Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали мактабгача таълим муассасаларида содир бўлаётган оғриқли воқеалар жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Эътиборсизлик, назоратсизлик, энг ачинарлиси, тарбиячиларнинг болаларга нисбатан кўрсатаётган жисмоний ва руҳий зўравонлиги оқибатида ёш болаларнинг ўлим ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.
Шундай ҳолатлар юзасидан Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати, эндокринолог Феруза Икромова ўзининг фикрлари билан ўртоқлашди.
– Ҳар бир ота-она фарзандини болалар боғчасига ишонч билан олиб боради. Бу жой уларнинг назарида бола тарбияланадиган, ривожланадиган, ижтимоий ҳаётга илк қадамини қўядиган муқаддас макон бўлиши керак. Аммо, кўплаб ҳолатлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим боғчалар болалар ҳаёти учун хавфли жойга айланмоқда, – дейди шифокор Феруза Икромова.
Сўнгги йилларда боғчаларда содир бўлган болаларнинг йиқилиши, урилиши, бўғилиши, озиқланишдан заҳарланиши ёки энг оғири, тарбиячи томонидан куч ишлатиш натижасида вафот этгани тўғрисидаги хабарлар кўпаймоқда. Бу ҳолатларнинг барчаси муассасалардаги назоратсизлик, бефарқлик, масъулиятсизлик ва тажрибасизлик натижасидир.
Тарбиячи болалар ҳаётида энг муҳим шахслардан бири бўлиши керак. У бола учун меҳр, сабр, тинчлик, ишонч тимсолидир. Аммо, айрим ҳолларда айнан шу ишонч суиистеъмол қилинмоқда.
Болани қўрқитиш, таҳқирлаш, уриш, едирмаслик, узоқ вақт ҳожатхонага чиқармаслик ёки ётишга мажбурлаш – бу оддий педагогик муаммо эмас. Бу зўравонликдир. Бу бола руҳиятини издан чиқарувчи, баъзида эса жисмоний ҳалокатга олиб келувчи жиноий ҳаракатдир.
Тана кўкаришидан кўра юракдаги кўкариш оғирроқ бўлади. Тарбиячининг болага нисбатан, “Сендан одам чиқмайди!”, “Онанг келганда айтаман!”, “Нега бундай тентаксан?”, “Сенга овқат йўқ!”, каби таҳқирли сўзлар унинг руҳиятида абадий из қолдиради. Бу эса, болада қўрқув, ишончсизлик, ўзини камситилган ҳис қилиш, жисмоний безовталик каби салбий оқибатларни туғдиради.
Қаерда хатолик қилиняпти деган савол туғилади? Кадрлар танловининг сустлиги. Тарбиячи сифатида ишга қабул қилинаётган шахсларнинг психологик ҳолати, меҳрга қанчалик эга экани, болалар билан ишлашга лойиқлиги чуқур ўрганилмаяпти.
Шунингдек, аксар боғчаларда назорат камераси мавжуд, бироқ у фақат қоғозда ишлайди. Камера бор, аммо, жавобгар йўқ. Жамоатчилик кенгашлари, ота-оналар қўмитаси фаол эмас. Текширувлар олдиндан келишилган, сунъий ва самарасиз. Кўплаб ота-оналар шикоят қилишга журъат этолмайди. Сабаби – боланинг эртага яна ўша тарбиячига топширилиши. Баъзи ҳолларда тарбиячи зўравонлиги учун огоҳлантириш ёки ишдан бўшатиш билан чекланилади.
Бундай ҳолларда энг аввало, тарбиячиларни танлашда психологик тестлар, эмоционал барқарорлик баҳоси мажбурий бўлиши лозим. Ҳар бир ҳолат бўйича очиқ, шаффоф тергов ва жамоатчилик иштирокида таҳлил қилиниши шарт. Боғчаларда ҳақиқий ва доимий видеоназорат тизими жорий қилиниши, ёзувлар архивда сақланиши керак. Ота-оналар ва фуқаролик жамияти вакиллари қатнашадиган жамоатчилик кенгашлари фаолияти кучайтирилиши зарур. Зўравонлик ҳолатлари жиноят деб баҳоланиб, тегишли жазо чораси қатъий қўлланилиши шарт.
Боғчада бола ўлиши – бу таълимдаги муаммо эмас. Бу инсонийликдаги, тизимдаги, ахлоқдаги ҳалокатдир. Боланинг ҳаёти биз учун энг муқаддас бўлиши керак. Фарзандларимиз боғчага соғлом, хавфсиз ва бахтли бориб, соғлом, бахтли ва ривожланган ҳолда қайтиши керак.
Бу бизнинг фуқаролик бурчимиз, ота-оналик масъулиятимиз, давлатнинг конституцион мажбуриятидир. Фарзандларимизни ҳимоя қилайлик, эртанги кунни асрайлик.
ЎзА мухбири Зариф Комилов ёзиб олди.
- Қўшилди: 21.07.2025
- Кўришлар: 443
- Чоп этиш