Ўзбекистон ва Италия стратегик шериклик муносабатларида янги давр бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони 28-29 май кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Самарқанд мезбонлигидаги ташрифнинг асосий тадбирлари 29 май куни ўтказилди.

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Италия Республикаси Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Марказ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.

Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Шундан сўнг Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелонининг юзма-юз ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

2023 йил июнь ойида Рим шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми, шу жумладан, етказиб берилаётган маҳсулотлар турининг кенгайгани ҳисобига қарийб уч баробар ошди.

Қўшма корхона ва лойиҳалар сони икки баробар кўпайди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, электротехника, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли кооперация йўлга қўйилган.

Ўзбекистон делегацияси Венециядаги биенналеда фаол иштирок этди, Флоренцияда кўргазма ўтказилди. Ўтган йил декабрь ойида Рим ва Виарежо шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Апрель ойида ректорларнинг иккинчи форуми самарали ўтди.

Томонлар фаол сиёсий алмашинувни давом эттиришни қўллаб-қувватладилар.

Жорий йил апрель ойида Самарқандда ўтган самарали саммитга мувофиқ Европа Иттифоқи институтлари билан фаол ҳамкорлик давом эттирилади. Амалий натижаларга эътибор қаратган ҳолда "Марказий Осиё – Италия" саммитини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Савдо соҳасида бизнесга техник кўмак дастурларини кенгайтиришга келишиб олинди. Европа Иттифоқи бозорига чиқиш учун ўзбекистонлик экспортчиларни ўқитиш, Тошкентда қўшма Сертификатлаш марказини ташкил этиш, Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги битимни қабул қилишни тезлаштириш шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбари Италиянинг етакчи компаниялари билан Технологик шериклик дастурини ишга туширишни таклиф қилди.

Хусусий тадбиркорликнинг инновацион лойиҳалари, ўта муҳим минераллар ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, автомобилсозлик учун бутловчи қисмлар, электротехника, энергетика, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш саноатида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм, мебелсозлик ва бошқа тармоқлар учун дизайн марказларини ташкил этиш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.

Бундай лойиҳалар Европа оператори бошқарувида Тошкент вилоятида ташкил этиладиган саноат паркида жойлаштирилиши мумкин.

Лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишга тушириш учун қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш, шунингдек, Италиянинг "SACE" ва "SIMEST" давлат агентликларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Комплекс "йўл харитаси" асосида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Узум, зайтун, заъфарон, сарсабил етиштириш, агролабораториялар ташкил этиш, биотехнологияларни ривожлантириш ва агросуғуртани жорий қилиш бўйича кооперация истиқболлари қайд этилди.

Янги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ҳукуматлараро гуруҳ ишини қайта тиклаш ва унинг йиғилишини бизнес форуми билан бирга ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш доирасида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана ташрифи ва биринчи Ҳудудлар форуми доирасида амалий натижаларга эришиш муҳим экани таъкидланди.

Таълим соҳасида мамлакатимизда Тушия университети филиалини, Пиза, Тренто, Рома Тре ва Ка-Фоскари университетлари билан икки томонлама диплом дастурларини ишга тушириш режалари қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистонда Италия маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.

Ташриф доирасида меҳнат миграцияси соҳаcида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Учрашув якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича комплекс "йўл харитаси"ни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони Стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар.

Улар ҳузурида ташриф доирасида имзоланган, жумладан:

– инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида;

– стратегик аҳамиятга эга хомашё соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;

– миграция ва ҳаракатланиш эркинлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;

– барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, маданий меросни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида;

 – Иқлим жамғармаси ва Италия қишлоқ хўжалиги конфедерацияси билан ҳамкорлик, "Sogesid" ва "Ansaldo" компаниялари билан "яшил" ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;

– Тушиа, Пиза ва Турин университетлари билан шериклик тўғрисидаги икки томонлама битимларни алмашиш маросими ҳам ўтказилди.

Шунингдек, расмий ташриф доирасида Италия Миллий тадқиқотлар маркази, "SIMEST" ва "Danieli" компаниялари, Перужа университети ҳамда бошқа ташкилотлар билан қатор ҳужжатлар имзоланди.

Олий даражадаги Ўзбекистон – Италия музокаралари якунлангач, Самарқанд шаҳридаги кўчага Рим шаҳри номини беришга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу қарор чуқур тарихий ва маданий алоқалар, стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги юксак даражасини инобатга олган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат рамзи сифатида қабул қилинганини таъкидлади.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Жоржа Мелони Конгресс марказида ташкил этилган "Ўзбекистон ва Италия: цивилизациялар мулоқоти" кўргазмасини томоша қилдилар.

Ноёб экспозиция икки мамлакат ўртасидаги чуқур тарихий, илмий ва маданий алоқаларга бағишланган. У "Рим ва Кушон империяларининг савдо муносабатлари", "Биринчи Уйғониш даври", "Марко Поло", "Амир Темур", "Мирзо Улуғбек" ва "Заҳириддин Муҳаммад Бобур", "XIX асрда Ўзбекистондаги италияликлар", "Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликларнинг Италияни озод қилишга қўшган ҳиссаси", "Ўзбекистон ва Италия: маданий меросни асраш" каби 9 та мавзули бўлимдан ташкил топган.

Меҳмонларга Афросиёбнинг "Самарқанд ҳукмдори томонидан элчиларни қабул қилиш маросими" номли деворий суратнинг машҳур италиялик уста Мауро Пеллицонни томонидан Флоренция мозаикаси услубида ишланган ноёб нусхаси намойиш этилди.

Шунингдек, етакчилар турли тарихий ёдгорликлар, график тасвирлар, қўлёзма ва миниатюралар, нодир адабий нашрлар, ҳайкаллар, архив суратлари ва ҳужжатлари билан танишдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони Конгресс маркази хиёбонида биргаликда эман экдилар.

Маросим икки мамлакат халқларининг дўстлиги, Ўзбекистон – Италия стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишининг рамзи бўлди.

Шу билан Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг юртимизга ташрифи якунланди. 

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги тарихий яқин алоқаларни ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишда янги босқични бошлаб бериши шубҳасиз.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, 

Икром АВВАЛБОЕВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech