Тошга муҳрланган жумбоқ: Амир Темур битигини ўқишдаги тарихий англашилмовчилик
Ўтмиш воқеаларини синчиклаб ўрганиш жараёнида гоҳида ҳайратланарли жиҳатлар юзага чиқади. Баъзан кичик бир матнни ўқишдаги хатолик бутун бошли тарихий манзарани ўзгартириб юбориши мумкин. Амир Темур буйруғи билан қояга ўйилган машҳур битик бунга ёрқин ва ҳаётий мисол бўла олади. Бу битик матни кўплаб илмий китобларга нотўғри шаклда кириб келган. Кўпчилик бу шиорни “Бизким, мулки Турон, амири Туркистонмиз” тарзида ёддан билади. Ҳатто унга “Бизким, миллатларнинг энг қадими ва улуғи туркнинг бош бўғинимиз!” қабилидаги сўзлар қўшиб айтилади. Аслида эса қудратли давлат асосчиси бўлган буюк саркарда ўзини ҳеч қачон ҳудуднинг “мулки” деб атамайди. Бу мантиқан нотўғри ва асоссиз хулосадир. Кимдир бу битикни қачонлардир янглиш ўқиган, бошқалар эса уни кўр-кўрона такрорлаган.
Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, бу хатоликнинг асл илдизини тушуниш учун аввало сўзнинг лексик маъносига эътибор қаратиш лозим. “Мулк” сўзи аслида бировга тегишли бўлган буюм ёки тобе ҳудуд маъноларини билдиради. Энди мазкур иборани бошқа тилга, масалан, рус тилига ўгириб кўрамиз. Таржима жараёнида бу жумла “Мы – имущество Турана” деган мутлақо маънисиз шаклга кириб қолади. Амир Темурдек буюк давлат арбоби ўзини Туроннинг тобе мулки даражасига тушириши ақлга сиғмайди. Ўзбек тилида бу сўз қулоққа бироз жарангдор туюлгани учун одамлар унга шубҳа қилмаган. Аслида эса бу янглиш сўз орқасида бутунлай бошқа маъно яширинган.
Жумбоқнинг пайдо бўлиш сабаби қадимги араб имлосининг ўзига хос қоидаларига бевосита боғлиқдир. Араб ёзувида унли товушлар аксарият ҳолларда алоҳида ёзилмайди ёки умуман белгиланмайди. Масалан, мулк, малик ва малак сўзлари тарихий қоғозларда бир хил шаклда акс этади. Улар фақат учта ундош ҳарф – мим, лом ва коф орқали ёнма-ён битилади. Бундай мураккаб шароитда сўзни тўғри ўқиш асосий матннинг умумий мазмунига боғлиқ бўлади. Тарихчи уларни ўша даврдаги сиёсий ҳолатга қараб тўғри талқин қилиши керак. Аввалги баъзи тадқиқотчилар қоядаги сўзни юзаки ўқиб, уни “мулк” деб қабул қилишган. Бу хатолик кейинчалик бутун бошли нашрларга ва ўқув адабиётларига осонгина кўчиб ўтган. Натижада, миллат тарихидаги муҳим ва бебаҳо битик нотўғри талқин қилинган.
Тарихчи ва шарқшунос олим Н.Тошов бу масалада ўзининг қатъий хулосасини баён қилган. Олимнинг теран ва асосли таҳлилига кўра, қоядаги битикда келган сўз албатта “малик” тарзида ўқилиши лозим. “Малик” сўзи манбаларда ҳукмдор, подшоҳ ва юртнинг мутлақ эгаси деган маъноларни англатган. Шунда буюк бобомизнинг тарихий хитоби “Бизким, малики Турон, амири Туркистонмиз” шаклида тўғри жаранглайди. Яъни, Соҳибқирон ўзини Туроннинг ҳукмдори ва Туркистоннинг амири сифатида бутун оламга таништирмоқда. Бу топилма орқали нафақат оддий лингвистик хато тузатилди, балки тарихий мантиқ тикланди. Мустақил давлат эгаси бўлган қудратли шахс ўзини малик ёки ҳукмдор деб аташи табиийдир.
Шу ўринда зукко ўқувчида ҳақли бир савол туғилади. Нима учун Амир Темур ўзига нисбатан бироз содда ва қуйи унвонларни танлаган? Ўрта асрлар мусулмон дунёси ҳукмдорлари иерархиясида мартабаларнинг қатъий белгиланган тартиби мавжуд бўлган. Бу тартибда султон, хоқон, шаҳаншоҳ ва хон каби унвонлар энг юқори поғонани эгаллаган. “Малик” ва “амир”унвонлари эса ушбу юксак мартабаларга нисбатан анча қуйи поғонада турган. Буюк саркарда ўзига шундай камтарона унвонларни қабул қилганининг сабаби тарихчиларга яхши маълум. У марказий ҳокимиятни мустаҳкамласа-да, расмий унвонлар масаласида ўша давр қоидаларига моҳирлик билан риоя қилган. Амир Темур олий ҳокимият тепасида номигагина бўлса-да Чингизхон авлодларини ушлаб туришни тўғри деб билган. Унинг ўзи эса давлатни амир ва малик мақомида туриб, аммо мутлақ қудрат билан бошқарган.
Бундай чуқур ўйланган ва пухта ишланган сиёсат унинг теран тафаккур эгаси эканлигини яққол исботлайди. Улуғ аждодимиз баланд жарангловчи унвонларга эмас, балки ҳақиқий ҳокимиятга, элатлар тотувлиги ва давлат бошқарувига асосий эътиборни қаратган. Тошга битилган биргина сўзни тўғри ўқиш орқали биз буюк саркарданинг ҳақиқий сиёсий қиёфасини равшанроқ кўрамиз. Миллий давлатчилигимиз тарихини теран мушоҳада қилишда ҳар бир ёзма манба ва тарихий ҳужжат беқиёс аҳамият касб этади. Тарихий ҳақиқатни тиклаш ўтмишга бўлган соғлом муносабатни ва келажак авлод олдидаги улкан масъулиятни билдиради. Аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни холис англаш миллатнинг ўзлигини танишида энг мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Бу муҳим илмий топилма орқали биз яна бир бор шонли ўтмишимизнинг асл илдизларига гувоҳ бўламиз.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский