Бугунги кунда жадид боболаримиз ҳақида кўп гапирмоқдамиз. Эндиликда у улуғ зотларнинг асарлари мунтазам нашр этилмоқда, жўшқин ҳаёт йўллари ҳам илмий асосда, ҳам оммабоп тарзда ўрганилмоқда. Бу борада изчилликни таъминлаш мақсадида “Жадид” газетасига асос солинди.
Аслида, жадидлар ҳам осмондан тушмаган, ҳар қандай эл-юртнинг зиёли инсонлари қатори оддий ва ҳаётий йўлдан борганлар. Яъни, дарсликлар ёзганлар, мактаблар очганлар, ёшларнинг хорижда таҳсил олишини уюштирганлар, газета-журнал чоп этганлар, кутубхона очганлар, китоб ёзганлар, нашр этганлар ва элга улашганлар, аҳолини китоб ўқишга – маърифатпарварликка рағбатлантирганлар.
Соҳибқирон Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда, «Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир». Нега деганда, китоблар миллий ўзлик ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Халқимизни китобхон миллатга айлантириш Янги Ўзбекистоннинг маърифий янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнги йилларда қабул қилинган устувор стратегик дастурлар доирасида, жумладан, беқиёс кўламдаги маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Китобхон ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларимиз учун зарур адабиётлар нашр этилмоқда ва кенг миқёсда тарқатилмоқда.
Биргина “Ўзбекистон-2030” стратегиясида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини кучайтириш мақсадида китобхон ёшларни 5 миллионга етказиш, ҳар йили 100 та энг энг яхши бадиий асар ва ёшлар учун мўлжалланган 50 та бадиий китоб яратиш ҳамда 40 миллионга яқин китоб фондини рақамлаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Мамлакатимизда китобхонликни тарғиб қилиш, китобхонлик маданиятини оширишга муҳим эътибор қаратилаётгани замирида ҳам аҳолини маърифатли қилишдек улкан мақсадлар мужассам. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, бир қанча китоблар муаллифи Маҳмудхон Тоировнинг яқинда нашрдан чиққан “Ҳикматга йўғрилган ҳаёт” номли китобини ўқир эканман, ана шу қиёсий мулоҳазалар хаёлимдан кечди.
Муаллифнинг янги китоби, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига кенг татбиқ этилаётган китобхонлик, китобсеварлик ва китобпарварлик муҳитини янада ривожлантириш ишига қўшилган мўъжазгина, айни чоғда, ўзига хос муносиб бир ҳиссадир. Зеро, бир томондан, китоб мутолааси глобал ахборотлашув шароитида мамлакатни ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожлантиришнинг асосий омилларидан бири сифатида эътироф этилса, иккинчи томондан, китобхонликка қизиқиш юқори бўлган жамият ҳаётининг деярли барча соҳалари баравж тараққий этаётганлигини кўриб-кузатиб турибмиз.
Аслида китоб нима ўзи? Китоб – билимлар кони, қадриятлар тимсоли, маънавий мерос қўрғони, цивилизациялараро мулоқот воситаси, ранг-баранг маданиятлар кўзгуси, моддий фаровонлик манбаи, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган ноёб ижод маҳсулидир. Башар аҳли китобнинг аҳамияти ана шундай ниҳоятда серқирралигини тобора теран англамоқда.
Шу ўринда Маҳмудхон Тоиров публицист, шоир ва таржимон сифатида серқирра ижод маҳсули – китоблари, мақолалари, шеърлари ва таржима асарлари билан Учинчи Ренессанс пойдеворини тиклашга азму-жазм этган жамиятимизда тобора кенгайиб бораётган маърифатпарварлик ишига имкон қадар ўз улушини қўшиб келаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, муаллифнинг 2014 йилда “Ҳаёт сўқмоқларида”, 2017 йилда “Ҳаёт битиклари”, 2018 йилда “Тафаккур неъматлари” (“Мысли вслух”), 2023 йилда “Тафаккур дурдоналари” номли фалсафий китоблари, 2016 йилда “Сен ва мен” шеърий тўплами нашрдан чиққан.
Маҳмудхон аканинг диплом бўйича мутахассислиги – геолог бўлса-да, ҳаётда давлат хизматчиси сифатида турли лавозимларда катта тажриба тўплаган. У киши журналист ва муҳаррир сифатида ҳам қалами обдан чархланган мутахассис. Янада муҳими, Маҳмудхон ака бадиий–фалсафий йўналишда ўзига хос овозга эга ёзувчи ва шоир ҳамдир.
Қолаверса, Маҳмудхон аканинг яна бир фазилати – икки тил, ўзбек ва рус тилида равон ёза оладиган ижодкорлиги янги китобнинг мазмун-мундарижаси янада теранлик ва кенг кўламлик касб этишида катта аҳамият касб этган. Асарга сўзбоши ёзган таниқли шоир ва журналист Тоҳир Долиев таъкидлаганидек, “Бу китоб унинг (Маҳмуд аканинг – Ғ.М.) 70 йиллик ҳаёт йўли, 50 йиллик меҳнат ва ижодий фаолияти, жамиятда, замондошлар орасидаги нуфузи ҳақидаги рисоладир”.
“Ҳикматга йўғрилган ҳаёт” китоби уч бобдан иборат. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу битиклардаги бош образ – инсон, унинг ҳаёти ва қалб дунёсидир. Китобнинг бошидан-охиригача барча саҳифаларда айнан инсон кечинмалари, турмуш ташвишлари, соғинчу аламлари ва орзу-умидлари ўз аксини топган.
Хусусан, биринчи боб муаллифнинг публицистикасига бағишланган бўлиб, кейинги саккиз йил давомида даврий матбуотда эълон қилинган 28 та мақолани ўзида жамлаган. Муҳими, бу мақолалар шунчаки “ҳаво”дан олиб, яъни ўйлаб-тўқиб ёзилмаган. Аксинча, улар муаллиф иштирок этган воқеа-ҳодисаларнинг бевосита таъсирида битилган, шунинг учун ҳам барчаси таъсирчан ва ниҳоятда ўқишли.
Масалан, “Сўнгги дийдорлашув” номли мақолада ўзбек халқининг асл фарзанди, атоқли давлат ва жамоат арбоби, таниқли ёзувчи ва шоир, оташин публицист Шароф Рашидовнинг1983 йили бевақт оламдан ўтиши билан боғлиқ қайғули воқеа тафсилотлари қаламга олинган. Ўшана эндигина 28 ёшни қаршилаган навқирон Маҳмуджоннинг зиммасига катта масъулият юкланади. У ўзи хизмат қилаётган халқ депутатлари Тошкент вилояти ижроия қўмитаси раҳбарияти ва ходимлари номидан Шароф отанинг тобути пойига гулчамбар қўйиш учун масъул этиб тайинланади.
Муаллиф ана шу масъулиятли вазифани қандай адо этганини ёрқин ва ғамгин лавҳаларда ифода этар экан, мақола якунида кейинчалик Шароф Рашидов номини булғаш учун қанчадан-қанча бўҳтон тошлари отилгани ҳақида ҳам сўз юритади. “Лекин ҳеч қандай қора бўёқлар уларнинг тоза ва пок ҳаётларига, халқ орасидаги обрўларига путур етказа олмади! Мустақиллик йиллари Шароф Рашидовнинг номи муносиб тарзда тикланди. Адолат қарор топди”, деб қайд этади М.Тоиров.
Мақолаларнинг салмоқли бир туркуми Сайёра Шарофовна Рашидова, Оқил Умурзоқович Салимов, Мирза Маҳмудович Мусохонов каби машҳур давлат ва жамоат арбобларининг ибратли ҳаёт йўлига бағишланган бўлса, яна бир туркум мақолаларда Туроб Холтоев, Эркин Шайхов, Абдулҳамид Саидхўжаев, Пўлат Абдураҳмонов, Абдухолиқ Айдарқулов, Усмонали Умаров, Неъматилла Худойбергенов, Григорий Дубовский сингари моҳир раҳбарлар ва заковатли олимларнинг фаолиятига тааллуқли қизиқарли воқеалар ҳикоя қилинган.
Муаллиф ўз мақолаларида атоқли адиб Чингиз Айтматов, ҳассос шоирлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шуҳрат, Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Ориф Одилхонов ва Асрор Мўмин, журналистлар Анвар Жўрабоев, Сафар Остонов, Фармон Тошев, таниқли рассом Рўзи Чориев, Фан арбоби Ҳамид Сулаймон, академиклар Шавкат Воҳидов, Обидхўжа Акрамхўжаев, Шавкат Акмалхонов, Шодмон Номозов билан бўлиб ўтган юз-юз мулоқотларини ғоятда жонли тасвирлайди. Шунингдек, Ғуломмаҳмуд Абдуллаев, Маҳмуд Исматов, Маҳмуд Мўйдинов, Маҳмуд Мирзаев, Аъзам Абдувалиев, Карим Юсупов каби қишлоқ хўжалиги соҳасининг жонкуяр олимлари ва фидойи етакчилари билан бўлган учрашувлари тафсилотлари яна бир туркум мақолаларда ифодасини топган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Тоировлар сулоласи юртимиз ҳаётининг турли соҳалари учун бир қатор сара мутахассисларни етказиб берган. Хусусан, 1960-1983 йилларда Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов Сирдарё ва Жиззах вилоятлари пахта далаларига ташриф буюрганда, Маҳмудхон аканинг амакиси Абдулҳай Тоиров пахтачилик билимдони сифатида у кишига доим ҳамроҳ бўлганлар. Китобдан ана шу чўлқуварлар отахони хотирасига тааллуқли саҳифалар ҳам ўрин олган.
Китоб муаллифи “Кўпларга устозлик қилган деҳқон отам” мақоласида падари бузруквори Абдулҳақ Тоировни эслайди. У киши аввалбошда оддий колхозчи, табелчи, хўжалик мудири бўлиб ишлаган бўлса, кейинчалик туман, вилоят ва республика даражасидаги ишлаб чиқариш корхоналарида раҳбарлик лавозимларида фидокорона меҳнат қилган.
Ўз навбатида, “Қуёшга монанд она юраги” номли мақола муаллифнинг волидаи муҳтарамаси Тоҳирахон Мўминхўжа қизига бағишланган. Хусусан, Маҳмудхон ака: “онам оқилалиги, заҳматкашлиги билан рўзғорда учраб турадиган камчиликларга қарамасдан, олти нафар фарзандининг барчаси олий маълумот олишига асос бўлди”, деб ёзади онаизори ҳақидаги хотираларида.
Бундан ташқари, муаллифнинг акаларидан бири Носирхон ака – таржимон ва журналист, Мансурхон ака – файласуф, укалари Фозилхон ака – банк соҳасининг пири, у кишининг фарзанди Алишербек – ёш ижодкор, Маҳмудхон аканинг ўғли Азаматбек – навқирон муҳаррир ва ношир ҳисобланади. Китобда маърифатга, илм ва ижодга ошно бўлган ушбу инсонларга оид маълумотлар ҳам қайд этилгани эътиборга лойиқ.
Китобнинг иккинчи бобида Маҳмудхон Тоиров йиллар мобайнида ёзиб, тўплаб ва матбуотда эълон қилиб борган, мухлислари томонидан “миниатюра асарлар” деб эътироф этилган ҳикматли битиклар ҳамда шеърлар тақдим этилган. Бу боб 12 та фаслдан иборат. Жумладан, “Фикрат дурдоналари” фаслида шундай ёруғ фикр диққатимизни тортди: “Умид – ғалабага бошлар, умидсизлик – мағлубиятга”.
Китобдаги учинчи бобда Маҳмудхон Тоиров замондошларининг дил изҳорлари жамланган. Йигирмадан ортиқ фаслдан иборат ушбу бобда муаллиф билан узоқ йиллар давомида бирга ишлаган ҳамкасблари, ижодий ҳамкорлари, дўстлари ва оилавий борди-келди қиладиган қадрдон инсонларининг эзгу тилаклари битилган.
Яна бир муҳим жиҳат: китоб саҳифалари кўпдан-кўп тарихий ва рангли фотосуратлар билан безатилган. Камина аввало ўзининг мақоласига ҳавола этилган суратлар билан танишиш асносидаёқ амин бўлганидек, китобда матн ва тасвир уйғунлиги таъминланган ва бу ҳам бир ажиб маҳорат, десак, янглишмаймиз.
Муҳими, бундай серқирра китоблар бизга ҳаётни ўргатади, ҳар биримизни дунё сир-синоатлари ва маърифатидан баҳраманд этади, билим ўргатишнинг энг қудратли омили ва билимни асрашнинг ишончли воситаси бўлиб хизмат қилади, маърифатга ошно айлайди, дунёдаги турфа маданиятлар ва анъаналарнинг маъно-моҳиятини англашга кўмаклашади, яшаш ҳамда ижод қилишга доимо илҳомлантириб туради. Зеро, улуғ аллома аждодимиз Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари сўзлари билан айтганда, “Китоб — саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули дамларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.
Хулоса қилиб айтганда, китоб ва китобхонлик ҳар бир даврнинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб келган. Ҳозирги кунда унинг долзарблик кўлами янада ортди. Чунки китоб ўқишда ҳикмат кўп. Кенг дунёқараш ва билимга эга бўлишда китобнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.
Бугунги тараққий этаётган техника даврида кўпчилик мутолаага вақт ажрата олмаслиги мумкин. Аммо ҳар қандай вақтда ҳам китоб ўқишга вақт топган инсон ютади. Бир нарсани унутмаслигимиз керак, яқинларни китоб ўқишга даъват қилиш уларга яхшилик тилаш ҳисобланади. Бинобарин, камина ҳам Сизни фароғатли мутолаага чорлаб қолажак.
Ғулом МИРЗО,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
“AGRO BIZNES INFORM” журнали 2025 йил №3 - сони
- Қўшилди: 06.08.2025
- Кўришлар: 190
- Чоп этиш