2026 йил – коррупцияга қарши курашда “фавқулодда ҳолат” йили бўлади
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашда кескин ва қатъий позицияни эълон қилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2026 йил коррупцияга қарши курашда “фавқулодда ҳолат” йили сифатида белгиланади.
“Такрор ва такрор айтаман: коррупция — давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш — ислоҳотларга хиёнатдир”, деди Президентимиз.
Ҳар йили дунё бўйлаб коррупция сабабли тахминан 2,6 триллион доллар пул ўғирланади. Бу бутун дунё ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан ортиғига тенгдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастурига кўра, ривожланаётган мамлакатлар коррупция оқибатида расмий ривожланиш дастурлари орқали олган ёрдамдан кўра ўн баравар кўпроқ пул йўқотадилар.
Коррупцияга қарши кураш ҳақида сўз борганда, шубҳасиз, дунё ҳамжамиятининг ушбу соҳадаги “Бош қомуси” бўлган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси эсланади. Мексиканинг Мерида шаҳрида 2003 йил 9 декабрда бўлиб ўтган конференцияда имзолаш учун очиқ деб эълон қилинган Коррупцияга қарши конвенцияга бугунги кунга қадар дунёнинг 192 та давлати қўшилган. Ўз навбатида, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь – халқаро жамоатчилик томонидан Бутунжаҳон коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонлаб келинмоқда.
БМТ Конвенцияси коррупцияни маҳаллий муаммодан трансмиллий хавфсизлик масаласига айлантирди ва иштирокчи давлатлардан фақат жиноятчиларни жазолашни эмас, балки коррупциядан ҳоли бўлган адолатли тизим яратишни талаб қилмоқда. Бинобарин, Конвенция иштирокчиси сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аҳоли ва тадбиркорларга “халқ хизматидаги давлат” тамойили асосида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Хусусан, 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш, 160 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Электрон давлат хизматлари сони 15 карра ортиб, 721 тага етди, улардан фойдаланувчилар эса, 11 миллиондан ошди. Ушбу чораларнинг барчаси юртимизда маиший коррупция даражасининг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлди.
Коррупция даражасини баҳолаш бўйича халқаро ташкилотларнинг рейтинг натижалари ҳам Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатмоқда. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ижобий ишлар билан бир қаторда, ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатномасида, жумладан, 2026 йилдан эътиборан:
-
барча давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат учун масъул ўринбосар лавозими жорий этилиши;
-
Ҳисоб палатаси вакиллари фаолияти йўлга қўйилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилиниши ва мансаб суиистеъмолчилигига қарши таъсирчан назорат ўрнатилиши;
-
Президент Администрацияси Комплаенс хизмати 1 январдан барча давлат идораларида айни тизимни ишга тушириб, ҳар бир ҳолат юзасидан Президентга бевосита ахборот киритиб бориши белгилангани жуда муҳим.
Янада муҳими, қонун олдида ҳамма тенгдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Лавозимим бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар қаттиқ адашади. Ҳеч бир идора, ҳеч бир ташкилот, ҳеч бир мансабдор назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматининг ишига тўсқинлик қилиш — коррупцияга шериклик сифатида баҳоланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский