БИР КУН – ИНТЕРНЕТСИЗ(!)
Жорий йилда январь ойининг охирги якшанбаси, яъни 25 январь – Халқаро интернетсиз кун (International Internet-Free Day) сифатида дунё миқёсида, жумладан, мамлакатимизда ҳам нишонланди. Дастлаб ушбу ўзига хос халқаро сананинг таъсис этилиши тарихи билан боғлиқ учта омилга тўхталамиз.
Биринчидан, Халқаро интернетсиз кун БМТ ёки бошқа бирон-бир нуфузли халқаро ташкилотнинг алоҳида резолюцияси асосида таъсис этилмаган. Бу бежиз эмас, албатта.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг алоҳида резолюцияси билан Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги асосий инсон ҳуқуқларига тенглаштирилган. Чунки 2017 йили 20 та мамлакатга мансуб 10 минг нафар Интернет фойдаланувчиси ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровда сўралганларнинг 83 фоизи Интернет тармоғидан фойдаланиш эркинлиги асосий инсон ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилишини маъқуллаган.
Иккинчидан, бир қатор хорижий мамлакатларда рақамли инсон ҳуқуқлари, яъни инсоннинг Интернет имкониятларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқлари аллақачон Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган.
Айни соҳадаги илғор хорижий тажриба ва халқаро тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясига ҳам онлайн маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид тегишли бир нормалар киритилган. Хусусан, Асосий қонунимизнинг 33-моддасида: “Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади”, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу маънода, нима учун дунё ҳамжамияти ҳам, халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари ҳисобланувчи суверен давлатлар ҳам инсонларни атиги бир кунга бўлса-да Интернетдан ҳоли бўлишларини тарғиб этишга қаратилган мазкур халқаро сана ташаббускорлари эмаслигини тушунса бўлади.
Учинчидан, бугунги кунда истеъмолчилик жамиятидан – билимлар жамиятига ўтиш даврида яшаяпмиз. Билимлар жамияти – “билим” деган неъмат, иқтисодий ва захиравий жиҳатдан, том маънода устувор қадриятга айланадиган жамият, дегани.
Айни чоғда, академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, ахборот – билим эмас, балки билиш учун муҳим бир воситадир. Ахборотлашган жамият босқичидан кейин инновацион жамиятга гал келади. Шундан сўнггина ахборотнинг сони эмас, балки сифатига таянадиган билимлар жамияти ривожланиш даврига қадам қўяди.
Шундай экан, ёруғ, фаровон ва тараққий этган келажак сари интилаётган ҳеч бир мамлакат жамоатчилиги ана шу эзгу мақсадга хилоф туюладиган ҳар қандай ташаббусни, жумладан, Халқаро интернетсиз куннинг таъсис этилишини ҳам қўллаб-қувватламаслиги табиийдир.
Қолаверса, бутун дунёда Интернетнинг тезлиги ва арзонлигини, ундан ҳар кимнинг эркин фойдаланишини таъминламаслик, шунингдек, Интернетни вақтинча ўчириб қўйиш, чеклаш ёки тезлигини камайтириш каби ҳар қандай ҳолатга нисбатан кескин салбий муносабат билдирилаётган ҳозирги замон шароитида интернетсиз куннинг рағбатлантирилиши осон иш эмас.
Мана, нима учун жаҳон интернет-ҳамжамиятининг сизу биз каби вакиллари – оддий инсонлар 2000-йиллар бошидан буён Халқаро интернетсиз кунни нишонлаб келмоқда. Янада аниқ қилиб айтганда, айрим тахминларга кўра, ушбу сананинг илк ташаббускори Буюк Британиянинг "ДоБе.орг" нотижорат онлайн-лойиҳаси намояндалари – Интернетнинг фаол, илғор фойдаланувчилари ҳисобланади.
Ўз навбатида, ушбу байрамни нишонлашдан мақсад нима, деган савол туғилиши тайин. Халқаро интернетсиз куннинг асосий мақсади – одамларни компьютерлардан ва глобал тармоқдан ҳеч бўлмаганда бир кун давомида бутунлай чалғитишдир.
Албатта, ушбу байрам ғояси ҳаётга татбиқ этила бошланган дастлабки йилларда Интернетдан фойдаланувчилар сони анча кам бўлган. Ҳали “ўргимчак тўри”га узил-кесил боғланиб қолмаган ўша инсонларни дўстлар билан чинакам суҳбату мулоқотлар учун Интернет тармоқларидан ажратиб олиш нисбатан осонроқ кечган.
Кейинги йигирма беш йил ичида, бир томондан, Интернетдан фойдаланувчилар сони миллиардлаб кишигача ўсган бўлса, иккинчи томондан, фойдаланиш тезлиги кескин ошган Интернет таълим, бизнес, мулоқот, ҳордиқ сингари инсоният ҳаётининг деярли барча соҳаларига чуқур кириб борди. Эндиликда сайёрамиздаги миллионлаб одамлар ҳар куни тонгни қуёшнинг чиқишига қараб эмас, балки Интернетдаги янгиликлар ёки электрон почтадаги хатлар билан танишишдан бошлайдилар.
Баъзи замондошларимиз деярли кун бўйи тармоқда ишлайди, чунки уларнинг иши Интернет билан бевосита боғлиқ. Яна кимлардир соатлаб ижтимоий тармоқларда ўтиради, чатларда тинимсиз ёзишма олиб боради ё кўнгилочар сайтларни томоша қилади. Бошқа бировлар, уйдан чиқмасдан, онлайн-аукцион орқали савдо ишларини битиради.
Шу тариқа кўпчилигимиз ўзимизни телефон, смартфон, планшет, нетбук, ноутбук ёки компьютеримиздан бирон дақиқа айро тасаввур эта олмаймиз. Бинобарин, Интернетдан узоқ, лекин ўзимизга энг яқин инсонларимиздан кўра виртуал дўстларимиз ва танишларимиз билан кўпроқ мулоқотда бўламиз.
Ўтган йилда мамлакатимизда ахборот технологиялари (IT) хизматлари экспорти илк бор 1 миллиард долларни ташкил этди. Мамлакатимизда 2030 йилга бориб, IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинган.
Ушбу салмоқли далил ва рақамлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрда тақдим этилган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида қайд этилди. Давлатимиз раҳбари айни соҳаларнинг яқин истиқболига тааллуқли режаларга ҳам тўхталди. Жумладан:
-
2026 йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та “Дата марказ”, 2 та суперкомпютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу – тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади;
-
IT ва сунъий интеллект бўйича изланиш олиб бораётган минглаб иқтидорли ёшларимизнинг квант, дрон, робототехника каби йўналишлардаги конструкторлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ қилиш учун Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади;
-
Янада муҳими, мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишлар бошланди. Бу – Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки бериши тайин.
Эътибор беринг: айни режаларнинг барчаси Интернет тармоғи фаолиятига бевосита дахлдор. Бошқача айтганда, жамиятимиз ва давлатимиз ўз истиқболи-ю тараққиётини Интернет технологиялари билан чамбарчас боғлиқликда кўрмоқда.
Шунинг учун юртимизда Интернет тезлиги тобора яхшиланиб, ундан фойдаланиш нархлари янада арзонлашмоқда. Интернетдан фойдаланувчи юртдошларимиз сони ҳам изчил ортмоқда.
Шундай шароитда Интернетдан атиги бир кунгина фойдаланмаслик таклифини сизу биз қандай қабул қилишимиз мумкин? Бундай таклиф, юмшоқ қилиб айтганда, замондан ортда яшаётган одамнинг анчайин урфдан қолган, бугунги кун учун долзарб бўлмаган шунчаки сийқа важларидек туюлиши бор гап.
Бугунги кунда Интернет аксарият одамлар учун муҳим маълумот манбаи ва даромад воситаси эканига шубҳа йўқ. Айни чоғда, Интернетга муккадан кетиш, ўз навбатида, вақтни йўқотиш ва маблағни ортиқча сарфлаш, ҳатто саломатликни бой бериш, оиладан узоқлашиш, жамиятга бегоналашиш каби салбий оқибатларга олиб келаётганини ҳам инкор этиш мумкин эмас.
Афсусланарли жиҳати шундаки, Интернетга ошно бўлганлар, айниқса, ёшларнинг кўпчилиги онлайн-ҳаётни ҳақиқий ҳаётдан кўра қулай ва мақбул, деб билмоқда. Навқирон авлод вакилларининг ижтимоий тармоқларга бу қадар тобе бўлиб қолаётгани мутахассислар ва ота-оналарни ҳақли равишда жиддий ташвишга солмоқда.
Халқимизда: “Асалнинг ҳам – ози ширин, кўпи заҳар” деган нақл бежиз айтилмаган. Зеро, Интернет кўплаб ташвишларимизни бартараф қилган, юмушларимизни осонлаштирган, оғиримизни енгиллаштирган бўлса-да, яқинларимиз билан орамизни узоқлаштириб юборди.
Шу маънода, савол туғилади: Интернетдан ҳозирги кунда фаол фойдаланаётган ва “Бутунжаҳон ўргимчак тўри”га тушиб қолган инсонлар цивилизациянинг ана шу буюк ютуғидан атиги бир кунга тўла воз кеча оладиларми?
Яна бир савол: Интернетдек қудратли “сеҳргар” ўз фойдаланувчиларига тақдим этаётган кўп ва хўп неъматларнинг ўрнини шу бир кун давомида нималар босиши мумкин?
Шукрки, бу борадаги аҳвол ҳозирча тўла издан чиқиб кетмаган, аксинча, умидбахшдир. Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида Халқаро интернетсиз кун доирасида ўтказиладиган тадбирлар қамрови тобора кенгайиб бораётгани айни мавзунинг долзарблиги йилдан-йилга ортаётганидан далолат беради.
Бундай тадбирларда уқтирилаётганидек, ушбу байрам баҳонасида Бутунжаҳон тармоғига қарши кураш олиб борилмаяпти. Нега деганда, аслида, Интернетнинг ўзи ёмон нарса эмас. Масалан, жарроҳлик пичоғида одамнинг умрига зомин бўлиш мумкин эканидек, ҳозирда кўплаб маиший қотилликлар қуролига айланган ошхона пичоғи билан инсон ҳаётини сақлаб қолса бўлади. Ҳамма гап – холис ниятда. Ният эзгу бўлса, эзгу амалга айланажак.
Хулоса қилиб айтганда, бу ёруғ дунёда Интернетдан кўра қизиқарли ва муҳташам, сирли ва жозибали бошқа неъматлар ҳам бисёр. Халқаро интернетсиз кунда ушбу тармоқ фойдаланувчилари, айниқса, ёшлар бу оддий ҳақиқатга эътибор қаратсинлар ва токи:
-
атиги бир кун бўлса ҳам “онлайн-дунё”дан узоқлашиб, реал дунёда яшашга қайтсинлар;
-
яқинлари билан бир кунгина фақат юзма-юз мулоқот қилишга жазм этсинлар;
-
шу бир кунни китоб варақлаш, сайр-саёҳат қилиш, музей ва кўргазмаларга бориш, спорт билан шуғулланиш каби севимли машғулотларига бағишласинлар. Вассалом.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский