Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида яқинда Олий суд пленумининг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов янги пленум қарори ҳақида маълумот берди:
– Пленум қарорига биноан амалдаги 136 қарордан 55 тасига 147 ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳуқуқий янгиланишлар амалиётда йўл қўйилиши эҳтимоли бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, айрим ноаниқ ҳолатлар юзасидан тушунтириш бериш, судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона амалиёт яратишга қаратилган.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонуннинг 12 ва 28-моддаларига асосан, Болалар омбудсмани боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.
Шундан келиб чиқиб, Олий суд пленумининг 1993 йил 16 апрелдаги “Судлар томонидан мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланиши тўғрисида”ги қарори 5-банди иккинчи хатбошисига вояга етмаган фарзандларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида даъволарни киритиш ваколатига эга бўлган шахслар қаторига ота-онаси, васий (ҳомий) ва прокурор билан биргаликда Болалар омбудсмани ҳам киритилди.
Фуқаролик процессуал кодексининг 67-моддасида шартнома бўйича ихтиёрий вакил бўла олиши мумкин бўлган шахслар тоифасида юридик шахсларнинг ходимлари ва нотижорат ташкилотлар ваколатли вакиллари кўрсатилган. Бироқ тегишли пленум қарорида ушбу шахслар томонидан қандай қўшимча ҳужжат тақдим қилиниши лозимлиги келтирилмаган. Шу боис, мазкур банд ушбу шахслар ишонч билдирган ташкилотда ишлашини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилиши лозимлиги ҳақидаги тушунтириш билан тўлдирилди.
Олий суд пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги “Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарори 22-банди иккинчи хатбошисида фарзандликка олинаётган боланинг вафот этган отаси ёки онаси қариндошларига нисбатан ҳуқуқлари сақланиб қолинган ҳолларда ота-онанинг алимент тўлаш мажбуриятлари тугатилмаслиги ва алимент миқдорини ўзгартириш, уни тўлашдан озод қилиш масалалари даъво иши юритиши тартибида ҳал этилиши лозимлиги ҳақидаги тушунтиришлар Фуқаролик кодекси ва “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга зид бўлганлиги сабабли чиқариб ташланди.
Чунки ушбу қонун нормаларида шахснинг вафоти билан унинг алимент тўлаш мажбурияти тугатилиши назарда тутилган.
Маълумки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 20-моддаси 1-қисмида ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори юқори инстанция суди томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмаслиги, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно эканлиги белгиланган.
Олий суд пленумининг 2018 йил 19 майдаги “Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори, процессуал кодекснинг ушбу моддасида назарда тутилган қоидалар ариза (шикоят)ни қабул қилишни рад этиш, қайтариш, кўрмасдан қолдириш ёки иш юритишдан тугатиш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларга ҳам нисбатан татбиқ этилмаслиги ҳақидаги тушунтиришлар билан тўлдирилди.
Президентнинг 2024 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб, тарафлар келишув битими тузганлиги натижасида иш юритиш тугатилганда, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга биринчи инстанция судида тўланган давлат божининг 70 фоизи, апелляция ва кассация инстанцияси судларида эса, тўланган давлат божининг 30 фоизи миқдорида давлат божини қайтариш тартиби жорий этилди.
Ушбу тартибни қўллашга оид тушунтириш ҳисобига Олий хўжалик суди пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги қарори 17-банди иккинчи хатбоши билан тўлдирилди.
2023 йил 27 сентябрдаги қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддаси биринчи қисми 9-банди янги таҳрирда берилиб, ишни апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари суд мажлисида кўришда ҳимоячи иштироки шарт эканлиги белгиланган. Олий суд пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қароридаги ишни ушбу инстанция судида маҳкум ҳимоячидан воз кечган ҳолларда, башарти воз кечиш суд томонидан қонунда назарда тутилган қоидаларга риоя этилган ҳолда қабул қилинган бўлса, ҳимоячи иштирокисиз кўришга йўл қўйилиши ҳақидаги тушунтириш чиқариб ташланди.
Пленум қарорларига киритилган шу каби ўзгартишлар келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, моддий ва процессуал қонун нормаларини тўғри қўллашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 28.05.2025
- Кўришлар: 206
- Чоп этиш