳбатлари ва семинарлар ўрин олди.
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси давомида ҳозирги замоннинг қуйидаги асосий масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Биринчи масала – тинчлик ва хавфсизлик йўлида парламент дипломатияси. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг асосий мавзуларидан бири глобал хавфсизликни таъминлашда парламентларнинг роли бўлди. Парламент аъзолари можаролар шароитида ҳукуматлар фаолияти устидан парламент назоратини таъминлаш, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш муҳимлигини муҳокама қилдилар. Яқин Шарқдаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва дипломатик ваколатхоналарни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Иккинчи масала – ижтимоий адолат ва тараққиёт. Парламент аъзолари парламентлар ижтимоий адолат, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва ижтимоий ҳимояни қандай таъминлаши мумкинлигини кўриб чиқдилар. Бунда мамлакатлар ичида ҳам, улар ўртасида ҳам тенгсизликни камайтириш, барқарор ижтимоий ҳимоя дастурларини амалга ошириш устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлигига урғу берилди.
Учинчи масала – гендер тенглик ва аёлларнинг сиёсатдаги иштироки. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сиёсатда аёлларни илгари суришдаги ютуқлар ва муаммоларни муҳокама қилиш учун қулай мулоқот майдонига айланди. Парламентлараро Иттифоқ аёлларнинг парламентдаги иштироки бўйича сўнгги рейтингни тақдим этди: глобал миқёсда аёллар 26,9 фоиз ўринни эгаллаб турибди, аммо бу йўналишдаги ўсиш секинлашмоқда.
Хотин-қизлар форуми сессияларида Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг асосий резолюцияларига гендер масалаларини киритиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Рақамли реаллик шароитида аёлларнинг сиёсатдаги иштирокини кенгайтириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, Парламентлараро Иттифоқнинг Парламентарий-аёллар форуми ўзининг 40 йиллигини нишонлаш асносида хотин-қизларнинг парламент фаолиятидаги ютуқларини таъкидлаб, айни чоғда глобал миқёсда аёллар ҳуқуқларини илгари суришда давом этишини амалда намоён этди.
Тўртинчи масала – парламентлар келажаги ва уларда ёшларнинг иштироки. Парламентлараро Иттифоқнинг Ёшлар форуми доирасида ёшларнинг сиёсатдаги иштироки мавзуси муҳокама қилинди. Парламент аъзоларининг таъкидлашича, фаол фуқаролик позициясига қарамай, ёшлар ҳали ҳам парламентларда кам вакилликка эга. Ёшларни сиёсатга жалб қилишнинг сайловларда иштирок этиш ёшини қисқартириш, ёш парламентарийлар учун квоталар, стипендиялар яратиш каби механизмлари кўриб чиқилди.
Бешинчи масала – сунъий интеллект одоби ва рақамли инклюзия. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясида сунъий интеллектни тартибга солиш, рақамли ҳуқуқлар ва янги технологиялардан тенг фойдаланиш масалалари кўтарилди. Сунъий интеллектни парламент томонидан тартибга солиш, рақамли технологиялардан тенг фойдаланишни таъминлаш, рақамли тафовутни бартараф этиш ва фуқароларнинг рақамли ҳуқуқларини ривожлантириш механизмлари муҳокама қилинди.
Олтинчи масала – барқарор ривожланиш ва низолар оқибатларини юмшатиш. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси, шунингдек, қуролли тўқнашувлар инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини қандай вайрон қилаётгани, парламентлар бу салбий оқибатларни қандай юмшатиши мумкинлигига эътибор қаратди. Гуманитар дастурларни қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий инфратузилмани тиклаш, кўчирилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гуманитар дастурларни ривожлантириш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилди.
Парламентлараро Иттифоқ 150-Ассамблеясининг
инновацион ташаббус ва қарорлари
Шу нуқтаи назардан Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси глобал муаммоларни ҳал қилишга қаратилган асосий резолюциялар ва ташаббусларни тақдим этиш майдонига айланди. Улар орасидан энг муҳимларини санаб ўтамиз.
Биринчиси. Барқарор ривожланиш учун можароларнинг таъсирини юмшатиш тўғрисидаги резолюция – барқарор ривожланиш учун можаролар, шу жумладан қуролли можароларнинг узоқ муддатли таъсирини камайтириш бўйича парламент стратегияларига бағишланган. Резолюцияда жабрланган ҳудудларни тиклаш ва ривожлантиришда парламентнинг иштироки муҳимлиги таъкидланган.
Иккинчиси. Ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсатдаги иштирокини кенгайтириш – ушбу ташаббус Пекин платформаси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллигига бағишланган “Гендер тенгликка эришиш: ҳаракат ортидан ҳаракат” кампаниясини бошлашга қаратилган. Бу ўринда Ўзбекистон ёш авлоднинг қарор қабул қилишдаги ролини кучайтириш йўлида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича парламентлараро платформани яратиш ташаббуси билан чиққани эътиборга сазовордир.
Учинчиси. Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон учун БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш. Қозоғистон томони айни шундай минтақавий марказни Алмати шаҳрида ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Тўртинчиси. Фаластинда “икки давлат” ечимини илгари суриш тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Унда минтақада барқарор тинчликка эришиш учун асос сифатида икки давлат – Исроил ва Фаластинни ташкил этиш тўғрисидаги ечимга келиш зарурлиги таъкидланган.
Бешинчиси. Крёмер-Пасси мукофотига 2025 йил бўйича номинациялар эълон қилинди. Бу мукофот гендер тенгликни илгари суришга қўшган улкан ҳиссаси учун парламент аъзоларига топширилади.
Олтинчиси. Парламентлараро Иттифоққа янги аъзолар қабул қилинди. Хусусан, Белиз Миллий Ассамблеяси Парламентлараро Иттифоқнинг 182-аъзосига айланди.
Янги Ўзбекистон раҳбари минтақавий ва халқаро парламент ҳамкорлигини мустаҳкамловчи муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бу ўринда, жумладан, давлатимиз раҳбарининг:
- Ёшлар ва келажак авлод ҳуқуқлари бўйича парламентлараро платформани яратиш;
- Тошкентда Парламент дипломатияси минтақавий марказини таъсис этиш;
- Парламентлараро Иттифоқ шафелигида Ёш парламентарийлар академиясини ўтказишга оид амалий таклифлари ҳақида сўз бормоқда.
Ушбу таклифлар замирида, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг инклюзив ва барқарор кун тартибини шакллантиришдаги фаол позицияси, шунингдек, глобал муаммоларни ҳал қилиш ва демократик институтларни ривожлантиришда парламентларнинг ролини кучайтириш борасидаги қатъий хоҳиш-иродаси ўз мужассамини топган.
Ўзбекистон Президентининг нутқи – парламент дипломатияси янги даврининг ёрқин тимсоли
Иштирокчиларнинг эътироф этишларича, давлатимиз раҳбарининг нутқи Парламентлараро Иттифоқ 150-юбилей Ассамблеясининг энг юқори нуқтаси бўлди. Ўзбекистон Президенти жаҳон парламент ҳамжамиятига мурожаатида парламент дипломатиясининг низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини кенгайтириш, иқлим муаммолари ва коррупцияга қарши курашиш, шунингдек, халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатидаги устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ушбу тарихий нутқ Ассамблеянинг муҳим воқеаси бўлибгина қолмай, балки парламент дипломатияси учун янги кун тартибини ҳам очиб берди. Шунинг учун Президентимизнинг айрим ғоя ва ташаббусларига мухтасар тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Биринчидан. Парламентлар – халқларнинг овози, умид ва ишонч овози. Ўсиб бораётган халқаро кескинлик ва глобал таҳдидлар шароитида Шавкат Мирзиёев дунё аҳлига миллий парламентларнинг ролига янгича қарашни таклиф қилди. Президентимизнинг сўзларига кўра, “кучли парламентлар – барқарор тинчлик асоси”, парламент мулоқоти эса низоларнинг олдини олиш ва халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг самарали воситасидир.
Давлатимиз раҳбари глобал парламент мулоқотини ишонч, инклюзивлик ва адолат тамойиллари асосида қайта форматлаш зарурлигини таъкидлади, бу эса парламентларнинг низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш жараёнларига фаол аралашувини талаб қилади. Ўзбекистон раҳбари “қурол тили янграйдиган” дунёда парламентларни “виждон ва келажак тили билан гапириш”, фуқароларнинг орзу-интилишлари ва манфаатларини ифода этишга чорлади. Ўзбекистон Президентининг эътироф этишича, парламентлар глобал ечимларда халқлар овози эшитилишида муҳим роль ўйнайди.
Иккинчидан. Демократик трансформациялар – парламент легитимлигининг асоси. Президентимиз ўз нутқида сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган муваффақиятли ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Давлат бошқарувини модернизация қилиш, қонунчилик фаолиятига инновацион механизмларни жорий этиш ва фуқаролик жамиятининг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши муҳимлиги ҳақида гапирди.
Шавкат Мирзиёев давлат институтларининг очиқлиги ва шаффофлиги нафақат мамлакатнинг ички ривожланишига, балки унинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилишини уқтирди. Шу билан бирга, “Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бормоқда. Биз мамлакатимизда кучли ва масъулиятли парламентни барпо этиш, самарали парламент дипломатиясини татбиқ қилиш учун кенг шароитлар яратяпмиз” – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Учинчидан. Парламент дипломатияси ва кўп томонлама ҳамкорлик. Президентимиз ўз нутқида халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида ўрин ажратиб барча мамлакатлар парламентларини иқлим ўзгаришидан тортиб ижтимоий адолатни таъминлашгача бўлган глобал муаммоларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. Давлатимиз раҳбари Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси тажриба алмашиш ва ҳамкорликнинг умумий принципларини ишлаб чиқиш учун ноёб майдон бўлиб хизмат қилаётганини, бу эса тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида айниқса муҳим эканини таъкидлади.
Тўртинчидан. Ёшлар ва хотин-қизлар – парламент кун тартиби марказида. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида гендер тенглик ва ёшларнинг сиёсатдаги иштироки масалаларига ҳам тўхталди. Хотин-қизлар ва ёшларни фаол жалб этиш барқарор ва инновацион ривожланиш гарови эканини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг сўзларига кўра, тенг имкониятлар соҳасидаги ислоҳотлар нафақат ҳар бир фуқаронинг салоҳиятини очиш, балки мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги форматларини яратиш имконини ҳам беради.
Қисқача айтганда, Ўзбекистон Президентининг Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги нутқи тинчлик ва хавфсизликнинг глобал архитектурасида миллий парламентларнинг ролини англашнинг янги даражасини намоён этди. Парламент дипломатияси – нафақат давлатлараро ҳамкорлик воситаси, балки демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш механизми ҳамдир. Ҳозирги давр шароитда парламент институтларини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар глобал тинчлик ва ижтимоий адолатни таъминлаш учун стратегик аҳамиятга эга.
Янада эътиборлиси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи бутун дунё парламент делегациялари томонидан илиқ кутиб олинди. Давлатимиз раҳбарининг таклифлари Ўзбекистоннинг халқаро дипломатияда фаол иштирокчи ва глобал жараёнларда конструктив воситачи сифатидаги роли ортиб бораётганининг ўзига хос ифодаси бўлди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” Тошкент декларациясида ўз аксини топди.
Ўзбекистон Президентининг нутқи: халқаро эътирофлар
Эътиборли жиҳати Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқига Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси иштирокчилари ғоят муносиб, яъни юқори баҳо берди. Экспертлар ва парламент аъзолари ушбу нутқнинг моҳиятан теранлиги, глобал муаммоларни қамраб олганлиги ва адолатли дунё барпо этишда парламентлар ролини кучайтиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар. Айрим мисолларни келтирамиз.
Антонио Алонсо (Испания): “Замонавий дунё можаролар, қашшоқлик, иқлим ўзгариши, сунъий интеллект мисолида улкан муаммоларга дуч келмоқда. Шу нуқтаи назардан, мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг сунъий интеллектдан фойдаланиш одоби бўйича ҳуқуқий асос яратиш зарурлиги ҳақидаги таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, деб таъкидлади.
Фаруқ Ҳамид Наек (Покистон) шундай деди: “Ўзбекистон Президентининг Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси очилишидаги нутқи ҳақиқатан ҳам илҳомбахшдир. Нутқ жаҳоншумул масалалар қамраб олинган ҳолда, инсон ҳаётининг энг муҳим жиҳатлари тўғрисида сўз борди. Глобал муаммолар, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Парламентлараро Иттифоқнинг аҳамияти, бутун дунё келажаги учун қайғуриш зарурлигига эътибор қаратилди”.
Барбара Бартош (Польша) фикрича, “Ўзбекистон Президентининг форум очилишидаги нутқи глобал муаммолар муҳокамасига салмоқли ҳисса қўшди. Шавкат Мирзиёев тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётга оид энг муҳим масалаларга тўхталиб, бу жараёнларда парламентлар фаол иштирок этиши муҳимлигини қайд этди. Ўзбекистон етакчиси тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентларнинг ролини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Ассамблеянинг Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзуси мамлакатнинг глобал муаммоларни халқаро ҳамкорлик орқали ҳал этишга интилишидан ёрқин далолатдир”.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламент намояндалари билан учрашувлари: Ероосиёдан – Яқин Шарққача
Ўзбекистон Президенти Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида жами 11 та расмий учрашув ўтказди. Бу учрашувларда 17 та хорижий давлат парламентлари раҳбарлари ва иккита етакчи халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш мавзуларида сўз юритилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсат концепцияси (доктринаси) доирасида халқаро шерикликни кенгайтириш бўйича ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Минтақадаги энг яқин қўшнилар ва шериклар билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Беларусь ва Озарбайжон парламентлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. Марказий Осиёнинг тинчлик ва барқарорлик минтақаси сифатидаги аҳамияти таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари жадвалида минтақавий ва глобал сиёсатда тобора муҳим роль ўйнаётган Туркия, Ҳиндистон, Покистон ва Вьетнам парламентлари раҳбарлари билан ўтказилган музокаралар муҳим ўрин эгаллади.
Президентимиз Баҳрайн, Миср, Қатар, Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари қонун чиқарувчи органлари раҳбарлари ва Араб парламенти раиси билан ҳам музокаралар ўтказди. Бунда барқарор ривожланиш, гуманитар ташаббуслар, шунингдек, динлараро ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама мавзулари бўлди.
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон раҳбарияти халқаро парламентлараро тузилмалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўтказган учрашувларни ҳам қайд этиш тақозо этилади.
Муҳим учрашувлар сирасига Парламентлараро Иттифоқ президенти Тулия Эксон ва Бош котиб Мартин Чунгонг билан музокаралар киради. Шу ўринда Мартин Чунгонг жаноблари халқаро парламент ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирланганини таъкидлаш айни муддаодир.
Шунингдек, БМТ Бош котибининг Болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маала билан учрашув бўлиб ўтди. Президентимиз билан айни мулоқот асносида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва БМТнинг Ўзбекистондаги дастурларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси доирасида ўтказилган учрашувлар жонажон Ўзбекистонимиз ва муҳтарам Президентимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг ўзига хос ёрқин тасдиғи бўлди. Бу муҳим мулоқотлар мамлакатимизнинг конструктив ҳамкорлик учун очиқлигини, глобал парламентаризмнинг янги архитектурасини шакллантиришдаги фаол ролини амалда яққол намойиш этди.
Шавкат Мирзиёевнинг мулоқот, ишонч ва тараққиётга қаратилган узоқни кўзлаган сиёсати яна бир бор халқаро миқёсда энг юқори даражада эътироф этилди. Ватанимиз пойтахтида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси нафақат парламент демократиясининг муҳим воқеаси, балки янги давр – парламент бирдамлиги ва халқлар ўртасидаги ўзаро англашув даврининг тарихий тимсолига айланди.
Тошкент декларацияси: парламентларнинг глобал мулоқотини ривожлантириш йўлида тарихий қадам
Диққатга сазовор томони Парламентлараро Иттифоқ 150-Ассамблеясининг якунида “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” номли Тошкент декларацияси қабул қилинди. Бу ҳужжат кўп кунлик муҳокамаларнинг чўққиси ва халқаро парламент ҳамжамияти ҳозирги даврнинг устувор муаммолари бўйича эришган консенсуснинг мўъжаз ифодасидир.
Мазкур Декларация стратегик хусусиятга эга. У глобал хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни илгари суриш, ёшлар ва инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича парламент ҳаракатларининг кенг қамровли дастури ҳисобланади.
Тошкент декларациясида ижобий ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида парламентларнинг роли алоҳида таъкидланган. Энди эса Тошкент декларациясининг асосий йўналишларига эътиборингизни қаратаман.
Биринчи йўналиш. Тинчлик ва хавфсизлик. Декларацияда низоларни ҳал қилиш, ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилишини таъминлаш учун парламент мулоқотидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Яқин Шарқдаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш, хусусан, Исроил-Фаластин можаросини икки давлат ўртасида ҳал қилиш ғоясини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иккинчи йўналиш. Барқарор ривожланиш. Декларацияда қуролли можаролардан зарар кўрган минтақаларни тиклаш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга оид барқарор ривожланиш моделларини амалга ошириш устидан парламент назорати концепцияси илгари сурилди. Парламентлар аъзоларининг таъкидлашича, барқарор ривожланишга фақат давлатлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш орқали эришиш мумкин.
Учинчи йўналиш. Ижтимоий адолат. Декларациянинг марказий унсурларидан бири фуқароларнинг барча тоифалари учун асосий ижтимоий хизматлар – таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятини таъминлаш талабидир. Бунда ижтимоий тенгсизликни камайтирадиган ва аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланмоқда.
Тўртинчи йўналиш. Гендер тенглик ва ёшлар иштироки. Декларацияда хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини ошириш муҳимлигига эътибор қаратилмоқда. Парламентлар аъзолари томонидан барқарор ва инклюзив ривожланишнинг кафолати бўлган квоталар, мураббийлик дастурлари ва сиёсатда аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш чораларини жорий этиш бўйича тавсиялар илгари сурилди.
Тошкент декларациясининг халқаро аҳамияти:
келажакка назар
Дарҳақиқат, Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси шунчаки тавсиялар тўпламидан иборат эмас. Аксинча, бу ҳужжат аллақачон парламент дипломатиясини кучайтириш ва глобал ҳамкорликнинг янги механизмларини яратишга қаратилган стратегик платформага айланди.
Бу ўринда қандай янги механизмлар назарда тутилмоқда?
Биринчиси – парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш. Декларацияда миллий қонун чиқарувчи органлар ўртасида парламент тажрибасини фаол алмашиш ва глобал таҳдидларга жавоб беришнинг ягона тизимини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган. Парламентлар аъзоларининг фикрича, халқаро даражада мулоқот ва мувофиқлаштиришнинг янги парламент механизмларини яратиш зарур.
Иккинчиси – парламент демократиясининг янги сифати. Декларация вакиллик ҳокимиятининг эволюцияси, яъни тадрижий ривожланишини кўрсатади: замонавий парламентлар муаммоларни пассив, суст муҳокама қилишдан глобал кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этишга ўтмоқда. Бу янгилик қонун чиқарувчи органларнинг ўзгарувчан дунё шароитида ислоҳотларнинг тўлақонли иштирокчиси бўлишга интилишини акс эттиради.
Учинчиси – барқарорлик ва мослашувчанлик. Иқтисодий, ижтимоий ва экологик инқирозлар шароитида Декларация миллий парламентлар учун низолар оқибатларини бартараф этиш, ресурсларни қайта тақсимлаш ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича стратегик режалар тузиш имконини берувчи ўзига хос "йўл харитаси"га айланади.
Тўртинчиси – ҳаракатлар учун сиёсий сигнал. Келгуси йилларда Тошкент декларацияси миллий даражадаги қонунчилик ташаббуслари ва соҳадаги ҳамкорликнинг парламент платформаларини, хусусан:
-
Барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга оширилиши устидан парламент назоратини кучайтириш;
-
ижтимоий ҳимоянинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш;
-
сиёсатда аёллар ва ёшлар ҳуқуқларини кенгайтириш;
-
хавфсизлик, иқлим ва рақамли трансформация муаммолари шароитида парламентлараро ҳамкорликда инновацияларни жорий этиш каби соҳалар бўйича янада мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Бешинчиси – янги авлод дастурий ҳужжати. Декларация дунё парламентларининг янада адолатли, хавфсиз ва барқарор келажакни яратишга бўлган умумий интилишини акс эттиради. У мулоқот, бирдамлик ва амалий ҳаракат тамойилларига асосланган парламент дипломатияси учун стратегик йўналишларни шакллантириш ва юқори марраларни белгилаш учун хизмат қилади.
Олтинчиси – ижтимоий ривожланиш парламент кун тартибининг марказида. Тошкент декларациясида бундан 30 йил олдин Копенгагенда бўлиб ўтган ижтимоий ривожланиш бўйича биринчи саммит бошлаб берган кун тартибига қайтиш муҳимлиги таъкидланган. Иштирокчилар Қатардаги саммит яқинлашгани муносабати билан ижтимоий ривожланишни парламент кун тартибининг марказига қўйиш зарурлигини таъкидладилар.
Бундан мақсад – барқарор ривожланишга, айниқса:
-
қашшоқлик ва очликни тугатиш,
-
соғлиқни сақлаш, таълим ва гендер тенгликни таъминлаш,
-
муносиб иш ва иқтисодий ўсиш,
-
тенгсизликни камайтириш,
-
тинчлик ва адолат институтларини мустаҳкамлаш йўналишларидаги барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдир.
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси якунида парламент аъзолари ғоят муҳим муҳокамаларни ташкил этгани учун Ўзбекистон Парламентига миннатдорчилик билдирдилар. Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий ривожланиш ва демократик ислоҳотлар йўлидан дадил илгарилаб бораётганини таъкидлаб, замонамиз таҳдидларига мос келадиган, барча инсонлар учун адолат ва тинчликни таъминлашга қодир кучли глобал ижтимоий ривожланиш келишувини ишлаб чиқишга чақирдилар.
Халқаро миқёсдаги етакчилар – 150-Ассамблея ҳақида
Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси жаҳон парламент экспертлари ва сиёсий ҳамжамиятида кенг акс-садо берди. Иштирокчиларнинг фикрларини умумлаштириб айтадиган бўлсак, “Ўзбекистон глобал мулоқот архитектурасини шакллантираётган давлатлар қаторидан дадил жой олди”, деган эътироф келиб чиқади.
Халқаро парламентлар ҳамжамияти Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясини ўтказишнинг ҳам мазмуний, ҳам ташкилий даражасини юқори баҳолади. Кўплаб делегациялар Ўзбекистон халқаро парламент кун тартибида етуклик ва етакчиликни намойиш этганини таъкидладилар. Меҳмонларимизнинг якдил эътирофича, Янги Ўзбекистон – парламент дипломатияси етакчисидир.
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва парламент дипломатияси соҳасидаги саъй-ҳаракатларини халқаро миқёсда эътироф этиш учун минбар бўлди. Халқаро парламент ташкилотлари вакиллари ва турли мамлакатлар парламентлари аъзолари Ўзбекистон глобал миқёсда конструктив ташаббусларни илгари суришда фаол иштирок этаётганини алоҳида қайд этди.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг таъкидлаганидек, “Ўзбекистон дунё бўлинишларга дуч келган тақдирда ҳам парламент қандай қилиб бирдамлик майдони бўлиши мумкинлигини намойиш этди”. Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон Евроосиёнинг нафақат географик, балки турли хил овозларни ҳам бирлаштиришга қодир бўлган сиёсий маркази эканлигини ҳам исботлади”.
Жозеф Томас Исаак (Доминикана) “Ўзбекистон Ассамблеяда муҳим ташаббусларни илгари сурган давлат сифатида намоён бўлди”, деган бўлса, Пер Фердинандо Касини (Италия) “Ассамблеянинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақавий етакчилигини мустаҳкамлайди”, деган фикрни билдирди.
Қатар вакили Ҳасан Ал-Гаминнинг фикрича, “150-юбилей Ассамблеясининг Тошкентда ўтказилиши сўнгги йилларда ўз ислоҳотлари билан халқаро ҳамжамиятга намуна бўлаётган Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга”. Мальталик Анжело Фарружа эса “Тошкентдаги Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси замонавий дунё муаммоларини муҳокама қилиш учун ажойиб имкониятдир”, дея эътироф этди.
Парламентлар аъзолари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этдилар. Мамлакатимиз тинч-тотув яшаш, очиқлик, мулоқот ва яхши келажакка интилиш намунаси сифатида қабул қилинди.
Парламентлараро Иттифоқ президенти Тулия Эксон: “Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар юксак эътирофга лойиқ, зеро биз мамлакатингиз қандай ривожланаётганини кўриб турибмиз”, деб таъкидлади. Мамлакат барқарор ривожланаётгани муносабат билан Ўзбекистон Президенти ва Сенат Раисини яна бир бор табриклади.
Кажо-Гансах Доё (Гана) фикрича, “Бугунги Ўзбекистон мулоқот, ўзгаришлар ва очиқ келажак рамзидир”. Ўз навбатида, Али Рашид ал-Нуаймий (БАА) таъкидлаганидек, “Ўзбекистон – бирдамлик ва ҳукуматлараро мулоқот тимсоли”.
Манзоор Нодир (Гаяна): “Биз Ўзбекистон цивилизацияси тарихидан, яқин қўшнилар билан аҳил яшаш тажрибасидан кўп нарсани ўрганамиз”.
Нўмон Куртулмуш (Туркия): “Ўзбекистон – аждодларимиз Ватани”.
Лоренсо Бугли (Сан-Марино): “Ассамблеяда қабул қилинган муҳим ҳужжатлар барча халқларнинг фаровонлигига хизмат қилади”.
Рута Милуте (Литва): “Тошкент Ассамблеяси жуда самарали ўтди ва биз мамлакатингиздан энг яхши ечимларни олиб ққайтаётганимиздан мамнунмиз”.
Уилсон Сото Пласиос (Перу): “Ассамблея юқори даражада ташкил этилган бўлиб, унда жаҳон халқлари ҳаётига оид муҳим масалалар кўриб чиқилгани дииқатга моликдир”.
Ижтимоий ва гендер ташаббуслари юзасидан фикр билдирган экспертларнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя ва гендер тенгликни илгари суриш соҳасида ижобий намуна кўрсатди. Халқаро экспертлар ва депутатлар ушбу ютуқларнинг бошқа мамлакатлар учун ўрнак сифатидаги аҳамиятини қайд этдилар.
Хусусан, Сусан Амеро (Уганда): “Ўзбекистоннинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича муваффақиятли тажрибаси кўплаб мамлакатлар учун ўрнакдир”, деди. Шунингдек, Ксения Скэнлон (БМТ): “Аёллар ҳуқуқлари – барқарор ривожланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги кафолати”, деб таъкидлади.
Расмий шахсларнинг чиқишларида ҳам самимий қабул ва эътироф учун миннатдорлик акс этди. Парламент аъзолари ва экспертларнинг баҳолашича, Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг ташкил этилиши энг юқори даражада бўлган – рўйхатга олиш хизматлари ишидан тортиб иштирокчиларнинг хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлашгача – барчаси меҳмонларимизга маъқул бўлди.
Умуман олганда, Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси миллий парламентлар вакиллари томонидан юксак баҳоланди. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси ўзининг тарихий аҳамияти, кенг қамровли кун тартиби, фаол тажриба алмашиш ва халқаро парламент ҳамкорлиги ҳамда демократияни ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни намойиш этгани алоҳида эътироф этилди.
Янада аниқ қилиб айтганда, халқаро миқёсдаги парламентарийларнинг қайд этишича, Тошкент Янги Ўзбекистон парламент дипломатиясининг жадал ривожланаётган жаҳон маркази сифатидаги мақомини амалда тасдиқлади. Шунинг баробарида, пойтахтимиз глобал мулоқотни мустаҳкамлаш ва бугунги куннинг энг ўткир муаммоларини ҳал қилиш бўйича кейинги қадамлар қўйишнинг бошланғич нуқтаси сифатида тарихдан жой олди.
Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкент юбилей Ассамблеяси халқаро миқёсдаги тадбирлардан кўра анча муҳимдир. Чунки бу Ассамблея парламентлараро мулоқотнинг янги фалсафаси бўлиб, унинг марказида инсон, ҳуқуқлар, ишонч ва келажак туради. Айни жараёнда Ўзбекистон шунчаки қабул қилувчи томон эмас, балки парламентлар тобора муҳим роль ўйнаётган глобал парламент дипломатиясининг янги тўлқини етакчисига айланди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг мезбон сифатида танланиши, унинг янги кун тартибини шакллантиришдаги ташаббускорлик роли, шунингдек, муҳокама қилинаётган мавзуларнинг кўлами Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясини XXI аср парламент дипломатиясини ривожлантиришда бурилиш нуқтаси сифатида кўриб чиқиш имконини беради. Ўзгариб бораётган дунёда айнан парламентлар тинч ўзгаришлар, қонуний қарорлар ва барқарор ривожланишнинг драйверига айланиши мумкин.
Тошкент декларацияси, қабул қилинган резолюциялар, янги ташаббуслар ва иштирокнинг юқори даражаси халқаро парламент ҳамжамиятининг глобал таҳдидларга биргаликда жавоб бериш ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал қилишдан барқарор ривожланиш ва ижтимоий адолатгача бўлган адолатли ва барқарор сиёсий кун тартибини шакллантириш қобилиятини тасдиқлади. Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси халқаро ҳамжамиятнинг ошкоралик, масъулият ва тенглик тамойилларига таянган ҳолда қўшма қарорлар ишлаб чиқиш қобилиятини намойиш этди.
Янги ташаббуслар ва янгиланган резолюциялар инновациялар ва ўзгаришлар даврида глобал ҳамкорлик ва парламент дипломатиясини янада илгари суриш учун асос бўиши тайин. Янада муҳими, кўтаринки руҳ ва янгиланишларга интилиш кайфиятини намоён этган бу тарихий форум жаҳон ҳамжамиятининг мустаҳкам тинчлик, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни ўрнатиш йўлидаги келгуси фаолиятига йўналиш берди.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, академик
- Қўшилди: 29.05.2025
- Кўришлар: 196
- Чоп этиш