Янги Ўзбекистонда экология соҳаси бўйича 5 йилга мўлжалланган умуммиллий лойиҳалар маъқулланди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишуви айнан 23 март – Бутунжаҳон метеорология куни бўлиб ўтганида ўзига хос рамзий маъно бор. Одатда, ушбу халқаро санада миллий метеорология ва гидрология соҳасининг дунё аҳолиси хавфсизлиги ва фаровонлигига қўшаётган муҳим ҳиссаси эътироф этилади.
Маълумки, 1961 йилдан буён ҳар йили 23 март – Халқаро метеорология куни сифатида нишонлаб келинади. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, 1950 йилнинг худди шу санасида Жаҳон метеорология ташкилотига асос солинган.
Куни кеча Жаҳон метеорология ташкилотининг мазкур халқаро сана муносабати билан янги ҳисоботи эълон қилинди. Унда сайёрамиздаги глобал иқлим мисли кўрилмаган беқарорлик даврига киргани ҳақида сўз боради. Жумладан, иссиқхона газлари концентрацияси рекорд даражага етгани, океанлар жадал исишда давом этаётгани, муз қопламалари эса тез суръатлар билан қисқараётгани ташвиш билан қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, 2015–2025 йиллар кузатувлар тарихидаги энг иссиқ 11 йил бўлди, 2025 йил эса ҳаво ҳарорати бўйича, катта эҳтимол билан, иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллайди. Ўтган йили ҳарорат 1850–1900 йиллардаги саноатлашувгача бўлган даврдаги даражадан Цельсий бўйича тахминан 1,43 даража юқори бўлган.
Жаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Селесте Саулонинг фикрича, “Инсон фаолияти табиий мувозанатни тобора кўпроқ бузмоқда ва биз юзлаб, минглаб йиллар давомида бу ҳодиса оқибатлари билан яшашимизга тўғри келади”.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига қараганда, ҳозирги урушлар даврида иқлимдаги беқарорлик яна бир ҳақиқатни очиб бермоқда: бизнинг қазилма ёнилғи-ёқилғиларга қарамлигимиз ҳам иқлимга, ҳам глобал хавфсизликка путур етказади.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда сайёравий кўламдаги учта таҳдид – иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва табиатнинг бузилиши бутун халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Экологик таҳдидлар, бир томондан, ҳозирги даврга хос глобал хатарлар ҳисобланса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммолар қаторига киради.
Шунинг учун ҳам БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ўз тарихида илк бор 2021 йилда мусаффо, соғлом ва барқарор атроф-муҳит – инсон ҳуқуқларининг узвий қисмидир, деб эътироф этди. Бу соҳада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Махсус маърузачиси мақоми таъсис қилингани ҳам худди шу омиллар билан чамбарчас боғлиқ.
Она заминимизнинг сув захираларини ўйловсизлик ва исрофгарчилик билан сарфлаш, табиат ва биохилма-хилликка мунтазам зиён-заҳмат етказиш, Ер ва коинотни чиқиндихонага айлантириш, ана шу салбий жараёнлар асносида кутилажак турли офатларга қарши кураш имкониятларининг чекланишига бевосита сабабчи бўлиш – буларнинг барчаси инсоният бошига янгидан-янги балолар ёғдирмоқда. Боз устига экологик офатлар мавжуд таҳдиду хатарларнинг янада кучайишига туртки бўлмоқда.
Марказий Осиё минтақаси ҳам иқлим ўзгаришлари ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари олдида заиф экани сезилди. Ҳозирги вақтда минтақа мамлакатларида кузатилаётган сув тақчиллиги экинларни суғориш имкониятларини чекламоқда.
Бинобарин, Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва биохилма-хилликни асраб-авайлаш ишларига мунтазам эътибор қаратилаётгани жуда муҳим. Мамлакатимиз 2017 йил 19 апрелда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Париж битимини имзолаган.
Иқлим бўйича илк глобал битим ҳисобланувчи 2015 йил 12 декабрда қабул қилинган Париж битими Ўзбекистон учун қатор имкониятларни тақдим этади. Хусусан, энергия самарадорлиги ва энергия тежаш бўйича давлат дастурларини амалга оширишда иқлимий молиялаштириш ресурсларини жалб қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, ер-сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш, салбий экологик оқибатларга қарши курашиш шулар жумласидандир.
Мазкур ҳужжат глобал исишнинг олдини олиш учун глобал ҳаракат режасини белгилаб беради. Битим табиий ёқилғилардан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, албатта. Бироқ барча мамлакатлардан ҳавони ифлослантиришни камайтириши, технологик қайта қуролланиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш кераклиги сўралади. Бундан ташқари, энергия қувватларини етказиб бериш ҳам аста-секин қайта тикланувчи энергияга ўтилиши лозим.
Шунингдек, Ўзбекистон Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилган. Ушбу муҳим қадам мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгисидир.
Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларига дахлдор бир қанча янги ташаббусларни илгари сурганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни вақтда халқаро, минтақавий ва миллий даражалардаги ушбу ташаббуслар изчиллик билан рўёбга чиқарилмоқда.
Мамлакатимизда БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз ва жамиятимиз экологик муаммоларни ҳал этишда дунё ҳамжамиятининг куч ва имкониятларини бирлаштириш, саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш, глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарур деб ҳисоблайди. Шу боис Президентимизнинг бу борадаги изчил сиёсати асосида:
биринчидан, жамиятимизда, айниқса, маҳаллаларда табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш маданиятини шакллантиришни умуммиллий амалий ҳаракатга айлантириш;
иккинчидан, экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларни, хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш;
учинчидан, сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисмини туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтириш;
тўртинчидан, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш, соҳага янги инновацион агротехнологияларни кенг жорий этиш, яратилаётган янги деҳқон хўжаликларини ҳақиқий ер эгасига айлантириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.
Янада муҳими, экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талаблар мустаҳкамланди.
Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.
Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ишлаб чиқилди. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегияларда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласига ҳар доимгидан кўра юз карра кўпроқ эътибор берилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида ҳам бу борада муайян амалий ишлар қилинди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи 2021 йилдан бошлаб “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайиб бормоқда.
Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча экология соҳасида умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилгани катта аҳамиятга эга. Бу ўринда атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ҳақида сўз бормоқда.
Ўзбекистон Президенти мазкур ташаббусларни маъқуллади ва бу бежиз эмас. Чунки, тадбир якунида таъкидланганидек, тақдимот қилинган лойиҳалар экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқ муҳитини янада қулайлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада илм-фан ва замонавий технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский