Трамп ижтимоий тармоқлардан шаҳвоний-дипфейк тасвирларни ўчиришни талаб қилувчи қонунни имзолади

Янги қонунга кўра, шахснинг розилигисиз шаҳвоний тасвир яратган ва тарқатганлар уч йилгача қамоқ жазосини олади.

АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий медиа компанияларидан одамларнинг ҳақиқий ёки сунъий интеллект томонидан яратилган очиқ-ойдин шаҳвоний тасвирларини ўчириб ташлашни талаб қилувчи қонун лойиҳасини имзолади, деб хабар берди Bloomberg.

«Сунъий интеллект ёрдамида тасвирлар яратишнинг ривожланиши билан сон-саноқсиз аёллар дипфейк ва бошқа шаҳвоний тасвирлар ёрдамида таъқиб қилинди. Бу жуда нотўғри», деди Трамп.

 «Take It Down Act» деб номланувчи янги қонунга кўра, шахснинг розилигисиз шаҳвоний тасвир яратган ва тарқатганлар уч йилгача қамоқ жазосини олади. Бундан ташқари, қонун талабига биноан бундай тасвирларни зудлик билан олиб ташламаган онлайн платформалар жавобгарликка тортилади. Ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтлар жабрланувчининг сўровидан кейин 48 соат ичида бундай контентни ўчириб ташлаши шарт.

Ҳужжатни имзолаш маросимида қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган биринчи хоним Мелания Трамп иштирок этди.

«Ушбу қонун ота-оналар ва оилаларга ўз фарзандларини онлайн эксплуатациядан ҳимоя қилишга ёрдам берадиган ғалабадир», деди у.

Қонун лойиҳаси республикачилар ва демократлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди, бу Конгресснинг онлайн контентни тартибга солиш бўйича қонунларни маъқуллашининг камдан-кам намунасидир.

Йирик технология компаниялари, жумладан, Facebook ва Instagram эгаси Meta ва Google қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Имзолаш маросимида Х компаниясининг бош директори Линда Яккарино иштирок этди. Қонун танқидчилари уни сўз эркинлигига таҳдид солиши мумкинлигидан хавотир билдирди, бироқ тарафдорлар бу қонун АҚШ Конституцияси томонидан кафолатланган ҳуқуқларни ҳурмат қилиш учун ёзилганини айтди. Трамп «Интернетда ҳеч ким мендан ҳам ёмонроқ муносабатга учрамаган» деди ва қонунни ижро этишга ваъда берди.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech