Нидерландияда саккиз нафар аёл ҳарбий хизматчи махсус бўлинмалар саралаш синовларида қатнашиш учун тайёргарликни бошлади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги давлат котиби Дерк Босвейк таъкидлашича, ушбу ташаббус қуролли кучлар сафида аёллар улушини оширишга қаратилган.
- Бизга қуролли кучларда кўпроқ аёллар керак, -деди у ОАВга берган интервьюсида. - Улар ҳар қандай даражада эркаклар билан тенг хизмат қила олишини кўрсатмоқчимиз.
Таъкидланишича, жорий йил 1 сентябрь ҳолатида Нидерландия қуролли кучларидаги 46,9 минг ҳарбий хизматчининг 6,2 мингдан ортиғини, яъни, қарийб 13 фоизини аёллар ташкил этган. Ҳукумат 2030 йилга бориб бу кўрсаткични камида 30 фоизга етказишни мақсад қилган.
Босвейк саралаш жараёнида эркаклар ва аёлларга бир хил талаблар қўйилишини билдирди. Номзодлар учун индивидуал машғулот дастурлари ишлаб чиқилган, махсус кийимлар ажратилган. Бироқ армиядаги айрим анжомлар ҳануз эркаклар учун мўлжаллангани тан олинди.
Мазкур ташаббус Нидерландия ҳарбий салоҳиятини ошириш чоралари доирасида амалга оширилмоқда. Бюджет лойиҳасида 2027 йил мудофаа харажатлари учун 28,9 миллиард евро ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, 2030 йилгача ҳарбийлар, захирадагилар ва фуқаролик ходимларини ўз ичига олган мудофаа тизими шахсий таркибини 100 минг нафардан ошириш режалаштирилган.
А.Маматов, ЎзА
