Қонун лойиҳасининг асосномасида қайд этилганидек, унинг мақсади болалар ва аёллар ҳаёти ва соғлиғини оғир жиноятлардан, жумладан, номусга тегиш ва қотилликдан ҳимоя қилишни кучайтиришдан иборат.
Қирғизистон президенти маъмурияти ўлим жазосини қайтариш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Қонун лойиҳасининг асосномасида қайд этилганидек, унинг мақсади болалар ва аёллар ҳаёти ва соғлиғини оғир жиноятлардан, жумладан, номусга тегиш ва қотилликдан ҳимоя қилишни кучайтиришдан иборат. Ташаббус муаллифлари мамлакатда бундай жиноятлар сони ортиб бораётгани ва айбдорлар учун «жазонинг аниқ чегараси» зарурлигини таъкидламоқда.
«Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик содир этган ҳар қандай шахс ушбу жамиятдан ташқарида бўлиши ва энг шафқатсиз ва адолатли жазога тортилиши мумкин бўлган аниқ чегарани белгилаш вақти келди», дейилади ҳужжатда.
Қирғизистонда ўлим жазоси мамлакат Конституциясининг 25-моддаси 1-қисмига мувофиқ тақиқланган. Лойиҳа, шунингдек, Қирғизистонни ўлим жазосини тақиқловчи БМТ Иккинчи факултатив протоколига қўшган 2010 йилдаги қонуннинг ўз кучини йўқотишини назарда тутади.
«Ўлим жазоси тақиқланмаган мамлакатларда ўлим жазоси фақат энг оғир жиноятлар учун чиқарилади ва бу ҳукм фақат жиноят содир этилган пайтда амалда бўлган қонунлар асосида чиқарилади. Ушбу қонунлар мазкур пакт ва Геноцид жиноятларининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция қоидаларига зид бўлмаслиги керак. Бундай жазо фақат ваколатли суд томонидан чиқарилган якуний ҳукм ижро этилганда қўлланилади», дейилади тушунтириш хатида.
Октябр ойи бошида Қирғизистон президенти Садир Жапаров қонунчиликка болаларни зўрлаганлик, шунингдек, аёлларни зўрлаб, ўлдирганлик учун ўлим жазосини жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар тайёрлашни буюрган эди.
Бунга Иссиқкўл яқинида 2008 йилда туғилган қизнинг зўрланиши ва ўлдирилиши ҳодисаси сабаб бўлди. Даҳшатли жиноятда гумонланаётган шахс аллақачон қўлга олинган. 4 октябр куни Жапаров ўлим жазоси тўғрисидаги қонун лойиҳаси умумхалқ овозига қўйилиши мумкинлигини айтди.
Қирғизистонда ўлим жазоси 1998 йилда, бундай ҳукмларни ижро этишга мораторий эълон қилингандан сўнг тўхтатилди, аммо судлар узоқ вақт давомида ўлим жазосини қўллашни давом эттирди. Ўлим жазоси 2007 йилда тўлиқ бекор қилинди ва умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилди. Бунгача, 2006 йилда Қирғизистон Конституциясидан олий жазо чораси ҳақидаги эслатма олиб ташланди, 2010 йилда эса мамлакат ўлим жазосини тақиқловчи ва келажакда унга қайтмаслик мажбуриятини юкловчи халқаро протоколни ратификация қилди.
Ўлим жазосини қайтариш учун мамлакатнинг Конституциясига ўзгартиришлар киритиш ва референдум ўтказиш талаб этилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 14.10.2025
- Кўришлар: 52
- Чоп этиш