ХОТИН-ҚИЗЛАРГА – ИЛМ-ФАН, ИЛМ-ФАНГА ЭСА ХОТИН-ҚИЗЛАР КЕРАК

11 февраль – Илм-фан соҳасидаги

хотин-қизлар халқаро куни

 

“Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу фикрлари Янги Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларимиз алоҳида ўрин тутишини яққол англатиб турибди. Бинобарин, мамлакатимизда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси изчил амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда. Бу борада қўлга киритаётган ютуқларимиз БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида оилага, аёл зотига бўлган муносабат тобора юксалиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланган. Айни соҳадаги ишлар, хусусан:

  • аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

  • аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини мукаммаллаштириш;

  • аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш;

  • ҳуқуқни қўллаш амалиётида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий нормалар асосида ўқитиш каби муҳим йўналишларда олиб борилмоқда.

Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш алоҳида эътибор марказида турибди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони изчил ортди.

Илм-фан соҳасида хотин-қизлар иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган бундай оқилона ёндашув Янги Ўзбекистоннинг миллий ва халқаро мажбуриятларини, хусусан, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар режаси, Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифаларни бажаришига ҳар томонлама кўмаклашишга хизмат қилади. Зеро, халқаро ҳамжамият хотин-қизларга – илм-фан, илм-фанга эса хотин-қизлар кераклигини муттасил таъкидлаб келмоқда.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюциясига мувофиқ, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни деб эълон қилинган. Ушбу халқаро сана бутун дунёда аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли шуғулланишларига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш учун таъсис этилган.

ХХI асрнинг биринчи чораги ортда қолганига қарамай, афсуски, аёллар ва қизларнинг илм-фан йўлида юксалишларига тизимли ғов-тўсиқлар ва турли жоҳилликлар ҳалигача халал бермоқда. Бу ҳолат, ўз навбатида, бугунги дунёмизни буюк истеъдодлардан маҳрум этмоқда.

Айниқса, илм-фан соҳасида гендер тенглик бутун инсониятнинг фаровон келажагини барпо этиш учун ниҳоятда зарур бўлса-да, бугунги кунда хотин-қизлар жаҳон илмий ҳамжамиятининг атиги учдан бир қисминигина ташкил этаётгани ачинарлидир. Бундай салбий натижа, жумладан, хотин-қизларга илм-фан билан шуғулланиш учун ниҳоятда чекланган имкониятлар берилаётгани, уларнинг илмий тадқиқотларини нашр эттиришга жуда оз молиявий маблағлар ажратилаётгани ва етакчи университетларнинг раҳбарлик лавозимларида ишлаётган аёлларнинг сони эркакларга нисбатан анча кам эканлиги каби ташвишли омиллар билан боғлиқ.

Жаҳонда тўртинчи саноат инқилобининг муваффақиятини таъминлаб берадиган аксарият технология соҳаларида муайян билим ва кўникмага эга мутахассислар тақчиллиги кузатилаётгани сир эмас. Шунга қарамай, хотин-қизлар олий ўқув юртларининг муҳандислик ихтисослиги ҳамда компьютер ва информатика фанлари йўналишлари бўйича битирувчилари орасида камчиликни ташкил этади.

Илмий изланишлар олиб бораётган хотин-қизлар, одатда, истиқболи беқарор ва ойлик маоши юқори бўлмаган лавозимларда ишламоқда. Уларнинг тадқиқотлари машҳур журналлар саҳифаларида етарли даражада ёритилмаяпти ва меҳнатлари мансаб пиллапояларидан кўтарилишида инобатга олинмаяпти.

Дунёнинг айрим минтақаларида хотин-қизларнинг таълим олиши ўта чекланганлиги ёки бутунлай тақиқланганлиги ҳолатларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Шу маънода, хотин-қизларнинг барча илмий ва инновацион кашфиётларда тенгма-тенг иштирокини таъминлаш орқалигина сайёрамизда илм-фан бутун инсониятга хизмат қилишига эришиш мумкин.

Бу ўринда, албатта, хотин-қизларни иқлим ўзгаришидан токи соғлиқни сақлаш ва сунъий интеллект соҳаларигача бўлган жамики илмий жараёнларга фаол жалб этиш ҳақида сўз бормоқда. Зеро, хотин-қизларнинг илм-фан билан шуғулланишга ҳақ ва ҳуқуқлари бор.

Бинобарин, илм-фан соҳасида хотин-қизлар қанчалик кўп бўлса, бундан илм-фан шунчалик кўп ютади. Нега деганда, аслида ҳам, аёллар ва қизлар илмий тадқиқот фаолиятига хилма-хиллик олиб киради, илм-фан асосий касби бўлган фидойилар сафини кенгайтиради ва илмий-техникавий соҳани янгича қарашлар ҳисобига бойитади.

Аммо, ҳозирча жаҳонда, айниқса, саноати ривожланган мамлакатлардаги илм-фан соҳасида эркакларнинг сон жиҳатдан устунлиги одатий ҳол ҳисобланади. Яна бир муаммо шуки, хотин-қизлар замонавий технологияларга тааллуқли соҳаларда ишласа-да, мансаб пиллапояларидан кўтарилиб боришда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, кимдир ҳомиладор бўлгани учун таътилга чиқиб кетса, яна кимдир раҳбариятнинг нохолис муомала-муносабатидан азият чекади.

Кейинги йилларда корпоратив дунёда хотин-қизларга нисбатан муносабат бир қадар ўзгараётгани кузатилмоқда. Бинобарин, ишчи кучини диверсификация қилиш – даромадни оширишнинг қулай йўли эканини аксарият компаниялар етакчилари тушуниб етмоқда. Бироқ хотин-қизларнинг илм-фан соҳасида жадал суръатларда илгарилаши йўлида ҳали-бери тўсиқлар бисёр. Шундай ғовлардан бири – зарур даражада таълим олиш имкониятининг чекланганлигидир.

ЮНЕСКО экспертларининг фикрича, хотин-қизлар рақамли иқтисодиётнинг узвий бир қисмига айланишлари даркор. Токи, Тўртинчи индустриал инқилобда гендер тенгсизлик каби номақбул анъанага ўрин қолмасин.

Бинобарин, илм-фан соҳасида аёллар ва қизлар халқаро кунининг таъсис этилгани - шунчаки расмиятчилик учун тенглик ёки алоҳида имтиёз бериш учун эмас. Ушбу сана инсон капитали самарадорлигини ошириш, илмий қарорлар сифатини яхшилаш ҳамда транспорт, фан ва барқарор тараққиётнинг келажагини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббусдир.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech