Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

МОЗИЙДАН КЕЛАЖАК САРИ

(Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаровнинг “Эврилиш нуқталари: тарих ва келажак” китоби тўғрисида мулоҳазалар)

 

Тарих – энг катта устоз. Ҳар бир халқ ўз ўтмишини теран ўрганса, ишончли манбалар асосида мозий ҳақиқатларини англаса ва улардан ибратли хулосалар чиқарса, тўғри йўлдан адашмай, фаровонлик, бахт ва саодат манзиллари сари илдам қадам ташлайди. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаров ҳам халқимизнинг олис тарихига назар ташлаб, ўзининг узоқ йиллик ўрганишлари ва изланишларини умумлаштириб, мозий талотўпларини – элимиз ўтмишининг таназзулу юксалишларини таҳлил қилиб, сермазмун ва таъсирчан китоб ёзибди. 2026 йилда “Фирдавс-шоҳ” нашриётида чоп этилган ушбу китоб “Эврилиш нуқталари: тарих ва келажак” деб номланган.

Китобга давлатимиз раҳбари Ш. М. Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари эпиграф қилиб олинган: “Тарихни билмасдан, ўтмишни ўрганмасдан туриб келажакни қуриб бўлмайди. Агар биз ўз тарихимизни ёшларимизга тўғри ўргатсак, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуси шаклланади. Бу эса ҳар қандай ёт ғояларга қарши энг кучли қалқондир”.

Фикримизча, муаллифнинг ушбу китобни ёзишдан кўзлаган асосий мақсади, китобнинг туб мазмун-моҳияти мазкур эпиграфда тўла ифодасини топган. Яъни муаллиф асарда тарихий воқеа-ҳодисаларни сарҳисоб қилишнигина эмас, балки улардан юртимиз истиқболи учун манфаатли хулосалар чиқаришни ҳам мақсад қилган.

Китоб Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланганида эса ўзига хос мантиқ мужассам. Улуғ ҳукмдор Амир Темур диёримизда Иккинчи Ренессансни барпо этган бўлса, бугунги кунда эркин ва мустақил Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилмоқда. Ушбу китоб халқимизни янги юксалиш ва уйғониш даври сари илҳомлантириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Китоб муаллифи Шарофиддин Ҳакимович Назаров 1960 йилда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида, давлат бошқаруви органларида, шу жумладан Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари сифатида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этган. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси лавозимида иш олиб бормоқда.          Ш. Назаров депутатлик билан бир қаторда илмий-педагогик фаолиятини ҳам давом эттирмоқда. Унинг илмий тадқиқотлари мамлакатимизда миллий ҳисоблар тизимини жорий этиш, макроиқтисодий прогнозлаштириш ва ҳудудларни стратегик ривожлантириш масалаларига бағишланган. 200 дан ортиқ илмий ва публицистик мақолалари, қатор монография ва ўқув қўлланмалари чоп этилган.

Иқтисодчи олим Ш. Назаров “Эврилиш нуқталари: тарих ва келажак” китобида ўзбек миллий давлатчилигининг Амир Темур салтанатидан бошлаб то ҳозирги кунгача бўлган мураккаб тарихий йўлини айнан иқтисодий нуқтаи назардан таҳлил қилган. Китобда халқимиз тарихидаги туб ўзгаришларга сабаб бўлган сиёсий ҳодисалар – муаллиф таъбири билан айтганда “эврилиш нуқталари”нинг иқтисодий негизлари тадқиқ этилган.

Масалан, мамлакатимизнинг совет ҳокимияти давридаги тарихини таҳлил қилар экан, муаллиф қуйидаги асосли фикрларни таъкидлаган: “Ўзбекистоннинг совет даври иқтисодий тарихидаги энг катта бўшлиқ, бу – республика иқтисодиётининг иттифоқ иқтисодий салоҳияти ва ривожланишидаги ҳиссасига ҳақиқий таъсири яширилганлиги ҳамда ишончли маълумотлар асосида баҳоланмаганлигидир. Умуман олганда, иттифоқ таркибида Ўзбекистонни иқтисодий таназзулга дучор этган самарасизлик нафақат иқтисодий механизмларнинг нотўғри ишлаганлиги, балки иқтисодиётда сиёсий ва ғоявий назоратнинг кучлилиги, бошқарув институтларининг инерция билан ишлаши, марказлашган режалаштиришдаги догматик ёндашувларнинг “сирли занжир” каби йиллар давомида юзага келтирган тизимли муаммолари ва уларнинг оқибатлари эди, десак адолатдан бўлади”.

Китоб илмий-оммабоп услубда ёзилган ва хронологик тартибда жойлаштирилган, мантиқан бир-бири билан узвий боғланган ва шаклига кўра мақолани ёдга солувчи 18 параграфдан иборат. Айниқса, “Янги бошқарув фалсафаси”, “Тадбиркорлик феномени”, “Бирлаштирувчи куч” номли параграфларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар теран таҳлил қилинган.

Масалан, “Янги бошқарув фалсафаси” параграфида муаллиф мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган ислоҳотларнинг давлат бошқарувига таъсирини таҳлил қилар экан, давлат бошқарувини модернизация қилиш – бу нафақат рақамлаштириш, балки, энг аввало, амалдорларнинг фикрлаши ва дунёқарашини ўзгартириш билан боғлиқ эканини асослаб берган. Бошқарувдаги номарказлашув, идоравий тўсиқларнинг парчаланиши ва горизонтал алоқаларнинг ўрнатилиши ҳар бир қарорнинг олий мақсади – инсон қадрини улуғлашни таъминлашга ҳисса қўшиши таъкидланган.

Китобнинг ҳар бир параграфига алоҳида диққатга сазовор эпиграф берилган. Бу эпиграфлар китоб муаллифи айтмоқчи бўлган мулоҳазаларни янада таъсирчан ва тушунарли қилишга ҳисса қўшган. Шу ўринда бир мулоҳазамиз ҳам бор: ҳикматли сўзлари эпиграф қилиб олинган давлат ва жамоат арбоблари, мутафаккир олимларнинг шахсини китобхон учун янада аниқроқ бериш керак эди. Масалан, китобнинг “Эврилиш нуқтаси” номли параграфида Малькольм Гладуэллнинг: “Эврилиш нуқтаси – бу ғоя, тренд ёки ижтимоий хулқ-атвор маълум бир чегарадан ўтиб, шиддат билан тарқала бошлайдиган сеҳрли лаҳзадир”, – деган фикри берилган. Албатта, бу инсонни олимлар ва илғор зиёлилар таниши мумкин, аммо оддий китобхонда “Малькольм Гладуэлл ўзи ким?” деган табиий савол туғилади. “Агар қўлингиздаги ягона асбоб болға бўлса, ҳар қандай муаммо сизга мих бўлиб кўринаверади”, – деган афоризм муаллифи Абраҳам Маслоу ёки “Фикрлаш орқали биз инқироз, турғунлик, инқилоб ва урушларнинг сабабини очиб беришимиз керак”, – деган ҳикматли фикр эгаси Бертольд Брехт ҳақида ҳам худди шундай мулоҳазани таъкидлашимиз мумкин.

Китоб номи ниҳоятда ўзига хос: “Эврилиш нуқталари: тарих ва келажак”. Бу номни ўқиганда, энг аввало, Франц Кафканинг “Эврилиш” ҳикоясини эслаймиз. Ф. Кафканинг ушбу ҳикояси ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча марта чоп этилган. Айниқса, маҳоратли таржимон Эркин Эрназаров “Эврилиш” ҳикоясини маромига етказиб таржима қилган. Кафканинг ўзбек тилига ўгирилган ҳикоялари тўплам ҳолида айнан “Эврилиш” номи билан 2021 йилда нашр этилган. Мазкур ҳикоялар тўпламига сўзбоши ёзганимда машҳур немис файласуфи Фридрих Ницшенинг “Мангулик эмас, мангу яшаб қолиш муҳим” деган сўзларидан иқтибос келтирган эдим. Бугун Ницшенинг мазкур фикрини  Шарофиддин Назаровнинг “Эврилиш нуқталари: тарих ва келажак” номли китобига нисбатан ҳам қўлламоқчиман. Сабаби ушбу китоб нафақат бугунги, балки келажак авлодни ҳам тарихий ҳодисаларни асосли таҳлил қилиш, улардан сабоқ олиш ва зарур хулосаларни чиқаришга ундайди. Китоб ўз аҳамиятини замон ўзгарса-да, йиллар ўтса-да сақлашига, Ницше таъбири билан айтганда мангу яшаб қолишига тилакдошман.

 

Акмал САИДОВ,

академик

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” газетасининг 2026 йил 12 август 31 сони

Nashr sanasi 13.08.2026 Ko'rishlar 98
Ulashish