“Янги Ўзбекистон – халқчил давлат” ғоясини амалга ошириш йўлида

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида, жумладан, “Янги Ўзбекистон – халқчил давлат” ғоясини амалга оширишнинг асосий жиҳатларига эътиборни қаратди. Ушбу ғоя “Инсон – жамият – давлат” ҳамда “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” тамойилларини ҳаётга чуқур татбиқ этишдан иборат бўлиб, Мурожаатномада бу борадаги устувор мақсадлар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти айни мақсадларни амалга ошириш учун давлат органлари ва хизматчилари олдига қуйидаги вазифаларни қўйди:  

биринчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланади;

иккинчидан, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилади;

учинчидан, давлат вакиллари ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги, самимийлиги ва фидойилиги билан халқимиз меҳрини қозониши керак;

тўртинчидан, ҳар қайси вилоят ва ҳудудлардаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда “Ҳукумат куни”ни ўтказиш йўлга қўйилади;

бешинчидан, вазирларнинг масъулияти оширилади, ҳар бир вазир йилнинг бошида жамоатчилик олдида соҳадаги режаси ва йил якунида эса унинг натижаси бўйича ҳисобот беради;

олтинчидан, Парламент палаталари қўмита ва комиссиялари аъзолари вазирларга қайси йўналишда ёки ҳудудда иш яхши кетмаётганини кўрсатишлари, камчиликлар бўйича жойларга чиқишлари ва аҳоли фикрини ўрганиб, масалага биргаликда ечим топишлари лозим;

еттинчидан, Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида тараққий эттиришда, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартиришга эътибор кучайтирилади;

саккизинчидан, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун таълим сифатига, аҳоли соғлиғи, соғлом турмуш тарзига устувор аҳамият берилади.

“Янги Ўзбекистон – халқчил давлат” ғоясини рўёбга чиқариш масаласи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятида ҳам муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Миллий марказ томонидан Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида «Халқчил давлат» миллий дастури лойиҳаси тайёрлангани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Миллий дастур лойиҳасини тайёрлашда 60 га яқин давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти институти вакиллари қатнашди. Лойиҳалар юзасидан 200 га яқин таклифлар қабул қилинди.

“Халқчил давлат” миллий дастури ва унинг “Йўл харитаси” лойиҳаси халқ билан мулоқотнинг механизмларини такомиллаштириш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартиришга қаратилган тизимли ишларни назарда тутади. Ушбу ҳужжатда ҳар бир фуқаронинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни тўлақонли рўёбга чиқариш йўналишлари белгиланмоқда.

Жумладан, лойиҳада:

  • “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • Олий Мажлис палаталари депутатлари ва сенаторлари, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида жойларда сайёр қабуллар ташкил этиш;
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати томонидан ўзи сайланган ҳудудда маҳаллий бюджет маблағларининг сарфланиши ва ҳудудий дастурларнинг амалга оширилиши бўйича жамоатчилик эшитувлари ўтказилиши;
  • фуқароларнинг мурожаатлари, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларнинг интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш;
  • маъмурий адлия институтини такомиллаштириш;
  • давлат органларининг мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларига нисбатан талабларни, шунингдек уларни ўқитиш ва малакасини ошириш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • давлат органлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шерикликни ҳамда уларга давлат ижтимоий буюртмасини бериш ишларини кучайтириш;
  • Ижтимоий кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиб, унда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тизимга солиш, ижтимоий таъминот принциплари ва тушунчаларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий фаровонлиги индексини жорий қилиш каби чора-тадбирлар ўз аксини топган.

 

Ўткир ОЧИЛОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech