КОНСТИТУЦИЯ: ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАНФААТЛАРИ СОҲАСИДА ДАВЛАТ ВА НОДАВЛАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ
Конституция ва фуқаролик жамияти
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида сўнгги йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили янги парадигма: “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилди. Бунда, шубҳасиз, Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимиз фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда кучли фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида белгилаганлиги улкан аҳамият касб этди.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, истиқлол йилларида Ўзбекистонда том маънодаги конституциявий давлат барпо этилди. Конституциявий давлат деганда: биринчидан, Конституцияда белгиланган давлат ҳокимияти органлари тузилгани ва фаолияти йўлга қўйилгани; иккинчидан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётгани; учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти изчил кенгайиб бораётганини тушуниш лозим.
Эътибор беринг: янги таҳрирдаги Конституциянинг 69-моддасида давлатимиз раҳбарининг айни шундай ёндашуви қуйидаги нормада ўз аксини топди: “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади”.
Яъни, бир томондан, Асосий қонунимизга “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилди. Иккинчи томондан, маҳаллалар ва оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилди. Фуқаролик жамияти институтларининг мақоми конституциявий даражага кўтарилиши, Президентимиз таъбири билан айтганда, бутун давлат бошқарув тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга – “Янги шахс”, “Янги фуқаролик жамияти”, “Янги демократик бошқарув тизими” даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлади.
Конституциявий ислоҳот натижасида барча масалалар ечими чинакам халқ овози бўлган маҳалла даражасига туширилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги белгилаб қўйилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда мазкур кафолатнинг белгиланиши: маҳаллаларга ўз ҳудудини мустақил бошқариш; аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб давлат билан шериклик асосида муаммоларни ҳал этиб бориш; ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш; самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш; аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун муҳим имкониятларни тақдим этади.
Адолатли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Инсон – жамият – давлат” тамойилига асосланиб, унда барча аҳоли тоифаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари акс эттирилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинди, инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа оширилди.
Конституцияда давлатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиши, уларни ҳимоя қилиши ва таъминлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлари мустаҳкамланди. Конституция инсон ҳуқуқларига оид мезоний ғоялар, принциплар, ҳуқуқ ва эркинликлар, шунингдек, бурчларнинг кенг доирасини акс эттиради.
Конституцияда таъкидланишича, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари табиий ажралмас ҳуқуқ ва эркинликлар бўлиб, унга туғилган пайтидан бошланади, олий қадрият деб эътироф этилади. Ҳар ким яшаш ҳуқуқига, шахсий хавфсизлик ва дахлсизлик, ор-номусини, қадр-қимматини, яхши номини, фикр ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, фикрлар ва эътиқодларини ифодалаш, яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эгадир. Ҳар ким мулкка эга бўлиши, ундан фойдаланиши, тасарруф қилиши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.
Анъанавий ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар — меҳнат қилиш, дам олиш, билим олиш, саломатлигини ҳимоя қилиш, табиий ёрдам олиш, нафақалар билан таъминланиш ҳуқуқлари назарда тутилган.
Сиёсий соҳада давлат органларига сайлаш ва сайланиш, ўзининг касб тайёргарлигига мувофиқ ва ҳеч бир камситилмасдан расмий лавозимларни эгаллаш, ахборотлар излаш, олиш ва тарқатиш, давлат органларига шахсий ва жамоа мурожаатларини (арзномаларини) юбориш, ўз миллатини эркин равишда белгилаш, жамоат бирлашмаларига бирлашиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.
Ҳамманинг қонун ва суд олдидаги тенглиги эътироф этилди. Ҳеч ким ўзига ва ўзининг яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бериши шарт эмас. Айбланувчининг айби белгиланган тартибда исботлаб берилмагунча у айбдор деб ҳисобланмайди (айбсизлик прсзумпцияси). Эркинликнинг чекланишига, шу жумладан ҳибсга олинишга фақат суд қарори билан йўл қўйилади. Шахс 48 соатдан кўпроқ муддатга ушлаб турилиши мумкин эмас.
Қонун бузилган ҳолда олинган далиллар юридик кучга эга эмас деб ҳисобланади. Қамоққа олинган ҳар бир шахс адвокатнинг (ҳимоячининг) малакали ёрдамини олиш, ўзига давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайри қонуний хатти-ҳаракатлари билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплатиб олиш ҳуқуқига эгадир. Ҳеч ким айни битта ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгар бўлмаслиги лозим.
Муҳим аҳамиятга эга бўлган шундай юридик нормалар борки, улар кишининг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмаслигини, жамоат бойлигига, ахлоқига, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги лозимлигини белгилаб беради. Конституция асосида ўрнатилган тузумни зўравонлик билан йўқ қилиш ёки ўзгартириш учун, ирқий, миллий, синфий, диний низоларни авж олдириш, зўрлик ва урушни тарғиб қилиш учун ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланиш қатъий тақиқланади.
Шундай қилиб, инсон ҳуқуқлари — ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан. Инсон ҳуқуқлари — жамиятнинг энг олий қадриятидир. Инсон ҳуқуқлари — муҳим конституциявий институт. Инсон ҳуқуқлари — бутун инсониятнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзига жамлаган кенг қамровли тушунчадир. Инсон ҳуқуқлари XXI аср тараққиётининг асоси ва давр талабидир.
Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг изчил кенгайтирилиши
Конституциявий ҳуқуқлар доираси экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, Интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенглик, уй-жойга эга бўлиш, ундан маҳрум этилганда компенсация олиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби ҳуқуқлар билан тўлдирилди.
Қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш, давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олиш, шаҳарсозлик, бюджет соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтирди.
“Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат органлари фаолиятида бош мезон бўлиши шарт. Шу боис, Конституцияда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилди, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлди. Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик берилиши, танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиниши, нодавлат таълим ташкилотлари қўллаб-қувватланиши тўғрисидаги қоидалар ёш авлод ҳаётини яхшилаш, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, замонавий мутахассисликларни эгаллаган ҳолда ҳаётда ўз ўрнини топиши ва шахсий ривожланиши учун имконият яратди.
Алоҳида эҳтиёжларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг ташкил этилиши, уларни ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқишини йўлга қўйилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш тўғрисидаги норма миллат ва халқ ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини оширишда асосий ўрин тутувчи ўқитувчиларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга хизмат қилади.
Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилди. Муҳокамалар давомида ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшлар ҳаётда ўзларини тўлақонли намоён этиш имкониятини таъминлаши таъкидланди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини кучайтириш, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиқ тизимини йўлга қўйиш, монополистик фаолиятни чеклаш орқали том маънода эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун барқарор асос яратилди.
Конституцияда мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланди. Мамлакатимизда товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланди. Бу иқтисодиёт барқарор ўсиши, фаровон ҳаётимиз таянчи ҳисобланган тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг эркин фаолияти учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратади.
Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланди. Давлатнинг атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга ошириши, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга Ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги масъулияти белгиланди.
Конституциянинг ушбу нормалари табиий захиралар қисқараётган, глобал иқлим ўзгариши, экология ва табиат билан боғлиқ муаммолар инсоният келажагига таҳдид солаётган ҳозирги даврда муҳим аҳамият касб этади.
Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланди. Халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка, давлат органлари эътиборига олиб чиқаётган оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақидаги қоида Конституция билан муҳрланиши мамлакатда сўз ва ахборот эркинлигини янада юксалишини таъминлайди.
Ўз навбатида, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 56-моддасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга бағишланган нормаларнинг мустаҳкамланиши давлатнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришга қатъий содиқлигини намоён этади ҳамда ушбу ҳуқуқий амалиёт илғор халқаро ва хорижий тажрибага тўла мос келади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади ва уларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарадорлик даражасини оширишда ҳар томонлама ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат органларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори, академик
«Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 5 декабрь кунги 49 (1083)-сони
Ўзбекча
English
Русский