18 июнь – Халқаро нафрат тилига
қарши курашиш куни
Бугунги дунё катта синовларни бошидан кечирмоқда. Глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга жиддий таҳдидлар тобора кучаймоқда, геосиёсий жараёнлар кўз ўнгимизда шиддат билан ўзгармоқда.
Жаҳонда қуролланиш пойгаси яна авж олмоқда. Йирик мамлакатларнинг ҳарбий харажатлари 2010 йилга нисбатан бир ярим баробар ортиб, 2,5 триллион долларга етди. Иқтисодий инқироз асоратлари, молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари эса кетма-кет уч йил давомида пасаймоқда.
Бу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқиндагина бўлиб ўтган тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ташвиш билан қайд этганидек, “Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия кучи заифлашмоқда. Энг ачинарлиси, инсоният учун энг долзарб муаммолар – озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағаллик, иқлим ўзгаришлари каби масалаларга эътибор камаймоқда. Дунёда тинчлик, адолат ва инсон қадрига бўлган умумий ишончни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда дунёда давлатлар иштирокидаги можаролар сони ўсишда давом этмоқда ва Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери энг юқори кўрсаткичга етди. Ослодаги Тинчлик тадқиқотлари институти (PRIO) олимларининг 2025 йил 11 июнь куни чоп этилган тадқиқотида қайд этилишича, 2024 йили 36 та давлатда 61 та можаро содир бўлган ва бу Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери ҳар қандай йилдагидан кўп.
Швециянинг “Uppsala Conflict Data Program” дастури маълумотларига кўра, ўтган йили дунё бўйлаб қарийб 160 минг киши ҳалок бўлган. Ушбу 1989 йилдан бери бешинчи энг юқори кўрсаткичдир.
Янада хавотирли томони шундаки, Стокголм Халқаро тинчлик институти (SIPRI) маълум қилишича, глобал ядро арсенали яна ўсиб бормоқда ва давлатларнинг риторикаси тобора тажовузкор бўлиб бормоқда. Агар “совуқ уруш”дан кейин ядро қуроллари аста-секин қисқартирилган бўлса, ҳозир бунинг акси: жанговар каллаклар модернизация қилинмоқда, янги учириш тизимлари қурилмоқда ва юкланган қурилмалар сони ортиб бормоқда.
Сайёрамиздаги урушлар, қурбонлар, қонлар, зиддиятлар, таҳлика ва таҳдид, хатар ва тажовузлар билан чамбарчас боғлиқ бундай нохуш “ўсиш”ларнинг замирида, бир томондан, турли томонларнинг манфаатлари турган бўлса, иккинчи томондан, одамзодга хос нафрат туйғуси ётибди.
Нафрат нима? Афсуски, халқаро ҳуқуқда ушбу атамага аниқ таъриф берилмаган. Шу боис “нафрат”, “нафратомуз”, “нафрат тили” каби тушунчаларни қўллашда жаҳон жамоатчилиги ўртасида ҳали ҳам турлича ёндашувлар ва қизғин баҳслар давом этмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти талқинига кўра, нафрат тили – инсонга ёки муайян гуруҳ аъзоларига уларнинг кимлигини – қайси дин, ирқ ва миллатга мансублиги, тана ранги, ижтимоий аҳволи ҳамда жинси қандайлиги каби фарқли омилларни писанда қилиб, тажовуз этиладиган ё таҳқирловчи ёхуд камситувчи ифодалар қўлланадиган оғзаки, ёзма ёки муомала-муносабат шаклидаги коммуникация, яъни ўзаро алоқанинг ҳар қандай туридир. Нафрат ҳамма учун бирдек хатарли бўлгани туфайли унга қарши курашда ҳамма бирлашиши зарур.
Афсуски, бугунги кунда нафрат тили дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Нафрат тилига хос бўлган тажовузкорлик эса ижтимоий бирдамлик ва бағрикенгликка ҳалокатли зарба беради, инсонларга руҳий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан путур етказади. Бундай зиёнкор ифода услубининг нафақат муайян инсонга ёки аниқ бир гуруҳ аъзоларига, балки бутун жамиятга зарари тегади.
Ер юзида одамзод яралибдики, унга муҳаббат ва нафрат ҳамиша ҳамроҳдир. Аммо, янги рақамли технологияларнинг изчил кенгайиб бораётган кўлами ва таъсири оқибатида ҳозирги вақтда нафрат тили – глобал миқёсда инсонларни бир-бирига қарши қўйиш, жамиятларни бўлакларга бўлиб ташлаш мафкурасининг тобора жадаллик билан тарқалаётган самарадор воситаларидан бирига айланиб бормоқда.
Нафрат тили – ёвузлиги ва вайронкорлиги билан ўзининг тобора янгича қиёфасини намоён этмоқда. Агар нафрат тилига қарши қатъий кураш олиб борилмаса, у тинчлик ва тараққиётга ҳам рахна солиши мумкин. Негаки, нафрат тили одамзод қалбига низо ва можаролар, инсон ҳуқуқларига қарши бешафқат ихтилофлар уруғини экади.
Шу маънода, БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йили бутун дунёда нафрат тилининг кенг тарқалиб бораётганидан глобал хавотир билдирган ҳолда, Нафрат тилига қарши курашишда динлараро ва маданиятлараро мулоқот ҳамда бағрикенгликни рағбатлантириш тўғрисидаги резолюцияни[1] қабул қилди. Резолюцияда камситиш, ксенофобия ва нафрат ҳиссини гижгижлаш ҳолатларига қарши курашиш зарурлиги эътироф этилди.
Бу борада тегишли субъектлар, жумладан давлатларга мурожаат қилиниб, улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар доирасида ушбу иллатга қарши курашни фаоллаштиришга чақирилди. Бош Ассамблея томонидан 18 июнь – Халқаро нафрат тилига қарши курашиш куни, деб эълон қилинди.
Нафрат тили наинки БМТнинг дастуриламал қадриятларини инкор этади, айни чоғда БМТ Низомида мустаҳкамлаб қўйилган инсон қадрини улуғлаш, тенглик ва тинчлик каби принцип ва мақсадларга ҳам мутлақо хилофдир. БМТ миссиясининг туб моҳияти инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва нафратга қарши курашишдан иборат экани назарда тутилса, ушбу халқаро ташкилот нафрат тилидек глобал муаммога қарши ҳамжиҳатликдаги курашнинг бошида туришга масъул эканини англаш қийин эмас.
Нафрат тилининг бузғунчи таъсири БМТ фаолиятининг кўплаб соҳаларига – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан тортиб, токи ёвузликларга барҳам бериш, тинчликни сақлаш, гендер тенгликка эришиш, болалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби соҳаларга қадар дахл қилмасдан қолмайди. Шунинг учун Халқаро нафрат тилига қарши курашиш кунининг таъсис этилиши – бу 2019 йил 18 июнда тақдим этилган БМТнинг Нафрат тилига қарши кураш бўйича стратегияси ва Ҳаракатлар режасининг қатъий талабидир.
Мазкур Стратегия ва Ҳаракатлар режаси БМТнинг айни йўналишдаги дастлабки умумтизимли ташаббуси ҳисобланади. Нафрат тилига қарши курашишга оид бу ташаббус БМТнинг айни соҳада давлатлар саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган муҳим дастурий асосдир.
Стратегияда нафрат тилига қарши курашишнинг ниҳоятда зарурлиги, бунда кенг кўламда, фикр ва сўз эркинлигига тўла амал қилган ҳолда, тегишли манфаатли томонлар, жумладан, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, технологик компаниялар ва ижтимоий тармоқлар платформалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлиги таъкидланган. Жорий йилда тўртинчи бор нишонланган 18 июнь – Халқаро нафрат тилига қарши курашиш куни доирасидаги тадбирларда шу каби масалаларга яна бир бор эътибор қаратилди.
Шундай қилиб, ўзбекчасига айтганда, нафрат – муайян шахсга ёки кишилар гуруҳига, ғояга ёки амалий фаолиятга нисбатан қаттиқ ғазаб ва жирканиш туйғуси. Нафрат – муҳаббатнинг зиддидир.
Ақлли, тўғри, ҳалол, пок ва виждонли инсон нопок, ўғри, порахўр, мунофиқ, ахлоқан бузуқ кишилардан ва уларнинг ишларидан ҳазар қилади, уларга нафрат билан қарайди. Қуръон ва ҳадисларда нопок, имонсиз, туҳматчи ва ғийбатчи кишилар ҳам нафратга лойиқ эканлиги таъкидланади.
Шу билан бирга, барчага яхши муносабатда ва қўлдан келганча фойдали бўлиш яхши ахлоқ ва юксак маърифат соҳибларининг сифатидир. Халқимиз нақл этганидек, “Хушхулқлик – жамол, камтарлик – камол”.
Хушхулқ ва камтар инсон – бошқаларнинг ҳақларига риоя қилган, ҳурмат кўрсатган ва ҳеч кимга зарари тегмаган комил инсондир. Бу эзгу инсоний фазилатни улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари шундай назмий тараннум этганлар:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурки, солимдур
Тилию илгидан мусулмонлар.
Бинобарин, Ҳадиси шарифда марҳамат этилганидек: “Мусулмон қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар эмин бўлган кишидир” (Бухорий, “Имон”, 4; Муслим, “Имон”,19).
Яъни, инсонларнинг ор-номуси, шарафи ва қадр-қимматига тажовуз қилиш ҳаром. Туҳмат қилиш, ғийбат қилиш, сўкиш, масхаралаш ёмон одат ва катта гуноҳдир. Инсонларнинг қалбини яралаган, кўнглини ўкситган бундай ҳаракатлар жамоатда биродарлик заифлашиб, бирлик ва аҳиллик бузилишига сабаб бўлади.
Буни қарангки, неча минг йиллар давомида ота-боболаримиз сизу бизни ўзга инсонларнинг жонига, молига, шарафига ва номусига тажовуз қилишдан қайтариб келганлар. Шунга қарамай, кейинги даврда ушбу муаммо бутун инсоният учун долзарб глобал таҳдидлардан бирига айланмоқда.
Ғулом МИРЗО
[1] https://documents-dds-ny.un.org/doc/UNDOC/GEN/N21/200/64/PDF/N2120064.pdf?OpenElement
- Қўшилди: 18.06.2025
- Кўришлар: 121
- Чоп этиш