Ўзбекистон вакиллари Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммитида қатнашмоқда

2025 йил 7-11 июль кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммити – “WSIS+20” ўтказилмоқда. Тадбирда илк бор Ўзбекистон Прогрессив ислоҳотлар маркази вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуман Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида ўтказиладиган, рақамли ривожланиш, АКТ сиёсатидаги ютуқлар ва инклюзив мулоқотни илгари суришга қаратилган глобал платформадир. Жорий йилги форум дунё миқёсидаги ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирмоқда.

10 июль куни саммитда Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан “Ўзбекистонда медиа ва АКТни ривожлантириш: Рақамли инклюзия ва инфратузилмани кучайтириш” мавзусида махсус панел сессияси ташкил этилади. Бу ҳақда Прогрессив ислоҳотлар маркази Медиа ва ахборот етказиш бўлими маълум қилди.

Сессияда рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлар, кучли ахборот жамиятини шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси муҳокама қилинади. Марказ директори Миршоҳид Асланов, директор ўринбосари Қадамбай Султонов ва “Digital Generation Uzbekistan” координатори Умматой Йўлдошева ушбу панел сессиясида ўз тақдимоти билан иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда инсон манфаатларига йўналтирилган электрон бошқарув тизимини жорий этиш, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилади.

Саммит доирасида аҳолининг барча қатламлари учун рақамли инфратузилманинг очиқлиги ва қулайлигини таъминлаш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатловчи инклюзив ва ишончли медиа экотизимини шакллантириш йўналишидаги ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.

– “WSIS+20” сингари халқаро платформалар мустақил институтларга тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва рақамли ўзгаришларни шаффоф ва инклюзив тарзда олиб бориш имконини беради, – деди Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов. Делегациямиз вакилларининг саммитдаги иштироки Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг глобал рақамли сиёсатдаги фаоллигини акс этттиради.  

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech