2025 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Айтиш керакки, мазкур ҳужжат ўз моҳият эътиборига кўра, мамлакатимизни ривожига, ислоҳотлар самарасига, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ва турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилашга бевосита алоқадор масалани янгича ёндашув ва оқилона ечимлар билан ҳал этишга қаратилгандир.
У давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузасида “Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси авваламбор юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёш кадрлар сафини кенгайтиришга бевосита боғлиқ”дир деб айтган кўрсатмаларини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ишларнинг мантиқий давомидир.
Бугун ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ва мамлакат Асосий қонунига киритилган ўзгартишлар, мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши, энг муҳими Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишларни ижобий баҳоланиши замирида биринчи навбатда, давлат раҳбарининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган тизимли сиёсати ҳамда Президентимизга камарбаста кўп сонли фидойи давлат хизматчилари – халқ хизматидаги кадрларнинг фаолияти самарасидир.
Хусусан, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида бошланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Давлат хизмати бўйича Форуми иштирокчиларига йўллаган табригида ушбу масалага тўхталиб, “Дунёга тобора очилаётган, жадал ислоҳотлар йўлидан бораётган ва илғор халқаро тажрибани кенг татбиқ этаётган, “давлат – халқ учун” тамойилига қатъий амал қилиб келаётган Янги Ўзбекистон давлат хизмати соҳасида глобал ўзгаришларнинг ажралмас бир қисми” эканлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, давлат бошқарувида рақамли трансформацияни рағбатлантириш, давлат хизматларини кўрсатишнинг инновацион ечимларини қўллаш, давлат сектори институтларида самарадорликни кескин ошириш, лидерлик бошқарув услубини ривожлантириш, узлуксиз таълим олишни кенгайтириш ва бўлажак раҳбарлар учун зарур кўникмаларни белгилаш бўйича илғор тажриба алмашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгалиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари айтганидек, кейинги йилларда Ўзбекистонда давлат хизматини чинакамига инклюзив халқ хизматига айлантириш бўйича тизимли ислоҳотларни олиб борилмоқда. Соҳага оид “Давлат фуқаролик хизмати” тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ислоҳотларнинг ҳар бир фуқарога ва хонадонга яқин бўлиши учун “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилди, манзилли кўмак ва ижтимоий ҳимоя институти кучайтирилди, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етиб, мамлакатимиз бу борада минтақада етакчи ўринни эгаллади. 700 дан зиёд давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда.
Давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон БМТнинг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда сўнгги бир йил ичида 17 поғонага кўтарилган.
Бу каби тизимли чора-тадбирлар ва ёндашувларни яна такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 19 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони давлат фуқаролик хизматини замонавий стандартлар асосида ташкил этиш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш, аҳолининг давлат хизматига бўлган ишончини янада ошириш, соҳага истиқболли кадрларни жалб қилиш ва уларни профессионал мутахассис этиб тайёрлашнинг самарали тизимини жорий қилишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш, давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Фармон билан шунингдек, давлат хизматида кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини жорий этиш;
давлат хизматида коррупцияга қарши курашиш ва рақамлаштириш;
давлат хизмати имижини яхшилаш ҳамда давлат хизматчилари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш каби муҳим чоралар белгиланди.
Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати, унда Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси тасдиқланиб, мазкур Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилди. Шунингдек, Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Фармонда Республика, ҳудудий ва туман даражасидаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри, Миллий даражадаги давлат органлари давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрининг ҳам тасдиқланиши мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати тизимида янгича ёндашув вужудга келганини кўрсатади.
Фикримизча, барчамиз мазкур ҳужжат ва унда белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини чуқур ўрганишимиз зарур. Чунки, ҳозирда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати соҳасида қонунийлик, очиқликни таъминлаш ҳамда бу соҳада коррупцион ҳолатларни олдини олишга йўналтирилган самарали механизмларни белгиловчи яхлит тизим яратилмоқда.
Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ–5843-сон “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонлари, 2019 йил 3 октябрдаги ПҚ–4472-сон “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур соҳага тегишли бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда.
Буларни барчаси давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини натижадорликка йўналтириш, иқтидорли ёшлар ва малакали кадрлар орасида давлат хизматининг нуфузи ҳамда жозибадорлигини ошириш, муҳим соҳаларни ислоҳ қилиш бўйича ташаббусларни амалга ошириш учун малакали кадрлар захирасини шакллантириш, мамлакатнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида стратегик тараққиёт мақсадларига мувофиқ ҳолда сифат жиҳатидан янги давлат фуқаролик хизмати тизимини барпо этиш, мазкур тизим шароитида хизматчиларни саралаш, тайёрлаш ва фаолият самарадорлигини ошириш, касбий компетенцияни ошириш ва хизмат жараёнини амалга оширишда иқтисодий таъсир механизмларини кенг қўллаш, истиқбол мақсадларига кўра, тизим фаолиятини оптимал таъминлаш, фаолиятга замонавий бошқарув усулларини қўллаш каби йўналишлар бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жаҳонда глобаллашув жараёни чуқурлашиши ва сунъий интеллект технологиялари жадал ривожланиб бориши шароитида соҳаларда рақобат даражаси кескин даражада ортиб бормоқда. Рақобатнинг ортиши иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, давлат фуқаролик хизмати хизматчилари фаолиятини замонавий талабларга мувофиқ ҳолда ташкил қилишни тақозо қилади.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш шароитида давлат фуқаролик хизматини самарали ташкил қилиш ва давлат хизматчилари фаолияти натижадорлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг бу борада: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил муҳим аҳамият касб этади. “...Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарур ”.
Бошқача айтганда, давлат хизматига лойиқ ва мос келадиган кадрларни танлаш, замон талаблари асосида уларни тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш мавжуд тизимда ўзгаришларни жорий этишга ёндашув ўз навбатида бугунги кунда дунё мамлакатлари учун давлат хизмати самарадорлигини ўлчаш воситалари ҳисобланган «Ҳукумат самарадорлиги» (Government Effectiveness) рейтингида юқори ўринларни эгаллашга ҳам хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари биз давлат хизматчилари учун “Халқни рози қилиш – барча раҳбарларнинг энг устувор вазифаси” деган бош тамойилни рўёбга чиқаришда бу каби ҳужжатлар дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Акмал Рахманов,
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси,
юридик фанлари номзоди.
ЎзА
- Қўшилди: 24.06.2025
- Кўришлар: 119
- Чоп этиш