Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлисида мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги коррупция ҳолатлари ва уларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 3 июнь куни Сенат Раиси бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда мактаб ва мактабгача таълим тизимидаги коррупция ҳолатлари ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Мажлисда таъкидланганидек, асосий мақсад – камчиликларни фош этиш эмас, балки уларга биргаликда ечим топишдан иборат. Шу боис, Сенатнинг тегишли қўмиталари ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ вазирлик билан ҳамкорликда вазиятни ҳар томонлама ўрганди.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар доирасида "Коррупциясиз соҳа" лойиҳаси бўйича қатор дастурлар қабул қилинди. Шу билан бирга, мактабгача ва мактаб таълимига оид 79 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди.

Шунингдек, коррупция хавфини камайтириш мақсадида бир қатор давлат хизматлари электрон шаклда жорий этилди. Жумладан, болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, 1-синфга қабул қилиш, педагог кадрларни аттестация қилиш, лицензиялаш, апостиль қўйиш каби хизматлар рақамлаштирилди. Бу ўз навбатида фуқаролар учун қулайлик ва шаффофлик яратишга хизмат қилмоқда.

Мажлисда таълим тизимидаги баъзи хизматлар учун талаб этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилгани, жараёнлар соддалаштирилгани, коррупция хавфини камайтиришга қаратилган ишларнинг амалий самараси эканлиги қайд этилди.

Ёшларда коррупцияга муросасизлик кайфиятини шакллантириш мақсадида мактаб ва боғча тарбияланувчилари учун махсус “Коррупцияга қарши курашиш” ўқув дастури ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Шу билан бирга, мактаб ва боғчаларда GRACE дастури доирасида ҳалоллик тарбияси жорий этилиши муҳим экани таъкидланди.

Сенат Раиси “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган авлодни вояга етказиш – таълим тизими олдидаги устувор вазифалардан бири бўлиши лозим”, деб таъкидлади. Бунинг учун фақат ўқувчилар эмас, балки ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ўзи ҳам тизимли ўқитилиши, малакаси оширилиши шарт.

Мажлис якуни бўйича таълим тизимида коррупцияга қарши чора-тадбирларни янада фаоллаштириш, ишга қабул қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш, ички назорат тизимини кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech