Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Парламент ва ННТ ўрни

23 февраль куни Тошкент шаҳрида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган  халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Халқаро тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди. Ушбу давра суҳбати мамлакатимизда давом этаётган “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида ўтказилди.

Анжуман Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) билан ҳамкорликда онлайн ва офлайн шаклда ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, академик ҳамжамият ҳамда мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланганди.  Ўша йилнинг 29 декабрида Олий Мажлис палаталари кенгашларининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди.

Қўшма қарор билан 13 та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур ҳужжат Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойили билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Қўшма қарор Ўзбекистонда “Инсон қадри, манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар руҳига мос.  Ҳужжат, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб қилиш, бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш масалаларини қамраб олган.

Мазкур вазифаларни бажариш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган халқаро давра суҳбатида, жумладан:

  • БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциядан келиб чиқадиган вазифалар;
  • Барқарор ривожланиш миллий мақсадларига эришиш устидан парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан фойдаланиш истиқболлари;
  • 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тайёрланадиган Ихтиёрий миллий ҳисоботлар учун фуқаролик жамияти институтларининг муқобил маърузаларини тайёрлаш;
  • Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти ҳамда жамоатчилик хабардорлигини ошириш;
  • давлат ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўмаклашиш, ижтимоий ҳамкорлик ва самарали жамоатчилик назорати масалалари бўйича фикр алмашилди.

Экспертлар Ўзбекистон Президенти сўнгги етти йил ичида БМТ олий минбарларидан умумбашарий муаммолар ечимига оид 10 дан зиёд ташаббус билан чиққанини эътироф этдилар. Энг муҳими, мазкур ташаббуслар Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватланган ва улар асосида тегишли резолюциялар қабул қилинган.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Янги Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият ва жаҳоннинг барча илғор мамлакатлари томонидан якдил эътироф этилаётганининг ёрқин ифодасидир.

Тадбирда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича ҳам атрофлича сўз юритилди. Бунда мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш алоҳида аҳамиятга эгалигига эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш соҳасида Ўзбекистон сиёсати: парламент, ижроия ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг долзарб масалалари”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини ошириш”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари мониторинги: фуқаролик жамияти институтларининг ихтиёрий миллий ҳисоботларни ишлаб чиқишдаги иштироки” мавзуларидаги маърузалар тингланди.

Халқаро тадбир доирасида “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) ҳамкорлигида амалга оширилган “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали жамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида хабардорлигини ошириш” лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 

Давра суҳбати якунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ, шунингдек, бошқа бир қатор давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

ҚМПТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech