Муносабат: Миллий стратегия – конституциявий ривожланишнинг янги босқичи

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Миллий стратегияни босқичма-босқич амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжатларда, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ривожлантиришга тааллуқли чора-тадбирлар ўз аксини топган. Бу ҳақда сўз борганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу соҳада қисқа муддат ичида амалга оширилган тарихий демократик ислоҳотлар юртимизни халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътиборини тамоман янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, куни кеча БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян томонидан Ўзбекистонга 2019 йилги ташрифи якунлари бўйича маърузаси доирасида эълон қилинган ижобий фикрлар ва далиллар ҳам бу борадаги халқаро ҳамжамиятнинг якдил эътирофи бўлди.      

Мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилгани соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, ушбу шартномавий мажбуриятларни бажариш юзасидан инсон ҳуқуқларига оид миллий қонунчилик ҳужжатлари изчил такомиллаштирилмоқда. Буни кейинги бир йил давомида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилинганлиги ҳам тасдиқлайди.

Айниқса, сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан ёндашганда, узоқ муддатга мўлжалланган ушбу миллий стратегия Ўзбекистоннинг 30 йиллик мустақил демократик тараққиёти даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш йўлида мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим тарихий қадам бўлди.

Шу билан бирга, мазкур дастурий ҳужжат Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳамда Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларни самарали амалга оширишда жамиятимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ғоят аҳамиятлидир.

Миллий стратегияни инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро шартномалар билан Конституция ва қонунларнинг ўзаро уйғунлиги ҳамда устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат сифатида ҳам баҳоласак бўлади.

Албатта, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Миллий стратегияни ишлаб чиқишда кўп йиллик тўпланган бой ҳуқуқий тажрибамиз, демократик анъана ва қадриятлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар томонидан берилган тавсиялар ва илғор хорижий амалиёт ютуқлари ҳисобга олинган.

Эътиборли жиҳати шундаки, халқаро мутахассислар холисона қайд этганидек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида бошқа бир шаклдаги ёки турдаги ҳужжат эмас, балки айнан “Миллий стратегия” қабул қилган саноқли давлатлар қаторидан жой олди. Шу омилнинг ўзиёқ мамлакатимизнинг халқаро майдондаги иқтисодий ва иёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеини мустаҳкамлади.  

Дарҳақиқат, гап Миллий стратегияда белгиланган устувор вазифалар ҳақида борар экан, бу борада “Йўл харитаси”да мутасадди идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида қарийб 20 та янги қонунлар лойиҳаларини, халқаро шартномалар мажбуриятларидан келиб чиқиб, амалдаги кодекслар ва қонунларнинг янги таҳририни ишлаб чиқиш, уларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилганини қайд этиш лозим.

Қолаверса, унда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий таълим тизимини қайта кўриб чиқиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд идоралари ходимларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий саводхонлигини, малакасини ошириш билан боғлиқ бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Шуни ҳам  таъкидлаш жоизки, авваломбор, биз ҳуқуқшунослар   Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда  “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бирма-бир чуқур ўзлаштириб, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда, бу борада амалий таклифлар беришда фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади.

Шу маънода, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиқиш кўзда тутилганлиги эътиборга молик бўлди.

Чунки бундай муҳим ҳужжат хорижий мамлакатлар судлари тажрибаси ва одил судловга оид халқаро амалиётни миллий одил судлов амалиётига татбиқ этиш нуқтаи-назаридан алоҳида аҳамият касб этиши тайин.

Ушбу йўналишда муайян илмий тадқиқотлар олиб борган мутахассис сифатида мазкур Пленум қарорининг қабул қилиниши судлар фаолиятида янги бир йўналишни бошлаб берадиган тарихий ва далил қадам бўлади, десам, муболаға эмас.

Гап халқаро ҳуқуқнинг судлар фаолияти билан боғлиқ ўзига хос жиҳатлари хусусида борганда, бугунги кунда судьялар томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш масаласи бир қатор халқаро шартномаларда бевосита ёки билвосита қайд этилганига эътибор қаратиш керак бўлади.

Масалан, 1997 йил 30 августдаги Қонун билан Ўзбекистон Республикаси қўшилган Халқаро меҳнат ташкилотининг Зўраки ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-конвенциясининг 26-моддасида ушбу Конвенцияни ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳар бир аъзоси уни ўз суверенитети остида бўлган ҳудудда ёки юрисдикциясида қўллашга мажбур эканлиги белгиланган.

Шу билан бирга, БМТнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги асосий шартномалари, шунингдек Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар юзасидан ҳуқуқий алоқалар ҳамда ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Минск конвенцияси ҳамда Хорижий арбитраж ҳал қилув қарорини эътироф этиш ва ижро этиш тўғрисидаги Нью-Йорк конвенцияси ушбу йўналишда судлар фаолиятини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқ нормалари ҳисобланади.

Яна бир жиҳат: миллий қонунчилигимизнинг халқаро ҳуқуқ билан муносабатидаги ўзига хос хусусият шундаки, халқаро шартномалар нормалари миллий қонунчилик орқали ижро этилади. Яъни, бирон-бир халқаро шартномага қўшилдикми, шу халқаро ҳужжат талабларини бажариш мақсадида алоҳида янги қонун қабул қилиниши ё тегишли қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Мисол учун, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига қўшилишимиз билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун, БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ҳамда Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш, унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протоколини ратификация қилишимиз билан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ёки “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилишимизнинг асоси ва сабаби ҳам юқоридаги халқаро шартномаларга қўшилганимиз экан, унда нима учун одам савдосига оид жиноят ишларини ёхуд бола ҳуқуқлари билан боғлиқ низоларни кўришда суд қарорларида мазкур конвенциялар нормаларини кўрсатиб ўтмаслигимиз керак?

Нима учун биз меҳнат низоларини кўриб чиқишда масалага фақат Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабидан келиб чиқиб ёндашамиз, лекин бунда Ўзбекистон ратификация қилган Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига мурожаат қилмаймиз? Ёки нима сабабдан иш столимизда Конституция, кодекслар ва қонунлар туради-ю, халқаро шартномалар тўплами кўринмайди?

Ваҳоланки, мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган ёки тан олинган инсон ҳуқуқларига оид мазкур халқаро ҳужжатлар Ўзбекистоннинг ҳам халқаро шартномалари ҳисобланади.

Шундай экан, қабул қилиниши кутилаётган Пленум қарорининг аҳамияти ва зарурияти нимада, деган савол туғилиши табиий.  Фикримизча, бу муҳим қадам судлар фаолиятида халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиётини шакллантириш натижалари билан бевосита боғлиқдир.

Бунинг қуйидаги муҳим омил ва сабаблари бор:

биринчидан, суд Конституция, қонунлар ва халқаро шартномалар нормаларини қўллаш орқали одил судлов йўли билан инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг алқаро мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи асосий ва ягона органдир;       

иккинчидан, суд қарорида у ёки бу халқаро ҳуқуқ нормасининг кўрсатилиши халқаро ҳуқуқий аҳамиятга эга. Судлар фаолиятида бундай амалиётнинг шаклланиши Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги обрў-эътиборини, халқаро имижини янада мустаҳкамлайди;

учинчидан, судлар томонидан халқаро ҳуқуқ нормалари қўлланилиши судьянинг масалага халқаро ҳуқуқ нуқтаи назардан ҳам ёндашганини кўрсатиб беради.

тўртинчидан, Пленум қарори қабул қилиниши судларнинг нсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни қўллаш амалиётини янада кенгайтиради, шу билан бирга, ягона суд амалиёти шаклланишига ҳам туртки бўлади.

Энг муҳими, суд қарори жамиятда адолат ва қонунийликни таъминлаш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юклаштириш вазифасини бажаради. Суд қарорини ёзган судья томонидан халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормалари ҳамда халқаро шартномаларнинг қўлланилиши фуқароларнинг халқаро ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам  хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳусан ТУРСУНОВ,
Қарши туманлараро иқтисодий
суди судьяси, юридик фанлар номзоди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech