Қозоғистон Республикаси пойтахтида Остона халқаро форуми – “AIF – 2025” ўз ишини бошлади. Унда 600 га яқин хорижий меҳмонлар, жумладан, етакчи сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар, корпорациялар, сармоядорлар ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
70 дан ортиқ давлатдан келган етакчи ахборот агентликлари, телеканаллар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимлари форум ишини бевосита ёритиб бормоқда.
Форумнинг очилишида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим - Жўмарт Тўқаев нутқ сўзлади. Остона халқаро форуми иштирокчиларини мамнуният билан қутлаган давлат раҳбари бу учрашув дунёда катта ноаниқлик ҳукм сураётган бир пайтда ўтаётганига эътибор қаратди.

“Буни халқаро муносабатларнинг чорраҳаси, ҳал қилувчи палласи, деб таърифлашимиз мумкин. Бироқ, бу хулосани тарихчиларга топшириш керак. Энди бу вазиятга қандай муносабатда бўлишимиз муҳим”, деди Қ.Тўқаев.
Қозоғистон етакчиси ўтган йилги маълумотларга кўра, 52 давлат қуролли тўқнашув ҳолатида бўлганини айтиб ўтди. Зўравонликдан кўрилган иқтисодий йўқотишлар 19 триллион долларга етган. Бу дунё ялпи ички маҳсулотининг тахминан 13,5 фоизини ташкил этади.
– Қозоғистон замонавий нотинч дунёга конструктив ҳамкорлик призмаси орқали қарайди, – деди Президент. – Биз ташқи сиёсатимизда бўлинишдан кўра мулоқот устуворлигига, шунингдек, суверен ҳуқуқларни ҳурмат қилишга таянамиз. Миллий ғурур ва халқларнинг тарихий вa маданий анъаналарини менсимаслик қабул қилиниши мумкин эмас. Шу билан бирга, барча миллий озчиликларнинг ўз тилларида гапириш ва ўз маданиятларини ривожлантириш ҳуқуқини ҳурмат қилиш керак. Шунинг учун биз Қозоғистонда “Турлиликдаги бирлик” тамойилини қатъий ҳимоя қиламиз.
Форумда Руанда Республикаси Президенти Пол Кагаме, Шимолий Македония Президенти Гордана Силяновска-Давкова сўзга чиқди ва улар ҳам ўзаро ҳамкорлик дунё халқлари учун муҳимлигини алоҳида қайд этди.
“AIF - 2025”да ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик, энергия ва иқлим ўзгариши ҳамда иқтисодиёт ва молия каби глобал масалалар чуқур таҳлил қилинади.
Форум ўз ишини давом эттирмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
(Тошкент - Остона)
- Қўшилди: 29.05.2025
- Кўришлар: 350
- Чоп этиш