Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантиришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва ушбу дастурни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.  

Шу маънода Ўзбекистон Президентининг янги қарори биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган нуфузли халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича 2022 йил 10 декабрда бошланган бутун дунё миқёсидаги кампания даврида қабул қилинди.  

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим кенг тамойлга асосланади ҳамда ўқувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилган бўлиб, уларга танқидий таҳлил ва амалий фаолият учун зарур бўлган билим ва муҳим кўникмаларни беради. Бу ўз ҳуқуқлари тўғрисида билиш ва ҳимоя қилиш, таъминланиши учун масъул ҳокимият вакилларига ва бошқа шахсларга ушбу мажбуриятларни бажариш қанчалик муҳимлигини тушунишга ёрдам беради.  

Бу инсонларнинг ҳаётига таъсир этувчи барча – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик – қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўла ҳуқуқли иштирокини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш учун ўта муҳим аҳамиятга эга.  

Қарорнинг асосий мақсадларидан бири – Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга оширишдир.  

Маълумки, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ҳақидаги қоидалар кўплаб халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган бўлиб, 2004 йилнинг 10 декабрида БМТнинг Бош Ассамблеяси барча секторларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси Жаҳон таълим дастурининг глобал даражада мувофиқлаштиришни амалга оширади.  

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини миллий даражада амалга оширишни фаоллаштиришга хизмат қиладиган фойдали воситадир.  

Жаҳон таълим дастури барча секторларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида кетма-кет босқичлар асосида ташкил топган, доимий амалга ошириладиган ташаббус бўлиб, аъзо-давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни бошланғич ва ўрта мактаб тизимида, олий таълим тизимида ҳамда ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва барча даражадаги ҳарбийлар, шунингдек ОАВ вакиллари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларида жорий этиб боришлари керак.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим, бу – янгиланишлар манбаи, фаол фуқаролар сифатида ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ўз ҳуқуқлари ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим стратегия ҳисобланади. Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичидаги ҳаракатлар режасидан якуний хулоса ва олға интилиш учун қўлланма сифатида фойдаланиш йўли билан ёшлар учун ҳамда ёшлар иштирокида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш тинч, адолатли ва барқарор келажакка қўшилаётган муҳим ҳисса ҳисобланади.  

Таъкидлаш лозимки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.  

Шаҳло САФАРОВА,  

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  

Миллий марказининг таянч докторанти

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech