Ҳужжатга кўра, мигрантлар илова орқали рўйхатдан ўтиши, геолокация кузатуви ёрдамида шахсий маълумотларнинг узатилишига розилик бериши шарт.
Россия Давлат Думаси хорижий фуқароларни мобил илова ёрдамида экспериментал рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
Ҳужжатга кўра, илова орқали мигрантлар рўйхатдан ўтиши, геолокация кузатуви ёрдамида шахсий маълумотларнинг узатилишига розилик бериши, шунингдек, ички ишлар вазирлиги ҳудудий органига ўзининг ҳақиқий манзили ҳақида мунтазам равишда маълумот бериб туриши шарт. Тажриба 2025 йил 1 сентябрдан Москва ва Москва вилоятида бошланади ва тўрт йил давом этади.
Янги қонун, шунингдек, бир ҳудудда патент олган хорижликларга субъектлар ўртасида келишув мавжуд бўлган тақдирда, бошқа вилоят ҳудудида ишлаш имкониятини ҳам назарда тутади. Бундай шартномалар Москва ва Москва вилояти, шунингдек, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти ҳокимиятлари томонидан тузилиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, иш берувчилар, агар у Россия Федерациясининг иккита таъсис субъектида ишлаётган бўлса, чет эл фуқаросининг иш жойидаги Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органини хабардор қилиши шарт.
Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин таъкидлаганидек, мигрантлар учун яшаш жойи бўйича мажбурий рўйхатдан ўтиш, бармоқ излари, биометрик суратга олиш ва мобил қурилмаларнинг геолокацияси мониторинги жорий этилмоқда. Бу чоралар Беларус дипломатлари ва фуқароларига тааллуқли эмас. Агар тажриба муваффақиятли амалга оширилса, унинг таъсири Россиянинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалиши мумкин.
Kun.uz
Kun.uz
- Қўшилди: 22.05.2025
- Кўришлар: 289
- Чоп этиш