ТАРЖИМОНЛАРГА ХАЛҚАРО МУКОФОТ ТОПШИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июндаги қарори билан таъсис этилган ва 2025 йилда илк бор ўтказилган Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот учун танлов ғолиблари маълум бўлди. Ушбу халқаро мукофот соҳибларини тақдирлаш маросими 2025 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Ренессанс” кино уйида ташкил этилди.
Тадбирда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, шу жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ҳам иштирок этди.
Анжуманда таъкидланганидек, Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот бадиий таржима соҳасида фаолият юритаётган таржимонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фидокорона хизматларини эътироф этишда ғоят катта аҳамиятга эга. Танлов ҳайъатига 60 дан ортиқ номзодларнинг таржима асарлари тақдим этилгани ҳам таржимонларнинг ушбу халқаро мукофотга катта қизиқиш билдирганидан далолат беради.
Танлов ҳайъатининг якуний қарорига кўра, қуйидаги таржимонлар Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот билан тақдирланди:
Ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга таржима йўналиши:
Саид Маҳмуд Саид Мубашир (Саудия Арабистони) – Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини араб тилига таржима қилгани учун.
Ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга таржима йўналиши:
Михаил Синелников (Россия) – 3 жилдли “Антология узбекской поэзии” китоби учун.
Ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга таржима йўналиши:
Шаменаз Бано (Ҳиндистон) – Анвар Обиджоннинг “Мешполвон” қиссасини ҳинд тилига таржима қилгани учун.
Хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига таржима йўналиши:
Иброҳим Ғофуров (Ўзбекистон) – Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” романи таржимаси учун.
Хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига таржима йўналиши:
Абдулла Шер (Ўзбекистон) – Анна Ахматованинг “Оқ тун” шеърий тўплами таржимаси учун;
Тоҳир Қаҳҳор (Ўзбекистон) – 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари”нинг 66-жилдидан ўрин олган озар шоири Халил Ризонинг шеърий тўплами таржимаси учун.
Хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига таржима йўналиши:
Нодирабегим Иброҳимова (Ўзбекистон) – Роалд Далнинг “Меҳрибон дев” қиссаси таржимаси учун.
Шунингдек, “Бадиий таржима ривожига қўшган ҳиссаси учун”, “Ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилгани учун”, “Умидли таржимон” йўналишлари бўйича Вафо Файзуллоҳ (Ўзбекистон), Вали Саваш Йелок (Туркия) ҳамда Саиджалол Саидмуродов (Ўзбекистон) рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди.
Тадбирда элимиз ардоқлаган соҳир овоз соҳиблари – таниқли хонандалар ҳам иштирок этди. Улар ижросидаги куй-қўшиқлар оҳангига ҳамоҳанг миллий рақслар эса анжуманга байрамона кайфият улашди.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Расмлар муаллифи: Аҳмад Тўра
Ўзбекча
English
Русский