Тинчлик ва тотувликни таъминлаш долзарб масала

Тошкентда бўлиб ўтган “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форумида жамиятда тинчлик, тотувлик ва барқарорликни сақлашда турли динлар ва маданиятлар ўртасидаги конструктив мулоқотни ривожлантириш энг муҳим асос эканлиги алоҳида таъкидланди.

Шу асосда форум иштирокчилари қадимдан турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келаётган Самарқанд шаҳрига саёҳат қилди.

Меҳмонлар Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан кутиб олинди.  

Шундан сўнг, форум иштирокчилари аждодларимизнинг бой маданий мероси — Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси ҳамда улуғ муҳаддис Имом Бухорий қадамжосида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

- Бетакрор ва бебаҳо Ўзбекистон заминида бўлиш катта бахт, - дейди форум иштирокчиси, Покистон Ислом мафкураси кенгаши собиқ раиси Қибла Аяз. – Чунки, бу замин дунё илм-фани устунлари, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган уламоларни вояга етказган. Уларнинг муборак қадамжолари ҳам шу тупроқда. Тошкентда бўлиб ўтган форум доирасида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, динлараро тотувлик, бағрикенглик тамойилларни қарор топтириш борасида дунё олимлари, уламолар билан фикр алмашдик. Хусусан, АҚШ, Малайзия, Туркия, Покистон ва бошқа давлатларнинг кўзга кўринган олимлари, диний конфессиялар вакиллари билан ҳамкорликда дунёда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик, дўстона алоқаларни мустаҳкалашда муҳим аҳамиятга эга бўлган жиҳатлар ҳақида фикрлашиб, келгусида амал қилиниши лозим бўлган тартиб-таомилларни муҳокама қилдик. 

Бугун Ўзбекистонда турли этник гуруҳлар, динлар, конфессиялар бир хилда, ҳеч қандай тўсиқларсиз бир оиладек ҳаёт кечириб келаётганлиги айни йўналишдаги ислоҳотлар тўғри йўлда эканлигидан далолат бериши форум иштирокчилари томонидан якдил эътироф этилиб, Ўзбекистон моделига юксак баҳо берилди. Демак, бу моделни бошқа давлатлар ҳам ўрганиб, ўзлаштиришса мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, жараёнда Ўзбекистон ҳукуматининг одилона сиёсати, қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга ошираётган ислоҳотларини эътироф этиш зарур.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech