Давлатимиз раҳбари куни кеча “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди:
– Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясининг қабул қилингани жамият ҳаётининг барча жабҳаларини янада демократлаштириш ва модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг дебочаси бўлди. Жумладан, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли таъминлаш борасидаги бир қатор ҳуқуқий нормалар Янги Конституцияда ўз ифодасини топди.
Маълумки, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш, адолатни юзага чиқаришда судларнинг ўрни жуда муҳим. Шу маънода, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий тизимни тубдан такомиллаштириш ва суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ва муҳим аҳамиятга эга бўлган ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар суд ишларини такомиллаштириш, суд қарорларининг шаффофлиги ва холислигини ошириш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олади.
Янги қонун ана шу тизимли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Қонун орқали мамлакатимиз суд тизимига доир бир қанча ҳуқуқий нормалар киритилиб, мавжуд қонун ҳужжатларини янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг айбсизлик презумпцияси нормаси янги талқинда баён этилиб, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи сўзлари қаторига “маҳкум” сўзи қўшилди. Шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Шу билан бирга, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас.
Қонун билан ҳар бир фуқарога суд жараёнида ҳимояланиш ҳуқуқи берилиб, уни таъминлаш учун барча имкониятлар таъминланади.
Энг асосийси, суд жараёнида иштирок этаётган гувоҳ ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатув бермаслик ҳуқуқи жорий этилди.
“Судлар тўғрисида”ги қонунга ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятидан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақиллиги янада мустаҳкамланди.
Судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилади. Судья ваколатига ва одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда уларнинг ҳисобдор эмаслиги белгиланди.
Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар билан чегараланди.
Шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган имкониятини янада кенгайтириш ва мавжуд қонун ҳужжатларини янги Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча айбдор деб саналиши қатъиян ман этилди.
Шу билан бирга, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги ва бундай ҳаракатларга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши ҳамда шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Конституциянинг 140-моддасида судларнинг фаолиятини молиялаштириш фақат Давлат бюджетидан амалга оширилиши ҳамда у одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлаши кераклиги мустаҳкамланиб қўйилган.
Мазкур қонун билан судларнинг фаолиятини молиялаштириш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ҳамда одил судловни тўлиқ ва мустақил равишда амалга ошириш имконияти таъминлаши кераклиги белгиланди.
Қонун билан “Судлар тўғрисида”ги қонун нормалари янгиланган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳамда конституциявий устуворликни қарор топтириш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Буларнинг барчаси суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамланишига, судьяликнинг кафолатлари янада кучайтирилишига, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 10.06.2025
- Кўришлар: 278
- Чоп этиш