ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: ИНСОН ҚАДРИ УСТУВОР, ИЖТИМОИЙ АДОЛАТ ТАЪМИНЛАНГАН ЖАМИЯТ САРИ
(Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон анжумани якунлари бўйича айрим мулоҳазалар)
“Биз кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган тамойил устувор бўлган, ижтимоий адолат таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли самарали ҳимоя қилинган жамият барпо этмоқдамиз. Бу йўлдаги қатъий позициямиз янги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми эълон қилинди”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Очлик ва қашшоқликнинг кучайишидан тортиб иқлим беқарорлигигача бўлган глобал муаммолар чуқурлашиб бораётган бир пайтда, 2025 йил 4-6 ноябрь кунлари Доҳада Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтди. Тобора ортиб бораётган тенгсизлик, демографик ўзгаришлар, жадал технологик ва экологик янгиланишлар шароитида Бутунжаҳон саммити глобал мулоқот ва ҳамкорликдаги ҳаракатлар учун ғоят муҳим майдон яратди.
Қатар давлати пойтахти – Доҳада ўтказилган иккинчи Бутунжаҳон саммитида дунёнинг 40 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 170 нафар вазир, халқаро ташкилотлар етакчилари, ёшлар ҳаракатлари лидерлари, фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди. Жами 14 мингдан зиёд иштирокчининг асосий эътибори ижтимоий ривожланиш масалаларини олий даражада муҳокама қилиш ва ижтимоий тараққиётга туртки бериш, бунда глобал кўламдаги барқарор ривожланиш йўлидан ҳеч ким четда қолиб кетмаслигини кафолатлаш истиқболларига қаратилди.
Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2024 йилдаги 78/261 ва 78/318-резолюциялари билан 2025 йилда Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитини ўтказишга қарор қилинган. Бундан мақсад халқаро ҳамжамиятнинг Ижтимоий ҳимоя тўғрисидаги Копенгаген декларацияси ва Ҳаракатлар дастурига ва ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлашга содиқликни тасдиқлаш ҳамда 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартиби бажарилишини жадаллаштиришдан иборат.
Ижтимоий ривожланиш бўйича биринчи Бутунжаҳон Копенгаген саммити якунларига назар
Копенгаген декларацияси ва Ҳаракатлар дастури дунё давлатлари раҳбарлари томонидан 1995 йили бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича биринчи Бутунжаҳон саммитида қабул қилинган. Бу ҳужжатларда ўнта мажбурият – қашшоқликни тугатиш, тўлиқ бандликни таъминлаш ҳамда инклюзив, адолатли ва барқарор жамиятлар қуришнинг асосий тамойиллари белгилаб берилган. Копенгаген декларациясининг марказида ижтимоий ҳимоя туради, зеро у қашшоқликни камайтириш, тенглик ва умумий фаровонликни таъминлашнинг кучли воситасидир. Ижтимоий таъминот ҳуқуқини рўёбга чиқариш ва ижтимоий адолатни қўллаб-қувватлаш учун универсал, инклюзив ва барқарор ижтимоий ҳимоя тизимларини мустаҳкамлаш лозим.
Ўтган 30 йил давомида халқаро ҳамжамият ижтимоий ривожланиш соҳасида қатор мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олди. Хусусан:
биринчиси, 2000 йилда – Мингйиллик ривожланиш мақсадлари (МРМ) қашшоқлик, соғлиқни сақлаш ва таълим масалаларини ҳал этиш учун қабул қилинди;
иккинчиси, 2015 йилда – Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ишлаб чиқилди, улар янада адолатли ва барқарор келажакка эришиш йўлларини белгилаб берди;
учинчиси, 2017 йилда – БМТнинг Қашшоқликни тугатиш бўйича учинчи ўн йиллиги (2018 – 2027 йиллар) эълон қилинди. Ушбу Дастур қашшоқликни тугатишга оид халқаро даражада келишилган ривожланиш мақсадларини самарали ва мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширишга кўмаклашиш учун ишлаб чиқилди;
тўртинчиси, 2021 йилда – Умумий кун тартиби қабул қилинди, у янгиланган инклюзив кўп томонлама ҳамкорликка даъват этди;
бешинчиси, 2024 йилда – Келажак учун битим имзоланди. У Глобал рақамли шартнома ва Келажак авлодлар тўғрисидаги декларацияни ўз ичига олган бўлиб, тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши, рақамли ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари, гендер, ёшлар ва келажак авлодлар билан боғлиқ масалаларни қамрайди.
БМТ маълумотларига кўра, глобал миқёсда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида белгиланган 137 та вазифанинг 35 фоизи режа бўйича ёки ўртача муваффақият билан бажарилмоқда. Вазифаларнинг 47 фоизи етарли даражада тез суръатда бажарилмаяпти, 18 фоизи бўйича эса 2015 йилдаги бошланғич кўрсаткичларга нисбатан орқага кетиш кузатилмоқда.
Барқарор ривожланиш соҳасидаги бир қанча мақсадларга эришишдаги тараққиёт нотекис ва чекланган хусусиятга эга, бироқ барча ҳудудлар ва мамлакатларда сезиларли ютуқлар қайд этилаётгани бу борада ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Копенгаген декларацияси қабул қилинганидан кейинги 30 йилда дунёда ишсизлик даражаси пасайди ва ўта қашшоқлик кўрсаткичлари икки баравар қисқарди.
Сўнгги ўттиз йил ичида 1,5 миллиард киши қашшоқликдан қутқарилди. Хусусан, 2015 йилдан буён глобал пандемиянинг жиддий оқибатларига қарамай, бутун дунё бўйлаб ўта қашшоқлик даражаси пасайди ва ишлайдиган камбағаллар тоифасига кирувчи шахслар сони 20 миллионга қисқарди.
Соғлиқни сақлаш кўрсаткичлари ҳам яхшиланди: 2024 йилда инсон умри давомийлиги – 1995 йил билан солиштирганда 8,4 йилга узайиб – 73,3 ёшга етди. Бу бирламчи тиббий-санитария ёрдами, иммунизация ва касалликларга қарши кураш чораларининг кенгайиши ҳамда болалар овқатланишини яхшилаш натижасидир. Дунё аҳолисининг ярмидан кўпи (52,4 фоизи) биринчи марта камида битта ижтимоий ҳимоя нафақаси билан қамраб олинди. Бу кўрсаткич 2015 йилдаги 42,8 фоизлик кўрсаткичдан юқори ҳисобланади. Ўрта мактабнинг юқори синфларини битираётган ёшлар улуши 2015 йилдаги 53 фоиздан 2024 йилда 60 фоизгача кўтарилди ва саводхонлик даражаси ошмоқда. Бундан ташқари, таълим соҳасида гендер тафовутининг изчил қисқариши кузатилмоқда.
Шундай бўлса-да, жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда: БМТ Тараққиёт дастурининг баҳолашига кўра, тахминан 800 миллион киши ҳали ҳам ўта қашшоқликда яшаяпти. Дунёда бир миллиарддан ортиқ одам ҳамон камбағаллик шароитида яшаётган бўлса, сайёрамиз аҳолисининг 40 фоизи ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Ҳанузгача сезиларли тенгсизлик кузатилмоқда, бу биринчи навбатда аёллар ва ёшларга таъсир қилади. Таркибий тенгсизликни бартараф этиш учун иқтисодий ўсишнинг ўзи етарли эмас: у иқлим ўзгариши, демографик муаммолар ва можаролар туфайли янада кучаймоқда.
Технологиялар ижтимоий бирдамликнинг заифлашиши ва ишончнинг йўқолишини тезлаштирмоқда. Рақамли платформалар алоқани сақлаб қолиш имкониятларини кенгайтирса-да, айни пайтда улар дезинформация ва нафрат тилининг таъсирини кучайтирмоқда.
Ижтимоий тараққиёт бўйича иккинчи Бутунжаҳон Доҳа саммити:
мазмуни ва имкониятлари
Копенгаген саммитидан кейин 30 йил ўтгач, иккинчи Бутунжаҳон Доҳа саммити ҳеч кимни ортда қолдирмаслик ва ҳар бир инсонга – ёши, қобилияти, жинси ёки келиб чиқишидан қатъи назар – муносиб яшаш ва ривожланиш имкониятини бериш бўйича янгиланган глобал қатъиятни амалда намоён этди.
Жаҳон етакчилари Ижтимоий тараққиёт бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитида Доҳа сиёсий декларациясини қабул қилиб, янада адолатли ва инклюзив жамият қуришга глобал садоқатни тасдиқлади. Ҳужжатда таъкидланганидек, ижтимоий тараққиёт нафақат ахлоқий императив, балки тинчлик, барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг зарурий шартидир.
Саммит доирасида Ижтимоий ривожланиш бўйича ечимлар форуми муҳокамалари, Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича глобал альянс етакчиларининг биринчи йиғилиши, "Таълим – янги ижтимоий шартноманинг асоси" номли юқори даражадаги тадбир, шунингдек, Фуқаролик жамияти форуми, Хусусий сектор форуми ҳамда интерактив "Ечимлар майдони" каби муҳим тадбирлар бўлиб ўтди.
Бугунги кунда 670 миллиондан ортиқ одам очликдан азият чекаётган, 2,3 миллиард киши эса озиқ-овқат муаммосини бошдан кечираётган бир пайтда, Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянснинг юқори даражадаги биринчи йиғилишида инқироз озиқ-овқат етишмовчилиги билан эмас, балки тенгсизлик, можаролар ва нотўғри сиёсий қарорлар билан боғлиқлиги таъкидланди. Бразилиянинг "Катта йигирматалик"даги раислиги даврида, яъни 2024 йилда ташкил этилган Глобал альянсга 200 га яқин иштирокчи – ҳукуматлар, минтақавий бирлашмалар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари киради. Учрашувнинг асосий мақсади – альянс ичидаги ҳамкорликни кучайтириш: ижтимоий ҳимояни кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва иқлим ўзгаришига чидамли деҳқончиликка сармоя киритишдан иборат. Бу ҳукуматларнинг "барча учун ижтимоий ривожланишга эришиш мақсадида қулай иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва ҳуқуқий муҳит" яратиш бўйича мажбуриятларини тасдиқловчи глобал чақириқдир.
Ижтимоий адолат учун Глобал коалиция форумида яшаш минимумини ошириш, меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқларга риоя этиш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя қамровини кенгайтириш, истиқболли касб-ҳунар таълими тизимларини яратиш бўйича ташаббуслар қашшоқликни тугатиш, муносиб иш ўринлари яратиш ҳамда ижтимоий ўзгаришлар ва ижтимоий интеграцияни рағбатлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Бугунги кунда юқори даромадли мамлакатлар ижтимоий ҳимояга (соғлиқни сақлашдан ташқари) ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 16 фоизини сарфлайди. Таққослаш учун, паст даромадли мамлакатларда бу харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизини ташкил этади. Бу эса инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини кўрсатади. Мажбуриятларга мувофиқ, мамлакатларга қамровни ҳар йили 2 фоизга кенгайтиришга интилиш тавсия этилмоқда.
Таълим қашшоқлик ҳалқасини узишда, муносиб иш учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантиришда, шунингдек, тенглик ва инклюзивликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундай бўлса-да, эришилган ютуқларга қарамай, миллионлаб болалар ҳамон мактабга бормаяпти ва глобал инқирозлар, жумладан можаролар, иқлим ўзгариши, пандемиялар ва рақамли тенгсизлик машаққат билан қўлга киритилган ютуқларни йўққа чиқармоқда. Ижтимоий саммитнинг Доҳа декларациясида умр бўйи таълим олиш ёндашуви доирасида қашшоқликни камайтириш стратегияларининг асосий таркибий қисми сифатида сифатли таълимни жорий этишга даъват мавжуд. Доҳа декларациясида, шунингдек, келажакдаги меҳнат бозорлари учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган "яшил" ва рақамли иқтисодиётга ўтиш учун зарур кўникмаларнинг муҳимлиги таъкидланган.
Доҳа сиёсий декларацияси халқаро ҳамжамиятнинг 1995 йилги Копенгаген декларацияси ва 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш кун тартиби тамойилларига содиқлигини ва бундай ёндашувнинг давомийлигини тасдиқлайди. Декларацияда бир-бирини тўлдирувчи учта иш йўналиши ҳақида сўз юритилади. Булар: қашшоқликни тугатиш, барча учун бандлик ва муносиб меҳнатни таъминлаш ҳамда янада инклюзив жамият яратишдир. Доҳа декларацияси ижтимоий адолатни тинчлик, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари билан боғлайди ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасида шошилинч чоралар кўришга чақиради.
Доҳа декларацияси қашшоқлик ва очликка қарши курашиш, таълим, соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгаришларига бардошлилик ва гендер тенгликни қамраб олган кенг қамровли, ўзаро боғлиқ ечимларни талаб этади. Декларация қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши қошидаги Ижтимоий ривожланиш комиссиясига юклатилган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъбири билан айтганда, "Доҳа сиёсий декларацияси – бу ривожланиш учун туртки, умумий ижтимоий ҳимояни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълимдан тенг фойдаланишни таъминлаш ҳамда рақамли тафовутни бартараф этишга қаратилган инсонлар учун режадир". БМТ Бош котиби ривожланиш ва иқлим ташаббусларини молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун, айниқса қарз муаммоларига дуч келаётган ривожланаётган мамлакатларда глобал молиявий тизимни зудлик билан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади.
Янги Ўзбекистон: глобал ижтимоий тараққиёт бўйича
янги ташаббуслар
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон Доҳа саммитида сўзга чиқиб, глобал ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклиф ва ташаббусларни тақдим этди. Ўзбекистон раҳбарининг нутқида таъкидланганидек, "Бугунги кунда ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳоли турмушини яхшилаш борасида дунё ҳамжамияти ва миллий ҳукуматлар биргаликда ҳаракат қилаётгани эътиборга моликдир. Ўзбекистон барқарор тараққиёт сари барча халқаро ҳамкорлик форматлари ва ташаббусларини доим қўллаб-қувватлайди”.
Янги Ўзбекистонда "Инсон қадр-қиммати – олий қадрият" деган устувор тамойил қарор топаётган, ижтимоий адолат, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини самарали ҳимоя қилиш таъминланаётган жамият барпо этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Дунёда мураккаб ижтимоий-иқтисодий жараёнлар юз бераётган ва ўзаро ишончсизлик ортиб бораётган шароитда Ўзбекистон Президенти глобал ижтимоий сиёсатни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор янги ташаббус ва таклифларни илгари сурди.
Биринчи ташаббус – Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этиш. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 1,1 миллиарддан ортиқ киши қашшоқликда ҳаёт кечирмоқда. Ўзбекистонда давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига йўналтирилган. Жаҳондаги ижобий тажрибаларни ўрганиш асосида камбағалликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели ишлаб чиқилди. Энг аввало, ўтиш даврининг муҳим воситаси сифатида манзилли ижтимоий дафтарлар ("Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари", "Меҳрибонлик дафтари") жорий этилиб, барча эҳтиёжманд оилалар қамраб олинди. Натижада 2,3 миллиондан ортиқ эҳтиёжманд оила, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар кафолатланган ижтимоий ҳимоя билан таъминланди. Бу 2017 йилга нисбатан тўрт баравар кўпдир.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун глобал миқёсда ривожланаётган мамлакатларга 4 триллион доллардан ортиқ маблағ керак бўлмоқда. Бундай шароитда хатарларни холис баҳолаш, ривожланаётган мамлакатларнинг ижтимоий дастурларига молиявий ресурсларни жалб этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича "камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий тизими"га эҳтиёж туғилмоқда. Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2026 йилда Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражадаги анжуман ўтказишни таклиф этмоқда.
Иккинчи ташаббус – Ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббусни ишлаб чиқиш. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, 2024 йилда глобал ишсизлик даражаси 5 фоизни ташкил этган. Юқори технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал суръатларда жорий этилиши бутун дунёда миллионлаб иш ўринларининг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Бундай шароитда Ҳукумат ва бизнес сектори ўзаро ижтимоий ҳамкорлар сифатида ходимларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.
Шуни таъкидлаш жоизки, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётига 130 миллиард долларлик инвестиция жалб этилди, кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди, доимий иш ўринлари яратилди. Ўтган даврда миллий иқтисодиётимиз 2 баробар ўсгани, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад йил якунига қадар 3,5 минг долларга етиши муҳим омил ҳисобланади. Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, меҳнатни муҳофаза қилишни, кафолатланган ижтимоий ҳимоядан фойдаланишни таъминлаш учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституция, Меҳнат кодекси, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги ва "Касаба уюшмалари тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди.
Учинчи ташаббус – Ўзбекистонда очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянс саммитини ўтказиш ва таълим масаласини кун тартибидаги асосий масала сифатида белгилаш. Бугунги кунда саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион АҚШ долларига баҳоланмоқда. Бу ҳолат ёш авлод учун ижтимоий ҳаётда ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишни қийинлаштиради ҳамда тенгсизликнинг кескин ўсишига олиб келади.
Ўзбекистон Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянсга расман қўшилди, бу эса мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни кучайтириш йўлидаги муҳим қадамдир. Ушбу қадам глобал озиқ-овқат хавфсизлигига оид тобора ортиб бораётган хавф-хатарларга ҳамда Ўзбекистоннинг очлик, қашшоқлик ва тенгсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этиш истагига мутаносибдир. Глобал альянсда иштирок этиш мамлакатга тажриба алмашиш, халқаро сармояларни жалб қилиш ва ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш учун бошқа давлатлар ва ташкилотлар билан қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича ноёб имкониятларни тақдим этади.
Тўртинчи ташаббус – Ўзбекистонда Мигрантлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказиш ва Глобал дастур қабул қилиш. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ мигрант чет мамлакатларда меҳнат қилмоқда. Афсуски, уларнинг ҳуқуқлари бузилаётган ҳолатлар жуда кўп учрамоқда. Шу боис, глобаллашув шароитида хавфсиз ва қонуний миграция жараёнларини таъминлаш кўп қиррали вазифа бўлиб, жумладан, Ўзбекистон Республикаси учун ҳам турли таъсир омиллари ва уларнинг оқибатларини чуқур таҳлил қилишни тақозо этади.
Янги Ўзбекистонда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг узоқ муддатли ривожланиш йўналишини белгилайдиган кенг кўламли ўзгаришлар жараёни, шу жумладан, меҳнат бозори, айниқса, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ислоҳотлар бошланиб кетди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиришлар бунинг исботидир. Ушбу янгиланишларнинг мақсади мамлакат фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришдан иборат.
Фуқаролар учун миграция жараёнининг хавфсизлиги, қонунийлиги ва қулайлигини таъминлашнинг ноёб механизми яратилди. У уч асосий йўналишни ўз ичига олади. Бу ўринда: фуқароларни тайёрлаш, уларга тил ва касб-ҳунар ўргатиш; хорижда меҳнат мигранти сифатида бўлган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш; меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётга қайта мослашиши, хусусан, ижтимоий муҳитга кўникиши учун шароит яратиш йўналишлари ҳақида сўз бормоқда.
Сифатли таълим инсон капиталини ривожлантириш ва узоқ муддатли истиқболда камбағалликни камайтиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолаверади. Болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 78 фоизга оширилиши натижасида 1 миллион нафар аёлга ўз билимини ошириш, касб-ҳунар эгаллаш ва даромад топиш имконияти яратилди. Сўнгги беш йил давомида 800 мингдан ортиқ фуқаро замонавий касбларга ўқитилди ва юқори даромадли ишларга жойлаштирилди. Педагогларнинг тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформа яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон касб-ҳунар таълими саммитини ўтказиш таклиф этилмоқда.
Бешинчи ташаббус – БМТ резолюцияси билан экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг янги моделини ишга тушириш. Экстремал об-ҳаво, чўлланиш ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши аввало аҳолининг заиф қатламлари, фермерлар, мавсумий ишчилар ва экологик жиҳатдан мураккаб вазиятдаги ҳудудлар аҳолиси ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши курашни бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш ниҳоятда долзарб вазифа ҳисобланади.
2024 йилда илк бор ўртача жаҳон ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича бир ярим даражадан кўпроқ ошди. Сўнгги ўн йиллик метеокузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлди. Натижада бугун барчамиз иқлим инқирозларининг салбий таъсирини ҳис этмоқдамиз – ўрмон ёнғинлари ва чўлланиш миқёсининг кенгайиши, музликларнинг қисқариши, сув ресурслари тақчиллигининг кучайиши, ҳаво сифатининг ёмонлашуви кузатилмоқда.
Шу муносабат билан Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида жами 2 миллион гектар майдонни қамраб олган шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилга келиб, бутун ҳудуднинг 80 фоизигача майдони яшил ўсимликлар билан қопланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, Марказий Осиё мамлакатлари томонидан Иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси ишлаб чиқилиб, бир овоздан маъқулланди. Ўзбекистон Орол денгизи қуришининг оқибатларини юмшатиш, сувдан оқилона фойдаланиш, "тоза" энергия манбалари улушини кенгайтириш дастурлари доирасида халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Деградацияга учраган ерлар майдонини қисқартириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида "Яшил макон" лойиҳаси доирасида кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитидаги иштироки асносида Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати нечоғлик муҳим экани яна бир бор таъкидланди. Сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида сўзга чиққан Ўзбекистон раҳбари қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашган Тинчлик учун бутунжаҳон ёшлар ҳаракатини тузиш ташаббусини илгари сурган эди. БМТнинг "Ёшлар – 2030" стратегиясини фаол амалга ошираётган ўнта давлат қаторига кирган мамлакатимиз ёшлар сиёсатидаги тараққиётда етакчилик қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти яна бир бор "Халқаро тараққиёт йўлида ижтимоий келишувни янгилаш, ҳар бир инсон учун муносиб ҳаёт тарзини яратиш" зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистон саммитда қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
Янги Ўзбекистон – конституциявий ижтимоий давлат
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида ижтимоий давлат принципи мустаҳкамланди. Хусусан, Асосий қонуннинг 43-моддасида давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаши, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиши, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиши ҳамда рағбатлантириши белгилаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бўйича асосий вазифалар ҳамда чора-тадбирлар қонунчилик ва давлат стратегияларида мустаҳкам ўз аксини топган. Жумладан, "Камбағалликдан фаровонликка" умуммиллий дастури муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ушбу фаолиятни юритиш мақсадида, илгари 6 та давлат ташкилотига юклатилган ваколатларни бирлаштириш асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва "Инсон" ижтимоий хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди.
Муҳими, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясига мувофиқ, 2026 йилга келиб камбағаллик даражасини 2022 йилга нисбатан икки бараварга камайтириш, 2030 йилга бориб эса камбағалликка тушиш хавфи остида бўлган 4,5 миллион кишининг даромадини ошириш ва ижтимоий шериклик асосида 500 минг нафар малакали мутахассис тайёрлаш режалаштирилган.
Сўнгги 8 йил ичида мамлакатимизда 7 миллиондан ортиқ аҳоли камбағалликдан чиқарилди, камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизга тушди. Фақатгина жорий йилнинг ўзида 2 миллион 700 минг нафар фуқарога ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, парваришга муҳтож камбағал оила аъзолари учун янги турдаги ижтимоий хизматлар йўлга қўйилди, шунингдек, 50 минг нафар меҳнатга лаёқатли фуқаро иш билан таъминланди.
Дунёга тобора очилаётган, жадал ижтимоий ислоҳотлар йўлидан бораётган Янги Ўзбекистон "давлат – халқ учун" тамойилига қатъий амал қилиб, глобал ўзгаришларнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларининг Глобал индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш доирасида БМТ билан ҳамкорликнинг янги беш йиллик дастури имзоланди. Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда сайёравий миқёсда бир қатор тадбирлар, хусусан, "Ижтимоий ривожланиш ва адолат йўлида парламент ҳаракатлари" мавзусидаги Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси, "Қашшоқликдан фаровонликка" III халқаро форуми, Самарқанд халқаро иқлим форуми ўтказилди.
Бугунги кунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, рақамли трансформацияни илгари суриш, давлат хизматларини кўрсатишда инновацион ечимларни қўллаш, давлат бошқаруви институтлари самарадорлигини тубдан ошириш бўйича илғор халқаро тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. БМТга аъзо давлатлар Келажак учун пактни қабул қилиш ва янада инклюзив ҳамда самарали кўп томонлама тизим асосида "кўп томонламаликнинг янги асосини яратиш" мажбуриятини олиш орқали бирдамликни мустаҳкамлаш учун қадамлар қўйди.
Хулоса қилиб айтганда, иккинчи Бутунжаҳон Доҳа саммити якунлари шуни кўрсатмоқдаки, ушбу учрашув сиёсат масалалари бўйича янги глобал консенсусга эришиш, мажбуриятларни мустаҳкамлаш ва тенглик, бирдамлик ҳамда умумий фаровонликка барқарор ўтиш учун асос яратиш йўлида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун таъсирчан туртки бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, инсон салоҳиятига сармоя киритиш ва асосий хизматлардан барча фойдаланишини таъминлаш учун сиёсий иродани сафарбар этиш қашшоқликка барҳам бериш, тенгсизликни камайтириш ва ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмасликнинг калитидир.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори, академик
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2025 йил 15 ноябрь кунги 236 (1562)-сони
Ўзбекча
English
Русский