Марказ вакилининг мақоласи – аграр журналда

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг матбуот котиби Ғулом Мирзаев қаламига мансуб мақола “O‘zbekiston qishloq va suv xo‘jaligi” журналининг 2025 йил июнь сонида чоп этилди. Ушбу мақола “Oна замин гулласин, аммо чўлламасин” деб номланган бўлиб, 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш кунига бағишланган.

Мақолада қайд этилганидек, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Яқинда БМТ Бош Ассамблеяси "Ўрмонлардан барқарор фойдаланиш тамойилларига мувофиқ ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўн йиллиги" резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан тасдиқланган ушбу резолюцияга мувофиқ, бутун дунёда “2027-2036 йиллар – Ўрмонлаштириш  ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб эълон қилинди.

Халқаро ҳамжамият ҳақли эътироф этганидек, Ўзбекистон дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда фаол илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Экологик муаммоларнинг самарали ечими сифатида деградацияга учраган ерларда, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда ўрмонлардан барқарор фойдаланишни, жумладан ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклашни рағбатлантириш" резолюциясини қабул қилганди.

Ўзбекистон ҳар йили Наврўз байрами арафасида кўчат экиш учун "Марказий Осиё яшил белбоғи" минтақавий акциясини ўтказишни таклиф этди. Бундан мақсад кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришдир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда беш йил ичида бир миллиард туп дарахт экишни кўзда тутувчи кенг кўламли "Яшил макон" умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Бу мақсадлар учун 2025 йилда қўшимча 7,7 миллион доллар ажратилади.

Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубида экологик офат оқибатларини юмшатиш доирасида икки миллион гектар майдонда ўрмонзор барпо этилди. Экилган дарахтлар қум бўронларини тўхтатишга, экотизимни яхшилашга ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

Аслида ҳам, халқаро ҳамжамият медиа минбаридан янграган бу эътирофлар бежиз эмас. Президентимиз  қайд этганидек, бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётир. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. 

Бундай хатарларга жавобан Ўзбекистонда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган ва қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга ҳам киришилган. Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилгани айни йўналишдаги муҳим натижалардандир. 

Янада эътиборлиси, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини 2022 йил 10 июнь куни, яъни 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни арафасида қабул қилгани бежиз эмас, Зеро, айни эзгу интилиш ерлар деградациясига қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари уйғунлигидан далолат беради.

Муаллиф шунингдек, 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни тарихи ҳақида мухтасар тўхталган. Яъни, ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил 30 январда таъсис этилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қабул қилинган кун муносабати билан танланган.

Ўзбекистон Осиё минтақасидаги давлатлар орасида биринчилар қаторида БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенциясига аъзо бўлган. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирган. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech