2022 йилнинг 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига имплементация қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2021 йил 22 февралда бўлиб ўтган 46-сессиясидаги нутқида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ташаббуси илгари сурилган.
Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан вазирлик, идора ва ташкилот мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Миллий ҳаракатлар режасининг лойиҳаси ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан берилган таклифлар асосида ишлаб чиқилди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда ногиронлик масаласида фаолият олиб борувчи ташкилотлар ўз таклифлари билан фаол иштирок этди.
Миллий ҳаракатлар режаси жами 43 чора-тадбирни ўз ичига олган бўлиб, ушбу тадбирларни 2023-2025 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.12.2022
- Кўришлар: 5484
- Чоп этиш