Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган.
Янги Ўзбекистон жаҳонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга амал қилишни давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирган, ушбу соҳада янги-янги халқаро ташаббуслар муаллифига айланган давлат сифатида танилмоқда ва эътироф этилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, мамлакатимиз тарихда биринчи марта БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири — Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси этиб сайланди.
2021 йил 22 февралда ватандошларимиз яна бир тарихий воқеанинг гувоҳи бўлди —Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўзбек тилида жаҳон ҳамжамиятига қарата “Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради”, деб ишонч билдирди.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72- ва 75-сессияларида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини, Маърифат ва диний бағрикенглик, Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги резолюцияларни, пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилиш юзасидан билдирган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан мамнуният билан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.
Буни БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида Ўзбекистон ташаббуси билан Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюция қабул қилингани ҳам исботлаб турибди.
Бу гал ҳам давлатимиз раҳбари ўз нутқида БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасида янги ғояларни илгари сурди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан бирга глобал форум ўтказиш, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш томонидан Судьялар кенгашлари фаолиятининг универсал принципларини ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига биринчи даражали эътибор берилаётгани тасодиф эмас. Буюк аллома Алишер Навоий таълим берганидек: “Бу гулшан аро йўқдир бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур гар яхшилик бирла қолса от”. Яъни, буюк юртни комил инсонлар бунёд этади. Улар ҳам ўқимишли ва билимдон, ҳам ташаббускор ва юртпарвар бўлишлари учун энг тараққий этган давлатлардаги каби барча ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши керак.
Шу мақсадда 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Бу тарихий ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди.
Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимлари жорий қилинган. 2021 йил — Болалар меҳнатига барҳам бериш халқаро йилида Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш белгиланган.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Ўзбекистон Президентининг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, шунингдек, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналарининг ташкил этилиши ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” ғоясини ҳаётга татбиқ этишнинг амалий кўриниши бўлди.
Суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам чуқур ислоҳотларга киришилди. Қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик қарор топа бошлади. Натижада аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ортмоқда. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, низоларни судгача ҳал қилишда ва тарафларни яраштиришда адвокатларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда. Афв этиш ва жамоат бирлашмаларининг кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилди. 2020 йилнинг ўзида 719 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани, судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани, жазо муддатини ўтаётган ва тузалиш йўлига қатъий кирган 616 нафар фуқаро афв этилгани буни яққол исботлаб турибди.
Мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келиб, Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган 50 мингга яқин юртдошимизнинг ана шу муаммоси ҳал этилиб, уларни Ўзбекистон фуқаролари сифатида тан олишнинг қонуний чоралари кўрилди.
Виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги ишлар ҳам кенг кўламли. Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та конфессиянинг 2 277 та диний ташкилоти фаолият юритмоқда. “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясини амалга оширишга, диний таълим ва маърифат тизимини ривожлантиришга, диний ходимлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу вақтгача мажбурий меҳнат, болалар меҳнати масаласида кўп жиҳатдан жиддий танқид эшитишимизга тўғри келди. Аввалги тузумдан мерос бўлиб қолган амалдаги қонунларга зид ушбу ҳолатга барҳам беришнинг имконияти йўқдек туюларди. Давлатимиз раҳбари Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессияси онлайн мажлисида: “Биз Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишларни амалга оширдик. Бу ислоҳотларимиздаги энг асосий ютуқларимиздан бири бўлди”, деб таъкидлади.
Ҳақиқатан, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси доирасида 2020 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш бўйича ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан умуман фойдаланилмаган, деган хулосага келинди ҳамда фуқароларни мажбурий тарзда меҳнат қилишга жалб этиш ҳолатлари кузатилмагани қайд этилди.
Юртимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида аёлларнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Миллий парламентимиз тарихида биринчи марта аёл киши Сенатни бошқармоқда. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил аввал биз бу борада 128-ўринда эдик.
Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 380 нафардан зиёд хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилган. Улар томонидан 28 мингга яқин опа-сингилларимизга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, беш муҳим ташаббус доирасида 21 минг 500 нафар қиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди. Ана шундай имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони бир йилда қарийб 45 минг нафарга кўпайиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони 2 баробар кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилмоқда. Бу борадаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес форумини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги бутунжаҳон дастурида ҳам фаол иштирок этмоқда. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастурининг ижроси юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари аҳоли орасида умуминсоний қадриятлар, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва унга риоя этиш тамойилларини оммалаштиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишини таъминлаш жараёнига кенг жалб этилган.
Ўзбекистон бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббускори ҳам ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ёшлар — 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтган йили Самарқандда бўлиб ўтган веб-форум бевосита ушбу масалага бағишланди. Унда БМТ ва унинг муассасалари, Парламентлараро иттифоқ, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Осиё парламент ассамблеяси, Африка Иттифоқи намояндалари билан бирга жаҳондаги 30 дан зиёд ёшлар ташкилотининг 1000 нафардан зиёд вакили иштирок этди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини муҳофазалаш бугун жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Бу борада Президентимизнинг нутқида илгари сурилган эзгу ғоя ва ташаббуслар нафақат мамлакатимиз аҳолисининг, балки бутун инсониятнинг фаровонлигини таъминлаш, келажак авлодларга мусаффо осмон, нурафшон манзилларни мерос қолдиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги
Манба: янги Ўзбекистон
- Қўшилди: 24.02.2021
- Кўришлар: 4243
- Чоп этиш