Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни Женева шаҳрида ўз ишини бошлаган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқида, жумладан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши ҳақида сўз юритди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Парламенти БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиши кутилаётганини алоҳида таъкидлади.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси БМТ Бош Асамблеяси томонидан 2006 йил 3 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Бугунги кунда БМТга аъзо 193 давлатнинг 180 таси, жумладан МДҲ маконидаги Арманистон, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Россия, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлар ушбу халқаро шартномани ратификация қилган.
Ўзбекистон 2009 йил 27 февралда Конвенцияни имзолаган. Бу халқаро ҳужжат қоидалари мамлакатимизда мажбурий кучга кириши учун уни ратификация қилиш тақозо этилади.
Кейинги даврда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бу борада изчил ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилишга тайёргарлик бўйича чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилди ва унда белгиланган вазифалар ҳозирги кунда тўла бажарилган.
Хусусан, 2020 йил 4 декабрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилиниши масаласи бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилгани ана шундай чора-тадбирлардан биридир. Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Жамоатчилик эшитувидан мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг БМТ Конвенциясида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларидан кенг жамоатчилик хабардорлигини оширишдан иборат. Шу билан бирга, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш борасида ушбу халқаро ҳужжатнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
1992 йилдан буён ҳар йили 3 декабрда бутун дунёда нишонланадиган муҳим сана – Халқаро ногиронлар кунига бағишланган ушбу тадбирда ногиронлиги бўлган шахслар инклюзив, адолатли ва барқарор ривожланиш неъматларидан тўла баҳра олиши учун уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш мавзуси атрофлича муҳокама қилинди.
Жамоатчилик эшитуви доирасида БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси профессор Маркус Шефер билан учрашув бўлиб ўтди. Профессор М.Шефер ушбу тадбирга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам ногиронлар ҳуқуқларига доир масалалар, жумладан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини ўқитишни ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини қайд этди.
Маълумки, сайёрамиз аҳолисининг салкам 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Расмий манбаларга кўра, Ўзбекистонда 780 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган кишилар яшайди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, аёллар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Кейинги йилларда бу борада Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганини қайд этиш лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Конституциямизнинг IХ боби фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди. Асосий Қонунимизнинг 14-моддасига биноан, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлат фаолиятининг асосий мезонларидандир.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида имконияти чекланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятлар таъминланмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлиши, шу жумладан, ногиронлиги борлигидан қатъи назар, инсонни камситмаслик принципи ётади.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенглигини кафолатлайдиган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ногиронларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонунчилик ҳужжати ҳисобланади.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши:
биринчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этишга;
иккинчидан, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг асосий қоидаларини миллий қонунчиликка уйғунлаштиришга;
учинчидан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг "ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик" тамойилини амалга оширишга ёрдам беради.
Маълумки, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ва бу ҳуқуқлардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаш тамойиллари белгилаб қўйилган.
Конвенцияда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиш, саломатликни сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш, ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган, шу билан бирга, уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланган.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядаги асосий қоида ва меъёрлар “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунда ўз аксини топган. Янги Қонун орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича мутлақо янги тизим яратилмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат: БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида Брайл алифбосига универсал тизим сифатида алоҳида эътибор қаратилган. Бинобарин, бу махсус ёзув тизими кўзи ожиз ва кўриш билан боғлиқ муаммолари бўлган шахслар учун таълим олиш, сўз ва фикрни ифода этиш эркинлигидан фойдаланиш, ахборот олиш ҳуқуқини амалга ошириш, шунингдек жамиятга интеграциялашиш соҳаларида ниҳоятда муҳим роль ўйнайди.
Бугунги кунда дунёда 2 миллиард 200 миллион нафар атрофидаги инсонлар кўриш, яъни кўз ожизлиги билан боғлиқ муаммоларга эга. Бундай шахслар учун Брайл алифбосидаги ахборотлар кундалик ҳаётда "дунёга дарича" очса, пандемия шароитида уларнинг соғлиги, ҳаттоки ҳаётини сақлаш воситаси ҳам ҳисобланади.
Шу ўринда мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегия доирасида:
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
- “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;
шунингдек, давлат тилидаги “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув қўлланмаси Брайл алифбосида нашр этилгани ҳақида мухтасар тўхталиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда амалга оширган бу эзгу иш кенг жамоатчилик – ҳам хорижий ва халқаро ҳамкорларимиз, ҳам юртдошларимизнинг эътиборига тушди. Буни, авваламбор, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари айни мавзуда эълон қилинган кўп сонли хабарлар яққол тасдиқлайди.
Жумладан, ЎзА хабарида қайд этилганидек, жорий йил 19 февраль куни ушбу нашрларнинг тақдимотида онлайн тарзда иштирок этган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг демократлаштириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Меган Фицжералд хоним Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
ЕХҲТ вакилининг фикрича, мамлакатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўз имкониятларини юзага чиқариши давлат ва жамият томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бундай шахсларнинг мамлакат тараққиёти йўлида барча билан тенг меҳнат қилиши, иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар мавжуд.
Миллий марказга келаётган мурожаатларнинг айримларида ҳам шу мавзуда сўз боради. Хусусан, Бухоро вилояти Вобкент туманида яшайдиган Мухлис Очиловнинг миннатдорчилик хатида шундай дил сўзлари акс этган: "Биз, умр йўлдошим билан ўғлимизнинг таклифини инобатга олиб Брайл алифбосида китоб чоп этганингиз учун миннатдормиз. Бу билан бизнинг ҳаётимизга ишонч ва қатъият олиб кирдингиз, ўғлим ҳам, биз ва барча яқинларимиз ҳам бундай яхшиликдан севиндик".
Брайл алифбосида чоп этилган янги нашрлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишда жуда қўл келади, деб ишонамиз. Нега деганда, ушбу китоблар саҳифаларидан жой олган ҳуқуқ нормалари ногиронлиги бўлган шахслар учун мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этишда катта имкониятлар яратади.
Хулоса қилиб айтганда, айни соҳада амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга катта тайёргарлик кўрилганининг ўзига хос исботидир. Ўз навбатида, мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг ратификация қилиниши унинг қоидаларини қабул қилган давлат зиммасидаги масъулиятни янада оширишини ҳам унутмаслик даркор.
Шу маънода, юртимизда Конвенциянинг қатор нормалари акс этган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ижроси юзасидан парламент ва депутатлик назоратини изчил йўл қўйишга эътибор қаратилаётгани айни муддаодир.
Ғулом Мирзо,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 25.02.2021
- Кўришлар: 4924
- Чоп этиш