Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Бетарафлик дўстлари гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари раҳбарларининг иккинчи учрашувида иштирок этди.
Видеоконференцалоқа форматида ўтган тадбир Туркманистон Миллий кенгаши Мажлиси томонидан ташкил этилган бўлиб, “Парламентлараро мулоқот – дунёда тинчлик ва ишончни таъминлашнинг муҳим воситаси” мавзусига бағишланди.

Учрашувда Бетарафлик дўстлари гуруҳига аъзо мамлакатлар парламентлари, парламентлараро ташкилотлар, Парламентлараро Иттифоқ ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Парламентаризмнинг замонавий глобал чақириқлар шароитидаги роли, парламентлар ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибалар ва миллий амалий ёндашувларни алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Сенати Раиси геосиёсий зиддиятлар, хавфсизлик таҳдидлари, ижтимоий инқирозлар ортиб бораётган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қатъий иродаси туфайли бугун минтақамизда дўстлик, очиқлик ва ҳамжиҳатлик муҳити қарор топаётганини таъкидлади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ёпиқ чегаралар ва ҳал этилмаган низолар даври ортда қолди, минтақада Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди” деган фикрлари бунга мисолдир.

Бугун Марказий Осиё – бу янги сифатдаги минтақавий бирлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли экани, парламентлар эса бу жараёнда муҳим кўприк вазифасини бажараётгани қайд этилди.
–Биз қонунчилик орқали нафақат ички сиёсатни, балки минтақавий ҳамкорлик ва ишонч муҳитини ҳам мустаҳкамлаймиз. Ҳозирги замонавий шароитда парламентлар халқлар манфаатлари йўлида тинчлик, ишонч ва адолатни мустаҳкамлашда тобора муҳим роль ўйнамоқда, – деди Т. Норбоева.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро мулоқотни янада фаоллаштириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид келишув ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 09.10.2025
- Кўришлар: 114
- Чоп этиш