Фарғона шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан қирғизистонлик ҳамкорлар ва Тинчликни барпо этиш хаби кўмагида илк бор "Интимак куни" (“Бирдамлик куни”) ташкил этилди.
Ушбу тадбир Марказий Осиё давлатлари ўртасида мулоқот, ишонч ва ҳамкорликнинг янги минтақавий майдонига айланиши кутилаётган Биринчи Фарғона тинчлик форуми доирасида бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
А.Саидов қирғиз тилидаги "интимак" сўзининг ўзбекча таржимаси бирдамлик, жипслик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик деган маъноларни англатишини ва ушбу тушунча чуқур рамзий моҳиятга эгалигини таъкидлади. Шу жиҳатдан, "Интимак куни"нинг асосий мақсади давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ҳамкорларнинг халқлар ўртасида ижтимоий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳисобланади.
Ушбу тадбир асрлар давомида халқлари тинч-тотув, ўзаро ёрдам ва ҳурмат кайфиятида яшаб келган бутун минтақамиз руҳини ўзида ифодалайди. Бугун Марказий Осиё дунёга яхши қўшничилик ва самарали ҳамкорлик намунасини кўрсатаётган бир пайтда бирдамлик ғояси янги, стратегик аҳамият касб этмоқда.
"Интимак куни" дастури барқарор тинчлик ва тараққиётнинг асосий жиҳатларига бағишланган бир қатор сессияларни ўз ичига олган.
А.Саидов аёллар етакчилигини тинчлик, ижтимоий барқарорлик ва ишончни мустаҳкамлаш омили сифатида қўллаб-қувватлаш асосий йўналишлардан бирига айланаётгани ҳақида сўзлади. Бинобарин, Ўзбекистон бугунги кунда гендер тенгликни мустаҳкамлашда изчил ва тизимли ёндашувни намоён этмоқда.
Мамлакатимизда миллий даражада хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун мустаҳкам қонунчилик асослари ва институционал пойдевор яратилган. Кейинги даврда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида" ва "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди, 2023-2024 йилларда эса оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик ва болаларни зўравонликнинг барча кўринишларидан ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилди.
Ўзбекистон ушбу соҳадаги асосий халқаро ҳужжатларга – БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин Ҳаракатлар платформаси ва Барқарор ривожланиш мақсадларига қўшилди, 2030 йилга қадар аёллар ва қизларнинг тенглиги ҳамда зўравонликдан ҳимояланишини таъминлаш мажбуриятини олди. Бундан ташқари, "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" бўйича 1325-сонли резолюцияни амалга ошириш юзасидан Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Давлат тузилмаларида ҳам, маҳаллий даражада ҳам аёллар лидерлигини изчил ривожлантириш ишлари давом этмоқда. Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида аниқ кўрсаткичлар белгиланди ва бу борада турли йўналишларда сезиларли ютуқлар қўлга киритилди.
Хусусан, 2025 йилда сиёсий партияларда аёллар улушини 49 фоизга етказиш бўйича белгиланган мақсадга, шунингдек, сиёсий партиялардаги раҳбарлик лавозимларида аёллар улушини 41 фоизга етказиш бўйича кўрсаткичга ҳам жорий йил бошига қадар эришилди. Давлат бошқаруви ва одил судлов соҳасида бошқарув лавозимларида аёллар улуши бўйича режадаги кўрсаткичлардан ҳам юқори натижалар қайд этилди, яъни 28 фоизлик режа ўрнига 2025 йилда амалда 30,1 фоизга эришилди.
Айниқса, таълим соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш борасида сезиларли натижалар таъминланди. Давлат бошқаруви академиясида раҳбарлик кўникмаларини ошириш курсларини тамомлаган аёллар улуши 2025 йилда 56 фоизни ташкил этиб, бу борадаги мақсадли кўрсаткич бир неча баробар ошириб бажарилди.
Янги Ўзбекистонда аёллар лидерлигини ривожлантириш билан бир қаторда, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Миллий марказ директори бу ҳақда сўз юритар экан, бугунги кунда дунё аҳолисининг 2 миллиарддан ортиғи навқирон йигит-қизлар эканлиги ва айни рақам инсоният тарихидаги ёшлар сони бўйича рекорд кўрсаткич эканини қайд этди. Бу ёшларнинг деярли 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади.
Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг 60 фоиздан зиёд қисмини ташкил этувчи ёшлар – шунчаки демографик омил эмас, балки кучли стратегик ресурсдир. Минтақанинг эртанги қиёфаси улар ўзларининг салоҳияти, куч-ғайрати ва ташаббусларини қанчалик самарали рўёбга чиқаришига боғлиқ. Ёш авлод учун ишонч, қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик муҳитини яратиш – тинчликни барпо этишнинг энг муҳим унсурларидандир.
Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистон ёшлари – жамиятни ўзгартиришнинг фаол субъекти ва модернизациянинг муҳим ресурси, шунингдек, иқтисодий ўсиш ва авлодлар фаровонлигини таъминлашнинг энг қимматли кадрлар салоҳиятидир. Келгуси йигирма йил ичида бугунги болалар ва ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта ишчи кучига айланади. Бугунги кунда ёшлар ривожланишига тўғри сармоя киритилса, айнан улар Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқадиган авлод бўлиши мумкин.
Шу маънода, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинди. Мамлакатда Бош вазир раислигида Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш иш бошлади, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари ташкил этилди.
Ёшларнинг сифатли таълим олиши, чет тилларни ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида 325 минг нафар ёш ўқитилди. Фақатгина 2024 йилнинг ўзида 150 минг нафар йигит-қиз халқаро тил сертификатларига эга бўлди – бу 2023 йилга нисбатан икки баробар кўпдир.
Халқаро ҳамжамият ҳар қандай жамият тараққиётида соғлом ва баркамол ёш авлод, ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, шу жамиятнинг келажаги боғлиқ ёшлар ҳал қилувчи роль ўйнашини эътироф этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар стратегиясини тезкор амалга оширишда етакчи сифатида белгиланган ўнта давлат қаторидан жой олди. Бу мамлакатларда БМТ Ёшлар стратегияси доирасида ташкилот томонидан қўллаб-қувватланадиган бир қатор ёшларга оид ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Тадбирнинг турли сессияларида Фарғона водийсини бирлаштириб турадиган минтақамиз мамлакатлари – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, халқаро экспертлар ҳамда хорижий мутахассислар тегишли мавзулар юзасидан сўзга чиқдилар.
- Қўшилди: 20.10.2025
- Кўришлар: 90
- Чоп этиш