БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси
қабул қилинганлигининг 30 йиллигига
Мурғак гўдакни суюб-эркалаб кўкка отсангиз, у қўрқмайди, аксинча, шодон қийқириб, сизни ҳам қувончига шерик қилади. У билади: ишончли қўллар йиқилишига асло йўл қўймайди. Бу – буюк ишонч! Ана шу ишончнинг ҳеч қачон сўнмаслиги сизу бизга, бутун инсониятга улкан масъулият юклайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг ХХI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.
Бу ҳақда фикр юритганда, халқаро ҳуқуқнинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан камолотга етмаган, жумладан, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож болаларнинг ҳуқуқ, имтиёз ва кафолатларини қамраб олувчи «бола ҳуқуқлари» деган соҳаси мавжудлигини таъкидлаш лозим. Инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми саналувчи ушбу алоҳида соҳа ўзига хос тараққиёт йўлини босиб ўтди.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашни назарда тутувчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатининг бошида, шубҳасиз, 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси туради. Бинобарин, ушбу Декларация «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар» деган улуғвор эътироф билан бошланиши бежиз эмас.
Ўз навбатида, 1959 йилда Бола ҳуқуқлари декларациясини қабул қилиш орқали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун инсониятни, ота-оналар, давлатлар ҳукуматларини болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тан олишга, уларга риоя қилишга чақирди. Тавсия мазмунидаги ушбу Декларация бола ҳуқуқлари соҳасида улкан ўзгаришлар даврини бошлаб берди.
Шу маънода, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқларига доир биринчи ва асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатдтир. Бу Конвенция БМТ томонидан 1989 йил 20 ноябрида қабул қилинган. Дунёдаги 196 та давлат, шу жумладан, БМТ аъзоси бўлмаган Ватикан каби давлатлар ҳам мазкур Конвенция иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжат мамлакатимиз учун 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.
Айни пайтда бутун дунёда, жумладан, мамлакатимизда ҳам қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланаётган мазкур Конвенция бола ҳуқуқларининг халқаро миқёсда ҳимоя қилиш йўлида муносиб хизмат қилиб келмоқда.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бола ҳуқуқларига доир миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг мукаммал андозаси саналади. Конвенция мамлакатимизда болалар ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликнинг мустаҳкам базасини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Конвенция қоида ва нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, шу орқали унинг талабларинини янада кенг рўёбга чиқариш мақсадида 2008 йили Ўзбекистон Республикасининг «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
Айни чоғда мамлакатимиз болалар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилган. БМТнинг Балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидалари (Пекин қоидалари, 1985 йил) ҳамда Вояга етмаганлар ўртасида жиноятларнинг олдини олиш учун бош тамойиллари (Ар-Риёд бош тамойиллари, 1990 йил) шулар жумласидандир.
Дунёнинг турли ҳудудларида сиёсий танглик, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик узоқ вақтлардан бери давом этаётган бир вазиятда у ердаги болаларнинг тақдири, келажаги ҳақида чуқурроқ ўйлаб, ўзимизга тасаввур қилиб кўрадиган бўлсак, жаҳонда бола ҳуқуқлари ҳимояси масаласи қанчалик долзарб экани яна бир бор аён бўлади.
ЮНИСЕФ маълумотига кўра, ҳозир кўплаб болалар жисмоний ва руҳий тазйиқ одатга айланган оилаларда истиқомат қилишади. Бундан ташқари, ҳар ўнинчи бола катталарнинг бешафқатлиги қурбонига айланмоқда.
Одатда ҳимояга, ёрдамга ёки алоҳида ғамхўрликка муҳтож ана шу табақа вакиллари ҳаётини ташвишлардан ҳоли этиш, улар осмонини қора булутлардан тозалаш ҳар доим ҳам муқаддас бурч бўлиб келган. БМТнинг халқаро болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар навқирон авлод турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларни турли офатлардан асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда.
Жаҳон ҳамжамиятининг қашшоқлик ва очликни тугатиш, саводсизликка барҳам бериш, қочоқлар муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари биринчи галда болалар тўғрисидаги ғамхўрлик ифодаси, албатта. Зеро, юқорида тилга олинган иллатлар, аввало, жаҳон болаларининг ҳаётини издан чиқармоқда.
ХХ аср саҳнасида юз берган ҳар икки жаҳон уруши, она заминимизда бўлиб ўтган ва ҳозир ҳам давом этаётган кўп сонли урушлар ва ҳарбий тўқнашувлардан аввало болалар жабр кўрмоқда. Охирги ярим аср мобайнида халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор конвенциялар қабул қилинди.
Шунга қарамай, ҳимоясиз болалар ва аёлларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш, уларни зўрлаш, қийнаш ва ўлдириш, аксарият ҳолларда ёш болаларни урушга ёллашдек оғир иллатларга ҳар қадамда дуч келинмоқда. Ҳозирги кунда ҳам дунёнинг қатор ҳудудларида сайёрамиз ҳаётига хавф солаётган маҳаллий ва этник урушлар, миллий низолар давом этаётгани афсусланарлидир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июлдаги қарорига асосан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди. Тадбирлар дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бажариш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Тадбирлар дастури Ўзбекистонда таълимнинг барча босқичларида бола ҳуқуқлари соҳасидаги таълим фаолияти самарадорлигини ошириш; инновацион технологияларни ҳисобга олган ҳолда, бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш усуллари ва шаклларини такомиллаштириш; бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари бўйича миллий ва халқаро ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш; БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини амалга оширишга бағишланган адабиётлар ва бошқа материалларни тайёрлаш ва чоп этиш каби йўналишларда 19 та амалий чора-тадбир белгиланган. Ҳозирги кунга келиб уларнинг аксарияти бажарилди.
Биргина мисол: Тадбирлар дастурининг 3-бандида мамлакатнинг барча мактабларида, лицейларида, коллежларида, олий таълим муассасаларида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган умуммиллий дарс ўтказиш вазифаси белгиланган. Марказимиз масъул ходимлари ҳам ушбу тадбирга фаол иштирок этиш учун ҳозирлик кўрмоқдалар.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг замон билан ҳамнафас ўсиб-улғаяётган ёшларга қарата: “Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан” деган сўзлари ғоят долзарб ва аҳамиятлидир.
Севара Абзалхўжаева,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
халқаро ҳамкорлик бўлими мутахассиси
- Қўшилди: 19.11.2019
- Кўришлар: 5816
- Чоп этиш