Ҳуқуқий муносабат
Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун бир қатор имтиёзлар соҳавий қонунчилик асосида яратиб берилмоқда. Жумладан, ногиронлиги бўлган абитуриентлар учун давлат тўлови ундирилмайди.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу бўйича қуйидагича тушунтириш берди:
–641-сонли қонуннинг 40-моддасига асосан ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча қабул квотаси белгилаб қўйилган.
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида олий таълим муассасаларига қабул қилиш кириш имтиҳонлари натижалари бўйича амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган қўшимча квоталар бўйича ўқишга қабул қилинмаган абитуриентлар тўплаган баллари билан таълимнинг ушбу йўналиши бўйича танловда умумий асосларда иштирок этади.
Ногиронлиги бўлган абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига киришлари учун белгиланган 2 фоизлик квота I ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларгагина татбиқ этилади.
Бунда III-гуруҳ ногиронлиги бўлган абитуриентларга нисбатан бу имтиёз қўлланилмайди.
Ногиронлиги бўлган абитуриентлар олий таълим муассасаларига онлайн ёки офлайн шаклда ҳужжат топширишлари мумкин бўлади.
Ногиронлиги бўлган абитуриент олий таълим муассасасига ўқишга топширишда, қуйидаги ҳужжатларга эга бўлиши талаб этилади.
Жумладан, абитуриентнинг паспорти ёки ID картаси, абитуриентнинг ўзи ўқиган таълим муассасаси томонидан берилган аттестати ёки ўзи битирган коллежнинг дипломи, I - II гуруҳ ногиронлик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда абитуриентнинг ўзининг номига расмийлаштирилган телефон рақами керак бўлади.
Ногиронлиги бўлган абитуриент олий таълим муассасасида ташкил этилган қабул комиссиясига юқорида келтирилган ҳужжатларни тақдим этгандан кейин у ўқишга ҳужжат топшириши бўйича олий таълим муассасаси ректори номига ариза билан мурожаат қилиши талаб этилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар онлайн шаклда My.uzbmb.uz сайти орқали ўз ҳужжатларини топширишлари мумкин. Бу қуйидаги тартибда амалга оширилади: My.uzbmb.uz.уз сайтига кириб, ҳосил бўлган ойнада паспорт серия рақами, шахсий идентификасион рақам, телефон рақам, парол киритилиб, шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга розилик билдириш билан боғлиқ флажок белгиланиб, рўйхатдан ўтиш тугмаси босилади.
Ундан кейин киритилган телефон рақамга сайт орқали код юборилади. Юборилган код дастурга киритилиб, маълумотлар тасдиқланади. Олий ва профессионал таълим муассасалари қабул бўлимига кириб, хизматдан фойдаланиш тугмаси босилади. Ҳосил бўлган ойнада ёзилиши керак бўлган маълумотлар абитуриент томонидан тўлдирилади.
Ариза топшириш бўлимида тест топшириш ҳудуди, таълим тили, тест топшириш алифбоси танланади. Кейин тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси аниқланади. Агарки, абитуриент танлаган фанлар мажмуасида чет тили мавжуд бўлса, тегишли чет тилини ҳам танлаши шарт. Юқорида келтирилган маълумотлар майдончалари тўлдирилганидан кейин сақлаш тугмаси босилади. Шундан сўнг, абитуриентнинг телефон рақамига СМС хабарнома орқали код юборилади. Кодни дастурга киритиш орқали маълумотлар тасдиқланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 18.07.2025
- Кўришлар: 160
- Чоп этиш