Микропластик хавфи: инсоният ва сайёра тақдири учун глобал чақириқ

Шу кунларда БМТга аъзо 176 давлат делегатлари, нодавлат ташкилотлар, олимлар ва саноатчилар Женевада йиғилиб, глобал миқёсда пластик ишлаб чиқаришни қисқартириш бўйича музокаралар олиб боришмоқда.

– Биз шошилинч чоралар кўришимиз керак, - деди микропластмассалар бўйича қилган ишлари учун “Time's” журналининг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатига киритилган Плимут университети профессори Ричард Томпсон. – Буни фақат чиқиндиларни бошқариш йўли билан ҳал қилиб бўлмайди. Баъзи давлатлар молиявий оқибатлардан хавотирда, айниқса, улар пластмасса учун углероднинг асосий манбаи бўлган нефть ва газни кўп экспорт қиладиган мамлакат бўлса

Музокараларда иштирок этган Европа комиссияси пластмассанинг ишлаб чиқаришдан тортиб, утилизация қилишгача бўлган бутун ҳаётий циклини қамраб оладиган шартнома тузишга чақирмоқда. Шунингдек, улар инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун зарарли бўлган айрим пластмассалардан босқичма-босқич воз кечишни қўллаб-қувватлашди.

Томпсон йиғин иштирокчиларини “кейинги авлоднинг кўзига қараш”лари учун чора кўришга дават этди. 

– Пластик ифлосланиш глобал экологик муаммодир. Пластмасса маҳсулотлари сайёрамиздаги энг чуқур океанларимиздан тортиб то энг баланд тоғларимизни ҳам том маънода ифлослантиради. Билсангиз, у Арктика денгизидан экваторгача бўлган музларда мавжуд, -деди у. 

Статистик маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб ҳар йили 460 миллион тонна пластмасса ишлаб чиқарилади ва у маҳсулотларнинг 81 фоизи бир йилдан камроқ вақт ичида чиқиндиларга айланади.

Ушбу чиқиндиларнинг атиги 9 фоизи қайта ишланади, 20 фоизи ёқиб юборилади, 20 фоиздан ортиғи табиат қўйнига ташлаб кетилади.

Профессор Томпсоннинг фикрича, тузилажак шартнома пластик буюмлар дизайни учун барқарорлик мезонларини белгилаши шарт, улар қайта ишлатилиши ёки узоқроқ вақтга хизмат қилиши керак.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech