Маълумки, 6-7 октябрь кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) давлат раҳбарлари кенгашининг “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусидаги XII саммити бўлиб ўтади. Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.
Мазкур саммит кун тартибида минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туркий дунёда тинчлик ва фаровонликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши кутиляпти.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети кафедра мудири, профессор Жасурбек Отаниёзов мавзу юзасидан ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистон ташқи сиёсатда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш баробарида халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида кўп томонлама дипломатия воситаларидан ҳам самарали фойдаланмоқда. Натижада мамлакатимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, ТДТ каби халқаро тузилмалар доирасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кучайтириш, инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий-гуманитар ва илмий-техникавий алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий ва халқаро даражадаги транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш каби муҳим йўналишларда илгари сураётган ташаббус ҳамда таклифлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Қайд этиш жоиз, жаҳон иқтисодиётида юз бераётган глобаллашув шароитида Ўзбекистоннинг қўшни ҳамда ҳамкор давлатлар билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада фаоллаштириш нафақат бугун, балки истиқболдаги тараққиётда ҳам долзарб аҳамият касб этади. Айни жараённи фаоллаштиришда ТДТ муҳим ўрин тутмоқда.
Иштирокчи давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо, инвестиция, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технология, транспорт ва коммуникация, таълим ва маданият каби соҳаларда кўп қиррали муносабатни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ташкилотнинг асосий мақсади этиб белгиланган.
Ҳозир тузилмага Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши товар, капитал, хизмат ва технология эркин ҳаракатланишини изчил рўёбга чиқариш, молия ва банк амалиётини соддалаштириш мақсадида савдо-сотиқ ва инвестиция учун қулай шарт-шароит яратиш, божхона ва транзит тартиб-таомилини янада соддалаштиришга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг аъзо давлатлар ҳамкорлигини кучайтиришда долзарб аҳамият касб этган 80 га яқин таклифи алоҳида инобатга олинган. Мазкур ташаббуслар ҳаётга татбиқ қилиниши ижобий натижалар бермоқда.
Бугунги кунда ТДТ майдонида умумий аҳоли сони 175 миллиондан ошиб, дунё нуфусининг 2 фоиздан кўпини ташкил этган. Айни омил республикамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун истиқболли бозор ҳисобланади. Мамлакатларимиз товар айланмаси 2022 йилдаги 30,9 миллиард доллардан 2024 йил якунида 45 миллиард долларга кўтарилди. Туркий давлатларнинг дунё билан умумий савдоси қиймати эса қарийб 1,3 триллион долларга етди. Фақат сўнгги тўрт йил ичида умумий ялпи ички маҳсулот 20 фоиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция эса 22 фоиз ўсди.
Эътиборли жиҳати, мамлакатимизнинг ташкилот доирасидаги иштироки маданий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик янги даражага чиқишига хизмат қилмоқда. Охирги уч йил савдо айланмаси барқарор суръатда ошиб, мингдан ортиқ қўшма корхона ташкил қилингани бунинг яққол исботи.
Мамлакатимиз ташқи савдосининг сезиларли қисми айнан ТДТ билан боғлиқ. Яна рақамларга мурожаат қиламиз: ўтган йил якунида мамлакатимиз жами ташқи савдо айланмасининг қарийб 14 фоизи айнан ташкилот таркибига кирувчи давлатлар ҳиссасига тўғри келган. Сўнгги саккиз йил давомида товар айланмаси қарийб уч баробар ошган.
Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимиз экспорт географияси ва ташқи савдо муносабати кўламини асосий ҳамкорлар – ТДТ мамлакатлари ҳисобига янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.
Ташкилот доирасида сармоявий муносабатлар ҳам ижобий тенденция қайд этмоқда. Жумладан, 2017-2024 йиллар давомида ТДТ мамлакатлари Ўзбекистонга йўналтирган инвестиция 7,5 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 4,5 баробар кўпайиб, 2024 йил якунида 3 600 га етди. Хорижий инвестиция қурилиш, енгил саноат, логистика каби йўналишларларга кўпроқ йўналтирилган.
Қўшма лойиҳалар илгари суриш, инфратузилмани такомиллаштириш ва бошқа муҳим чоралар амалга оширишда 2021 йил 8-саммитда қабул қилинган “Турк дунёси нигоҳи-2040” стратегик ҳужжати муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда ТДТ мамлакатлари транспорт инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш, транзит хизматини яхшилаш, логистика ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Масалан, ўтган йил ТДТ шафелигида Логистика марказлари ва юк ташувчилар альянси ташкил этилди.
Кўплаб саммитлар натижаси ўлароқ, ҳозирги кунда Ўзбекистон илгари сурган ташаббусларнинг салмоқли қисми декларатив даражадан амалий ижро босқичига ўтди. Бу борада Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини алоҳида таъкидлаш зарур. Мазкур ҳужжатга доир қарор 2022 йил Самарқанд саммитида қабул қилинган. Орадан бир йил ўтиб, Анқарада ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилган ва 2024 йил бошида кучга кирган. 2025 йил февраль ойида Озарбайжонда ўтказилган ТДТ Бизнес-форумида Жамғарма устав капитали 600 миллион долларга етказилди. Хусусан, Ўзбекистон 100 миллион доллар сармоя киритди. Шу орқали ҳудудда кичик ва ўрта бизнес, шунингдек инфратузилма ва савдо лойиҳалари молиялаштирилишини кенгайтириш кўзда тутилган. Айни пайт жамғарма томонидан кўплаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хулоса қилиш мумкинки, ТДТ аъзо мамлакатларни самарали бирлаштирган, кўплаб соҳаларда тараққиёт истиқболига эга минтақавий ташкилотга айланди. Фаолиятининг ҳозирги босқичи ташкилотнинг долзарблиги, шунингдек умумий иқтисодий ва ижтимоий-маданий салоҳиятини ошириш қобилиятини кўрсатмоқда. Тузилма доирасида ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни кенгайтириш, аъзо давлатларнинг қулай инвестиция ва ишбилармонлик имкониятидан тўлақонли фойдаланиш, савдо-иқтисодий фаолиятни ривожлантириш истиқболда мамлакатларимиз иқтисодий ўсиш суръатини барқарорлаштиради, умумий тараққиётни рағбатлантиради.
Гўзал Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 06.10.2025
- Кўришлар: 98
- Чоп этиш