Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 4-моддасида: “Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда сақланиши мумкин эмас; қуллик ва қул савдосининг барча кўринишлари тақиқланади”, – дея қатъий белгиланган бўлса-да, бу жиноят халқаро хавфсизликка таҳдид сифатида ҳануз сақланиб қолмоқда. Шу боис, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳар йили 30 июль санасини Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни сифатида нишонлайди. Ушбу куннинг
асосий мақсади – жамоатчилик эътиборини замонавий қулликнинг энг оғир кўринишларидан бири бўлган одам савдоси муаммосига қаратиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда жабрланганларни қўллаб-қувватлашдир.
“Одам савдоси” деганда куч ишлатиш, мажбурлаш, ўғирлаш, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки заифлигидан фойдаланиш йўли билан инсонларни ёллаш, ташиш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади. Ушбу жиноятнинг асосий мақсади – одамларни мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация, органларни ноқонуний трансплантация қилиш ёки бошқа эксплуатациявий фаолиятга жалб этишдир.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 25 млндан ортиқ инсон, асосан аёллар ва болалар одам савдосининг турли кўринишларидан жабр кўради. БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (УНОДC) ҳисоботларида таъкидланишича, сўнгги 15 йил ичида болалар орасидаги қурбонлар улуши уч баравар ошган. Бу эса ушбу жиноятнинг нафақат инсон ҳуқуқларига, балки халқаро хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид эканини кўрсатади.
АҚШ Давлат департаментининг 2023 йилги Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда 2022 йилда 93 нафар қурбон аниқлангани, уларнинг 81 нафари жинсий эксплуатацияга учраган аёллар ва вояга етмаган қизлар экани қайд этилган. Меҳнат эксплуатациясига жалб қилинган 12 нафар эркак эса асосан хорижда мажбурий меҳнатга жалб этилган.
Шунингдек, 2023 йилда Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) бўйича 126 та суд ҳукми чиқарилган, улардан 84 нафари озодликдан маҳрум қилинган, қолганлари жарима ёки шартли жазоларга ҳукм қилинган. Қизиғи, судланганларнинг аксарияти (111 нафари) аёллар бўлиб, бу жиноят тармоқларида аёлларнинг воситачилик ёки жиноятга мажбурланиш орқали қатнашаётганини кўрсатади.
2024 йилда эса январь-май ойларида 69 та судлов ҳукми чиқарилган, улардан 52 нафари озодликдан маҳрум қилинган, қолганлари муқобил жазоларга тортилган. Шу даврда 86 нафар қурбон аниқланган, уларнинг 63 нафари аёллар, 14 нафари эса болалар бўлган. Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони олдинги йилга нисбатан 22,9 фоиз ошган, бу эса муаммо жиддийлашиб бораётганидан далолат беради.
Одам савдоси бугунги кунда йилига 150 млн АҚШ доллари айланмага эга бўлган ноқонуний “саноат” сифатида тавсифланади. Ушбу фаолият коррупция, ноқонуний миграция ва терроризмни молиялаштиришга хизмат қилиши мумкин. Уюшган жиноят тармоқлари глобал таъминот занжирлари, рақамли платформалар ва миграция оқимларидан фойдаланиб, ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Шу боис, бу жиноятга қарши курашиш нафақат миллий, балки халқаро даражада мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни талаб этади.
Одам савдосига қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жабрланувчига йўналтирилган ёндашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тергов органлари қонунларни қатъий қўллаш, трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш ва молиявий оқимларни аниқлаш орқали жиноят тармоқларини йўқ қилишга қаратилган чораларни кучайтириши зарур.
2025 йилда Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунининг мавзуси – “Одам савдоси уюшган жиноятдир – эксплуатацияга чек қўйинг” – бизни яна бир бор глобал муаммога қарши бирлашишга чақиради. Ушбу муаммони бартараф этиш учун фақатгина ҳуқуқий мажбуриятлар эмас, балки халқаро ҳамкорлик, жамиятнинг фаоллиги ва жабрланувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ёндашув зарур.
Шодия ИСМОИЛОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази етакчи мутахассиси
«Iste'mol madaniyati» газетасининг 2025 йил 31 июль кунги 13 (204)-сони
- Қўшилди: 04.08.2025
- Кўришлар: 158
- Чоп этиш