Янги Ўзбекистон болалари нуфуси: 11 миллион 630 минг нафардан зиёд!
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Ушбу байрам арафасида Миллий статистика қўмитаси Янги Ўзбекистон болаларига тааллуқли муҳим маълумотларни эълон қилди. Яъни, 2026 йил 1 январь ҳолатига юртимизда 0–14 ёшдаги жами болалар сони 11 миллион 630 минг 879 нафарни ташкил этган. Шундан – 6 миллион 30 минг 736 нафари ўғил бола ва лар 5 миллион 600 минг 143 нафари қиз болалардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ. Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур». Давлат раҳбарининг ушбу фикрлари кейинги йилларда ҳаётимизга тобора кенг татбиқ этилмоқда.
Энг муҳими, Янги Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини тизимли ва ҳар томонлама таъминлаш борасида муайян ибратли тажриба тўпланди. Бола ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Авваламбор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланди.
Миллий ҳуқуқий тизимда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Бу борада, айниқса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қонунчилик йўли билан оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида боланинг фикри инобатга олиниши белгилаб берилди. Парламентнинг қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бу борада муҳим натижаларга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йил 10 мартда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ва ҳукуматнинг қўшма қарори асосида Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими жорий қилинди. Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.
Шунингдек, 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилди. Улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жаҳоннинг аксарият мамлакатларида ёзнинг илк куни болажонлар учун катта байрам сифатида нишонланади. Бинобарин, 1949 йилда Парижда Хотин-қизлар халқаро демократик федерациясининг конгресси бўлиб ўтган. Ушбу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги чақириқ янграган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча болаларнинг соғлиги ва тинч-хотиржам ҳаётини сақлаш долзарб муаммога айланган эди. Шу тариқа 1950 йилдан эътиборан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади. Бундан кўзланган мақсад болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга эътибор қаратишдир.
Бутун дунёда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилиш зарурати дастлаб Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро билл, шунингдек, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Хусусан, 1959 йилги Бола ҳуқуқлари декларациясида ҳар бир бола учун ҳеч қандай камситиш ва чеклашларсиз бутун бошли ҳуқуқлар мажмуи мустаҳкамланган.
Ушбу Декларация асосида 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқлари соҳасидаги биринчи мажбурий халқаро ҳужжатдир. Мазкур ҳужжатда инсониятнинг узвий бўлаги сифатида тан олинган болаларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядир. Бу муҳим далил юртимизда болаларга бўлган юксак эътиборнинг ўзига хос намунаси ҳисобланади. Ушбу Конвенцияни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўнга яқин халқаро шартномага қўшилган. Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидаларига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди. Ўзбекистон Президенти, парламенти ва ҳукумати томонидан бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар изчил тўлдирилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий стратегиянинг шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлари асосида 2021 йил 12 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Қонунга биноан, аввало, Жиноят кодекси 1281-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда унга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жавобгарлик белгиланди. Бунда жиноятнинг объектив томони зарурий белгиси сифатида қилмиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилганлиги кўзда тутилади.
Шу билан бирга, мазкур жиноят объекти сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг нормал ва ахлоқий ривожланиши эканлигини инобатга олиб, жиноят субъекти ёши 18 ёш этиб белгиланди. Шунингдек, Жиноят кодекси 1482-моддасининг иккинчи қисмига вояга етмаган шахсни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш киритилди.
Ўз навбатида, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида болаларимизни ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, илмий, ижодий, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ноёб иқтидори юзага чиқишига кўмаклашиш каби турли соҳаларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, етим ва ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама таъминланмоқда.
Шундай қилиб, кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилди, болаларнинг таълим олиш ва соғлиққа бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди, болаларнинг қарашларини ҳурмат қилишга оид ҳуқуқий асослар кучайтирилди, шу мақсадда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ташкилотлар таъсис этилди. Ногиронлиги бўлган ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими мустаҳкамланди.
Қуролли можаролар содир бўлаётган ҳудудлардан ўзбекистонлик болаларни қайтариш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш чоралари кўрилди. Аҳолининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлиги изчил оширилмоқда.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги изчил ислоҳотлар ўз самараларини бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, фарзандларимизни ҳар томонлама муносиб ворислар этиб тарбиялаш нуқтаи назаридан жуда ҳам муҳим.
Ғулом МИРЗО
Ўзбекча
English
Русский