“Мен кўпинча шу савол устида ўйланаман: катта ёшдаги инсон қайси паллада боладаги инсоний қиёфани кўрмай қолади? Қачон ғазаб ва безовталик зўравонлик учун баҳонага айланади? Бола ҳимоя қилишга "улғайиб етиши" мумкин эмас. Ҳимоя унинг ҳаққи сифатида унинг илк нафасидан бошлаб мавжуд бўлиши шарт. Шарт-шароитларга боғлиқсиз, мутлақ ва кафолатли тарзда”, деб ёзди у Instagram‘даги саҳифасида.
Унинг билдиришича, сўнгги бир неча ойдан буён Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонликни олдини олиш бўйича изчил ишлар олиб бормоқда. Бугунги кунда мазкур мавзу янги, янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Агентлик Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқди.
“Мақсад — болаларга нисбатан зўравонлик қилган шахслар жазодан четда қолмаслиги, жавобгарлик адолатли ва муқаррар бўлиши, енгиллаштирувчи ҳолатларсиз, мумкин бўлган энг оғир жазо чоралари қўлланилишига эришишдир”, дейди Шаҳноза Мирзиёева.
Қайд этишича, ҳозирда Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ шакллантирилмоқда. Ушбу гуруҳ қуйидаги аниқ ва амалий ўзгаришлар устида иш бошлаб бўлган:
- болаларга зиён етказган шахслар учун жазо чораларини янада кучайтириш
- шафқатсизликка йўл қўйганлар учун болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод тақиқлаш
- жавобгарликни тезкор ва самарали таъминлаш мақсадида ягона тартибдаги тезкор протоколларни жорий этиш.
“Мен зўравонликни “тасодиф” деб ҳисобламайман. Бу — ҳар доим катталарнинг онгли танловидир. Демак, бунинг муқобили сифатида бошқа бир танлов ҳам бўлиши шарт: уни тўхтатиш танлови. Оқлаш эмас. Муаммога кўз юммаслик танлови”, деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари.
«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»